Сайёр судда 59 нафар фуқаронинг иши ҳал этилди
Вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғонидаги “Ишга марҳамат” мономарказида аҳоли билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди.
Тадбирда, шунингдек, вилоят суди судьялари ҳамда жиноят, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судлари, Самарқанд шаҳар иқтисодий суди судьялари иштирок этди.
Дастлаб сайёр қабулга келган фуқаролар билан учрашув ташкил этилди. Вилоят суди раиси Олим Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиев бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қонунчиликдаги янгиликлар, давлатимизнинг бу соҳадаги одилона сиёсати ҳақида тушунча берди. Мазкур сайёр қабулнинг мақсад-вазифаси, аҳамияти ва тартиби ҳақида тушунча берди.
Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилиб, 67 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Шундан қонунга мувофиқ келадиганлари ижобий ҳал қилинди, қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазосини ўтаётган 59 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб, жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.
Шу ерда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Сайёр судда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Жазодан озод қилинган ёки жазоси енгиллаштирилган фуқароларга мономарказда касб ўрганиш тавсия этилди. Ўқиш истагини билдирган 3 нафар собиқ маҳкум марказ раҳбарияти билан келишган ҳолда ўзлари танлаган касб бўйича ўқишга жалб қилинди.
Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.