Савдогарнинг қарзи

Мен дўстим Саъд билан шаҳримизда тижорат ишлари билан шуғулланиб келаётган эдик.
Кунлардан бир куни одатдагидай жума куни катта масжидга бориб, намоз ўқидим. Намоз тугагач, имом "Жаноза намозига тайёрланинг" деди.
Ҳозир бўлганлар "Кимнинг жанозаси экан?!" деб сўраб қолдилар. Исмини айтишгач эса кимдир устимдан муздек сув қуйиб юборгандек бўлди гўё. Чунки у менинг болаликдаги қадрдон дўстим Саъднинг жанозаси эди.
Раҳматли ўтган тунда юрак хуружидан вафот этган экан, менинг эса бундан хабарим йўқ.
Бу воқеа 1994 йил содир бўлган, унда ҳали уяли алоқалар унча ривожланмаган пайтлар эди.
Меҳрибон ва қадрдон дўстимга жаноза намозини ўқидик. Мен учун бу жуда кучли ҳаёт зарбаси бўлган эди.
Ушбу воқеадан сўнг бир неча ой ўтгач, молиявий ҳисоботларимни тартибга келтириб, Саъднинг улушини унинг ворисларига тақсимлаб, ажратиб бердим.
Саъднинг бир савдогардан 300 минг риёл (яъни, 80 минг доллар) қарздор эканлигидан хабарим бор эди. Бир куни ўша савдогар келиб, Саъднинг фарзандлари ҳузурига (қарз хусусида) у билан гувоҳлик сифатида боришимни айтиб, илтимос қилди.
Ўшанда дўстим қарз олаётганида савдогар билан аниқ бир битим тузмаган, Саъднинг ворисларига эса қарз олинганлиги ҳақида аниқ далил ва исбот керак эди. Далил бўлмагач, ворислар қарзни тўлашдан бош тортдилар. Ва "То қарздор эканликларини исботлайдиган ҳужжат бўлмас экан, биз ҳам пулни тўлашдан бош тортамиз", деб дангал рад жавобини бердилар.
Биз, савдогарлар ўртасида "ишонч" ҳукм сурганлиги боис ҳеч қандай хужжатларсиз иккиланмай бошқа савдогорларга ёрдам қўлини чўзар эдик.
Ворисларга келсак, улар менинг гувоҳлигимни ҳам қабул қилмадилар. Улардан бири менга деди:
- Отамиз бизга 600 минг риёл (160 минг доллар)дан бошқа нарсани мерос этиб қолдирмаган. Ҳозир биз далил-исботларга бепарво қарайдиган одамга пулни бериб юборсак, ўзимиз ҳеч вақосиз қоламиз.
Шу пайт ҳудди назаримда гўё дунё остин-устун бўлаётгандек бошим айлана бошланди. Ва дўстимнинг қарзи туфайли ҳозир қабрида қийналиб, азобланаётгани кўз ўнгимдан бирма-бир ўта бошлади.
"Эй менинг болаликдаги меҳрибон дўстим, тижоратда қадрдон бўлган шеригим. Қандай қилиб сендан воз кечай?!"
Орадан икки кун ўтди. Уйқумда ҳаловатим йўқолди. Кўзларимни юмсам, Саъднинг маъюсгина чеҳраси ва унинг менга боқиб туришлари кўз ўнгимда гавдалана бошланар эди. Гўёки у мендан ёрдам кутаётгандек эди назаримда.
Эрта азонда турдим. «Дўконимни сотиш керак», деган фикрга келдим.
Кўп кутиб ўтирмасдан дўконимга бориб, унинг ичидаги моли билан сотувга қўйдим. Қолган нарсаларимни ҳам тезда сотиб юбордим. 450 минг риёл (120 минг доллар) тўплангач, Саъд дўстимнинг қарзини тезда бериб юбордим.
Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас, Саъдга қарз бериб турган савдогар уйимга келиб, менга 100 минг риёл (26500 доллар)ни қайтариб берди ва деди:
- Марҳум дўстингнинг қарзини тўлашинг учун дўконингдан ва молингдан воз кечганингни билганимдан сўнг мана шу маблағдан мен ҳам воз кечишга қарор қилдим, - деди ва пулларни қўлимга тутқазиб, ўзи изига қайтди.
Ўз юртига боргач эса қолган бир гуруҳ савдогарларга ҳам менинг ҳикоямни сўзлаб берибди. Шундан сўнг кўп ўтмай улардан бири менга қўнғироқ қилиб, менга ўзларининг олдидаги омборхона сифатида ишлатиб келаётган икки дўконларини совға қилганларини айтди. Ва мени янгитдан савдо ишига қайтишимни ва дўконлар учун 1 риёл ҳам ҳақ тўламаслигимни айтиб, ваъда беришди.
Мен бориб дўконларни қабул қилдим. У ерда ишчиларни ёллаб, ичларини тозалатиб турганимда, катта юк машинаси келиб дўконим ёнида тўхтади. Ичидан чамамда 15-16 яшар мактаб ўқувчиси тушиб менга «Бу юкларни фалон исмли савдогар, яъни менинг отам бериб юбордилар. Молни қабул қилиб олар экансиз. Отам айтдилар, юкларни сотиб юборганингиздан сўнг ярим қийматини бизга қайтарар экансиз. Қолган ярми эса сизга ҳадя экан. Қачон сизга яна мол керак бўлиб қолса, бемалол бизга мурожаат қилар экансиз", деб айтди.
Шу зайл мен билмайдиган ва умримда кўрмаган шахслар менга ҳар томондан ёрдам бера бошладилар. Тижоратим ўша ҳодисадан аввалгига нисбатан анча кенгайиб, гуриллаб кетди.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳозир молимга атаб 3 миллион риёл (800 минг доллар) закот бериб юбордим.
Саъднинг фарзандлари эса оталарининг қарзини тўламасдан, меросга тамагирлик қилганликлари туфайли ишлари ортга тортиб, ҳаёт машаққатларига ботиб кетдилар.