Сайёҳнинг соч-соқолини олган сартарош
Сиз шунақасини кўрганмисиз? Бундай уста йўқлиги аниқ. Негалигига қизиққанмисиз? Ваҳоланки, бу хизмат хорижий давлатлардагидан кўра бизда жудаям арзон. Аммо...
Соҳадаги муаммоларни бирма-бир санаймиз. Кўпчилик бунга эътибор қилмаган, лекин барча маиший хизмат шохобчаларида, жумладан, сартарошхоналарда ҳам нарх-наво кўрсатилган бўлиши керак. Маълумотларга кўра, сайёҳлар аксарият ҳолларда юртимиздаги маиший хизматлардан фойдаланмаслигининг асосий сабабларидан бири ҳам шу: ҳеч қаерда кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар миқдори кўрсатилмаган. Бирор сартарошхона ёки гўзаллик салонида соч олиш фалон сўм, ювиб қўйиш мана бунча, қуритиш яна қанчадир деб ёзилган ёзувни кўрганмисиз?
Аслида бу масала Ўзбекистон Республикаси аҳолисига маиший хизмат кўрсатиш қоидаларида алоҳида қайд қилинган. Унда хўжалик юритувчи субъектлар, уларнинг буюртмаларни қабул қиладиган ва берадиган бўлинмалари хизматларнинг ҳар бир тури учун амалда бўлган асосланган нарх ва тарифларни қулай ва кўзга дарров ташланадиган жойга жойлаштиришга мажбур эканлиги белгиланган.
Аксарият одамларнинг, у хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, доимий сартароши бор. Одатда бу муҳиммасдек туюлади, аммо нафақат касбий кўникмаси, балки хизмат ҳақи маъқул бўлгани учун ҳам битта уста танланади.
Гарчи бу алоҳида масала бўлса-да, айтиш ўринли, бугун бирор сартарошхона ёки гўзаллик салонида тўлаган пулингиз учун чек ололмайсиз. Табиийки, нарх шунга монанд турлича бўлади.
САНИТАР НОРМАНИ БИЛИШАДИМИ?
Сартарошхона ёки гўзаллик салони ҳақида гап кетганда, аввало шу савол берилади. Негаки, аксарият ҳолларда нафақат сайёҳ, балки фуқароларимиз ҳам дуч келган сартарош ёхуд гўзаллик салони хизматидан фойдаланмайди. Ахир соч-соқол олдириш ёки турмаклатиш учун санитария талабларига амал қилишига қараб сартарошхона ёки гўзаллик салони хизматидан фойдаланамиз.
Аслида барча сартарош ёхуд гўзаллик салони ходими иш жойини дид билан безатишдан ташқари, ўзи ҳам фаолияти давомида тозалик қоидаларига амал қилиши кераклигини жуда яхши билиши керак. Негаки, айрим ҳолларда сартарош-усталарнинг нафақат хонаси, шу билан бирга қилаётган ишларидан кишининг кўнгли тўлмайди. Бироқ кимлардир унинг хизматларидан фойдаланади.
Нима бўпти, дейишга шошилманг. Айрим, масалан, жигар билан боғлиқ касалликлар ёки ОИТС юқишига баъзан сочимизни чиройли қилиб қўювчилар ҳам билиб-билмай сабабчи бўлишини эшитгандирсиз.
Шу боис, бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири (собиқ Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири)нинг "Маиший хизмат кўрсатиш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги буйруғида алоҳида параграф ажратилган. Жумладан, унда ташкилот хоналари ва иш ҳудудидаги ҳарорати, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак, деб белгиланган. Энг муҳими, сартарошхона ва гўзаллик салонларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт қутичаси бўлиши лозим.
КАСБИЙ БИЛИМ ВА КЎНИКМА КЕРАК ЭМАСМИ?
Юқорида айтиб ўтилганларнинг ўзи сартарошнинг касбий кўникмадан ташқари, белгиланган илмни эгаллаши зарурлигини кўрсатиб турибди. Шу сабабли ҳеч бўлмаганда вилоят "Саммаиший сервис" бирлашмасида ҳудудлар кесимида сартарошларни ўқитиш, бу борадаги меъёрларни ўрганишларини ташкил қилиш керак.
Негаки, сартарошликнинг нафақат замонавий талаблар, шу билан бирга диний жиҳатдан ҳам белгиланган қоидалари бор. Буларни аксарият сартарошлар билмаслиги аниқ. Агар билишганида инсоннинг бошига турли суратларни чизиш нафақат маънавий зиён, балки оғир гуноҳ эканлигини англаб бу ишга қўл урмаган бўлишармиди?!
Ҳар бир сартарош бу ишнинг нафақат маънавий томонларини, шу билан бирга иқтисодий асосларини ҳам ўрганиши зарур. Негаки, ҳаддини билган одам борки, қулай ва қонуний йўллари борлиги тушунтирилса, рўйхатдан ўтиб, қонун доирасида иш кўриши тайин. Айнан шу йўл билан соҳада иш ўринлари сонини кўпайтириш, хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш мумкин. Шундагина сайёҳларнинг ҳам соч-соқолини олган сартарошлар кўп бўлади.
СОҲА БИЛАН ИШЛАШ, ҚОНУНЧИЛИК ЭСКИ ҚОЛИПДА
Таклифга маҳаллий ҳокимликлар сартарош ёки гўзаллик салони аниқ статистикаси йўқ, деб ўзини четга олиши тайин. Аммо улар билишармикан, нормативга кўра, ҳар минг кишига қишлоқ жойларда битта, шаҳарларда иккита сартарош керак бўлишини? Ҳудудий дастурларни тузишда шуни этиборга олишадими? Ростини айтганда, йўқ.
Келинг, оддий мисол, қишлоғимизда бир йигит сартарошлик қилади. У кундузи бошқа юмушлар билан банд бўлади ва фақат кечаси соч-соқол олади. Негаки, аввало солиқчидан қўрқади. Аслида қандай тартибда рўйхатдан ўтишни ва солиқ юки унчалик кўп эмаслигини билмайди. Бунақалар вилоятда оз дейсизми? Агар ҳар бир маҳаллада биттадан сартарош ҳисобланганда ҳам мингта "жонсарак" усталар биқиниб ишлаб юргани аён бўлади.
Ҳисоботларда фалончи маиший хизмат шохобчаси очилди, дейилади-ю, статистикага келганда саноғи чиқмай қолади. Уни йўлга қўйиш учун ката инвестиция талаб қилинмайди. Шу боис, соҳага оид қонунчиликни, унга бўлган муносабатни ўзгартиришнинг вақти аллақачон келган.
Ёқубжон МАРҚАЕВ,
«Зарафшон» мухбири