Сайлов - ватанпарварликнинг бир фурсати
Оз фурсатлардан сўнг, ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётига ўзининг беқиёс таъсирини ўтказадиган жараён - Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади.
Хабаримиз бор, миллий сайлов тизимига замон талаблари ва халқаро андазаларга мос бўлган, аввало, сайлов қонунларини янада либераллаштириш ва демократлаштириш мақсадларига қаратилган ўзгартиришлар ва янги нормалар киритилди. Биргина мисол: сайлов вақтининг куз фаслига, яъни октябр ойига кўчирилгани ҳам ҳар бир юртдошимизга яратилган қулайликлардан бири ҳисобланади.
Сайловларда фуқаролар иштирокининг кўлами йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу, албатта фуқароларимиз сиёсий онгининг ўсаётганлигидан, дахлдорлик ҳиссини ҳар бир юртдошимиз чуқур ҳис қилаётганидан далолат. Мен биринчи сайловчиман. Ўз конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланаман. Баъзан, тенгдошларим орасида “Сайлов менга нимага керак? Ким сайланишидан қатъий назар, одатдаги ҳаёт тарзимни давом эттираман”, “Бунинг менга ҳеч қандай аҳамияти йўқ”, деган гапларни ҳам эшитиб турибман. Ва айнан мана шу ҳолат менинг қўлимга қалам олишимга ундади.
Aзиз тенгдошлар, эзгулик аждодларимиз ҳамиша амал қилиб келган ва биз авлодлар ҳам доимо интилиб яшашимиз зарур бўлган фазилатдир. Эзгуликлар эса тинч, фаровон ва гўзал юртда ўз юзини янада ёрқинроқ кўрсатади. Aйни вақтларда биз ана шу эзгуликнинг қарор топиши арафасидамиз. Тинч ва эркин, демократик ҳаётни эса сайловларимиз ва уларнинг натижалари белгилайди. Биз ватанпарварлик ҳақида кўп баҳс юритамиз. Сайлов эса ватанпарварликнинг бир фурсати.
Тенгдошларим, биздан жон ёки мол сўралгани йўқ. Фақатгина сиёсий фаоллик ва дахлдорлик сўраляпти, холос. Aслида, биз бу каби фаолликни кимдир айтгани учун эмас, балки ўзимиз учун, келажак авлод учун, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз тинчлиги учун, дея қабул қилмоғимиз керак. Шуни унутманг, яхши ҳаёт ўз-ўзидан келмайди. Бунинг учун меҳнат ва ҳаракат керак. Сайловларда фаол иштирок этинг. Бу билан сиз ўз ҳуқуқингиздан фойдаланган бўласиз , шу билан бирга эзгу ишларнинг ҳам сабабчисига айланасиз.
Мухлиса Жалилова,
СамДУ филология факультети 3-босқич талабаси.