Сайёр қабул: муаммо, муҳокама, ечим
Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитов ва маъмурий суди раиси Т.Файзиев Пайариқ тумани Халқ қабулхонасида фуқаролар билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди. Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.
- Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича мурожаатлар аксарият ҳолларда жойида ҳал бўлмайди, - деди Олим Ҳайитов. - Чунки, ҳар бир мурожаат тегишли тартибда, шунингдек айримлари суд тартибида ўрганилиши, айрим мурожаатлар кўрилаётган иш ҳужжатларига қўшилиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда, бугунги сайёр қабулда ва умуман суд органларига мурожаат қилганда амалдаги тартибларни тушуниш керак. Шу маънода, мазкур сайёр қабулда ҳам мурожаатларни имкон қадар жойида ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Лекин вақт, жараён талаб қиладиган мурожаатлар бўйича тушунтириш бериб, ижросини назоратга оламиз. Муҳими, ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайди.
Фуқаролар қабули давомида 50 га яқин фуқаро муаммоларига ечим излаб мурожаат қилди.
- Набирам уйда туғилган, “роддом”га бормаган. Энди сарсонмиз, - деди Санобар Миралимова. - ФҲДЁга борсак, “роддом”дан қоғоз сўрайди, “роддом”га борсак, бизда туғилмаган, рўйхатдан ўтмаган, ҳужжат беролмаймиз, дейди. Шу югур-югурлар билан боламиз 6 ёшга киряпти. Ҳужжати йўқ. Ҳадемай мактабга бориши керак. Нима қилишга бошим қотган?
Вилоят суди раиси онахон билан суҳбатлашиб, барча маълумотларни ўрганди. Шунингдек, тумандаги мутасадди раҳбарлар билан шу жойнинг ўзида гаплашди, масалани муҳокама қилди. Хуллас, Санобар Миралимовага энг тўғри ва энг осон қонуний йўл тушунтирилди. Шу билан бирга, тумандаги мутасадди идораларга шу масалани тез кунда қонуний ҳал этишга кўмаклашиш тавсия этилди.
Худди шундай яна 32 нафар фуқаро турли масалаларда мурожаат қилди. Алимент, никоҳ, уй-жой, фермерлик фаолияти билан боғлиқ масалаларда мурожаат бўлди. Мурожаатларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратилди, ижобий ечим топишига ҳаракат қилинди.
Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазосини ўтаётган 8 нафар фуқаро сайёр қабулда вилоят суди раисига мурожаат қилди. Улар қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.
Сайёр қабул давомида ташкил этилган сайёр судда бу мурожаатлар алоҳида-алоҳида кўриб чиқилди ва ижобий ҳал этилди.