Сардобадаги масжидлар “Вақф“ фонди маблағи ҳисобига таъмирланади
Сардоба туманидаги сув тошқинидан зарар кўрган “Алишер Навоий” ва “Юсуф” жоме масжидлари “Вақф хайрия фонди маблағлари ҳисобига таъмирланади. Бу ҳақда фонд ўзининг расмий сайтида маълум қилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 13 май куни “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари Сирдарё вилоятига яна бир бор ташриф буюрган. Улар тошқин оқибатида зарар кўрган Сардоба туманидаги “Алишер Навоий” ва “Юсуф” жоме масжидлари ҳолати билан танишган. Ўрганиш натижасига кўра, ушбу масжидларга тошқин оқибатида жиддий талафот етганлиги аниқланган.
“Масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш — “Вақф” хайрия жамоат фондининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Шунга мувофиқ Фонд табиий офат оқибатида зарар кўрган “Алишер Навоий” масжидини тубдан қайта қуриш ҳамда “Юсуф” жоме масжиди биноларини капитал таъмирдан чиқариш ташаббусини илгари сурди“, дейилади фонд хабарида.
Фонд саховатпеша ватандошларни масжидни қуришдек хайрли ишда ҳамкорлик қилишга чорлаган ва қуйидаги ҳадисни келтириб ўтган:
“Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради”.