Сардобадаги тошқинда Миллий гвардиянинг бир ходими вафот этди, иккинчиси қидирилмоқда

Жорий йилнинг 1 май куни эрта тонгда Сирдарё вилояти ҳудудида жойлашган "Сардоба" сув омборида юз берган фавқулодда ҳолатнинг илк соатларида, тезкор гуруҳ таркибида эвакуация қутқарув ишларида иштирок этган Миллий гвардиянинг 2 нафар ходими кучли оқим сабаб оқиб кетган.

Оқибатда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, сержант Суяров Хусниддин Зокирович табиий офатга қарши курашиш жараёнида ҳалок бўлган.

Миллий гвардия матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда иккинчи ходимни қидириш ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги ва шахсий таркиби номидан мардлик намунасини кўрсатиб, ўз хизмат бурчига сўнгги нафасигача содиқ қолган сержант Суяровнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.