Сайдулла Расулов: “Ширин заҳар”нинг инсон организмига 70 дан ортиқ зарарли хусусиятлари аниқланган

Биринчидан, шакар энергия манбаи, организмга тушганда шакар глюкозага айланади ва энергия учун сарфланади. Жисмоний зўриқишларда, айниқса куннинг иссиқ ёки совуқ кунларида далада оғир меҳнат қилиш, спорт билан шуғулланишда шакар истеъмол қилинса энергияга бўлган эҳтиёж тезда бартараф этилади. Ақлий меҳнат билан машғул кишиларда ҳам бош миянинг углеводларга бўлган эҳтиёжи ортади ва ширинликлар истеъмол қилиш уни қондиради.

Иккинчидан,  шакар инсонни бахтли қилади дейишади. Организмда глюкоза серотонин гормонини ишлаб чиқаришни стимуллайди. Серотонин кишини хурсанд қилади,  кайфиятини кўтаради ва эмоционал фаолиятини яхшилайди. Шу боисдан хафагарчиликларда биз кўпинча ширинликлар истеъмол қилишимиз бош мия ҳужайраларнинг озиқланишини таъминлайди ва ижобий таъсир кўрсатади (меъёрида истеъмол қилинганида).  

Жигар ва талоқ касалликларида ҳам врач тавсияси асосида ширинликлар тавсия қилинади. Лекин ширинликлар қабул қилинганда организм учун мос келадигани табиий ширинликлардир.  Рафинацияланган ширинликлар бутунлай бошқача таъсирга эга эканлигини унутмаслик керак.  Бу борада калория берувчи маҳсулотлар манбалари билан яқиндан танишиш мақсадида фактларга мурожаат қиламиз. 

Физиологлар. нутрициологлар ва бошқа соҳадаги тиббий ходимлар фикрича, энергияга бой бўлган маҳсулотлар икки турда бўлиб, улар иссиқлик ва биологик энергияга берувчи маҳсулотлардир. Инсон организми учун энг зарур бўлган энергия бу биологик энергиядир. Биологик энергия манбаи - бу  ўсимликларда  фотосинтез жараёнида тўпланган  табиий калориядир. Биологик энергияга бой маҳсулотлар фақатгина ўсимликлар, сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, дон ва дуккакли маҳсулотларнинг томири, танаси, гулбаргларида, ҳамда мевасида, донларида, уруғларида тўпланган углеводлар, ёғлар ва оқсиллар кўринишида мавжуд бўлиб,  инсон ҳаёт фаолияти учун ўта муҳим ҳисобланади. Биологик энергияга бой бўлган маҳсулотларнинг ўта муҳимлиги шундаки,  улар инсон организми учун ёт эмас, шу билан бирга ошқозон-ичак йўлида енгил ҳазм бўлади ва сўрилади. Биологик калорияга бой маҳсулотлар деярли ҳазм учун тайёр маҳсулотлар бўлиб,  сўлак, ошқозон шираси, ошқозон ости бези ва ичак ферементлари  кўп ишлаб чиқишни талаб қилмайди. Организмда 1 г углеводлар 3,75 ккал  энергия беради.

Иссиқлик калориясини асосан ҳайвон маҳсулотлари беради. Буларга гўшт ва сут маҳсулотлари, тухум  ва бошқа ҳайвонлардан олинадиган турли хил хом ва тайёр таомларни киритиш мумкин. Иссиқлик энергиясига бой бўлган маҳсулотлар организмга тушгандан сўнг улар ҳазм аъзолари ва бошқа аъзолар томонидан мураккаб биокимёвий жараёндан ўтади ва узоқ муддатда қийин ҳазм бўлади. Ҳайвон маҳсулотларини ҳазм қилиш учун кўп миқдорда сўлак, ошқозон шираси, ўт ва ичак шираси  ажралиши керак бўлади. Мураккаб оқсиллар, углеводлар ва ёғларни оддий моддаларгача парчалаш учун организм катта энергия сарф қилади ва натижада иссиқлик энергияси биологик энергияга айлантирилади. Демак, иссиқлик энергиясига бой бўлган ҳайвон маҳсулотлари ҳазм аъзолари томонидан парчаланиши ва ҳазм қилиниши оғир кечади ва бунда организмнинг соф биологик энергияси сарф бўлиши эвазига биологик энергия ҳосил қилинади ва организм эҳтиёжи учун сарфланади. Шуни таъкидлаш лозимки,  ушбу иссиқлик энергияси ҳосил қилишнинг мураккаб парчаланиш жараёнида ичакларда турли хил кераксиз моддалар, шлаклар ва газлар ҳосил бўладики, улар қонга сўрилиб ҳар хил касалликлар келиб чиқиишига сабаб бўлади.

Шакарнинг салбий томонлари

Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича сўнгги йилларда шакарнинг инсон организмига 70 дан ортиқ зарарли  хусусиятлари аниқланганлиги ва исботланганлиги ҳар бир кишини эътиборини тортиши ва шу билан бирга ўз саломатлигини асрашдаги фикрларини ўзгартиришда аҳамиятлидир. Айниқса она ва бола саломатлиги ҳақида сўз борар экан, албатта бу муаммони ҳал этиш келажак учун нақадар муҳим эканлигини ҳеч инкор этмаслигимиз лозим.

Шакарнинг организмга ножўя таъсирини ўрганиш бўйича бажарилган илмий тадқиқот ишлари шуни исботлайдики, шакарни кўп истеъмол қилиш юрак томир касалликларини келиб чиқишини тезлаштиради. Бундан ташқари меъёридан ортиқ шакарни сурункали истеъмол қилиш иммун тизимни сусайишига олиб келади, ҳамда терининг эрта қаришини ва эластиклиги пасайишини, тошмаларни  чақиради. Бу маълумотлар тўпланганидан сўнг, шакарни “ширин заҳар” дейиш мумкин, чунки  тозаланган шакар инсон ҳаёти давомида узоқ муддат истеъмол қилиниши секин асталик билан организмга ўз таъсирини ўтказади.  Рафинацияланган шакарни организм ҳазм қилиши учун кўп миқдорда кальций сарфлайди, бу ўз навбатида суяклардан кальцийнинг сўрилиб кетишига олиб келади ва остеопороз чақиради, бунинг оқибатида суяклар синишга мойил бўлади, ҳамда тиш эмали емирилишига сабаб бўлади. Дарҳақиқат ширинликлар кўп истеъмол қилган болаларда тиш кариеси жуда кўп учраши ҳаммамизга аён.   Шакар тишларга ёпишиб олади ва  тиш эмалини бузади, бу оғриқ чақиради. Шу билан бирга  оғизда кислоталикни оширади, бу оғизда касаллик чақирувчи микробларни кўпайишига олиб келади.  Демак, оғиз бўшлиғида доимо касаллик чақирувчи бактериялар учун тайёр озуқа муҳити бор,  айниқса муҳим ҳимоя вазифасини бажарувчи муртак ва бодомча безлари ҳам зарарланади. Бодомча безлар тез касалликка чалинади ва ангина ривожланади, унинг такрорланиши бодомча ва бошқа безларнинг катталашувига олиб келади, оқибатда сурункали тонзиллит ва аденоидлар ривожланиши учун шароит яратилади. Доимий равишда шакарли ширинликларни болалар жуда хуш  кўришади ва унга кўникиб қолишлари мумкин. Шакарли ширинликларни болалар кўп истеъмол қилишлари иштаҳанинг пасайишига олиб келади ва болалар овқат ейишдан бош тортишади. Кўпчилик ҳолларда оналар болаларининг овқат емасликларини ва овқат ейишга мажбурлашларини айтиб шикоят қиладилар, бунинг асосий сабаби овқатдан олдин конфет, шакар ёки бошқа ширинликлар истеъмол қилиш оқибати бўлишини эсдан чиқармаслигимиз керак. 

Шуни айтиш жоизки, халқимизда айрим нотўғри фикрлар мавжудки, бу оналар ва болалар саломатлигига таъсир кўсатмасдан қолмайди, яъни шакар ёки наввотни истеъмол қилиш “кучни оширади ва қонни кўпайтиради” деган фикрни кўпчилик айтишади, бу эса нотўғри хулоса. Чунки, биринчидан, новвот ва шакар таркибида қонни кўпатирадиган микроэлементлар умуман йўқ, иккинчидан шакар ва шакарли ширинликлар истеъмол қилинганда бошқа  ошқозон шираси ишлаб чиқариш кескин камаяди ва иштаҳа бўғилади. Табиийки, бундай шароитда овқат таркибида бўлган темир моддаси яхши сўрилмайдиган ҳолатга келиб қолади, темир билан бирга бошқа микроэлементлар ва витаминлар сўрилиши ҳам камайиши камқонлик келиб чиқишининг асосий сабаблардан саналади. Дарҳақиқат,  ширинлик кўп истеъмол қиладиган оналар ва болаларда камқонлик кўп учрашини биз томонидан олиб борилган илмий тадқиқотлар исботлайди.

Сайдулло РАСУЛОВ, Республика гастроэнтерологлари ва нутрициологлари  ассосциацияси Самарқанд бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, Турон фанлар академиясининг академиги.