Сайёрадаги ҳатто ядро урушидан сўнг ҳам омон қолиш мумкин бўлган хавфсиз жойлар
Инсон ҳамма жойда яшаб кетиши мумкин, бироқ сайёрадаги ҳамма жойда ҳам тўла-тўкис умргузаронлик қилиб бўлмайди. Дунёнинг баъзи бурчакларида содир бўлаётган воқеа ва ҳодисалар бунга асос бўлиб, инсониятни таҳликага солиб қўймоқда.
Масалан, икки давлат уруши асносида бири иккинчисига ядровий зарба беришни бошласа ҳатто уларга ёнма-ён қўшни бўлмаган бошқалар ҳам жабр кўриши эҳтимоли бор. Ҳудудларининг аксарияти материкдан узоқда жойлашган, дунёнинг баъзи бир қисмларида омон қолиш эҳтимоли юқори бўлган давлатлар билан танишамиз.
Фижи
Тинч океанининг марказий қисмида жойлашган 330 та оролдан иборат давлат глобал можаролар шароитида хавфсиз бошпанага айлана олади. Бу ерда йил давомида мўътадил ҳаво ҳарорати сақланиб туради ва фаровон жамиятни таъминлаш учун етарли миқдордаги табиий ресурслар бор. Фижи ороли ядровий ҳужумнинг асосий нишони бўлиши даргумон.
Антарктида
Фижидан бутунлай қарама-қаршиликда жойлашган муз ва қордан иборат Антарктидада асосан паст ҳарорат ва инфратузилманинг йўқлиги сабабли одамлар у ерда яшамайди. Антарктида шартномасига кўра, бу жойда ядровий портлашлар тақиқланган, шунинг учун радиоактив зарралар ёғилган пайтда бу қитъада бўлиш хавфсиз. Гарчи бу ердаги об-ҳаво даҳшатли даражада совуқ бўлса-да, инсон фақат қутб станциялари ёки у ердаги иссиқроқ иқлимли жойларда жон сақлаши мумкин.
Янги Зеландия
Энг яқин материкдан 2000 километр узоқликда жойлашган Янги Зеландия бугунги рўйхатдаги энг ривожланган давлатдир. У табиий ресурслари, ривожланган инфратузилмаси ва яшаш учун зарур шарт-шароитларга эга. Шунингдек, минтақа дунёдаги энг экологик тоза давлат ҳисобланади. Янги Зеландия Швейцария сингари ҳар қандай можаро учун нейтрал давлат мақомига эга. Швейцария эса Янги Зеландиядан фарқли ўлароқ уруш пайтида чақнаш нуқтаси бўлиб қоладиган Европанинг қоқ марказида жойлашган.
Гренландия
Энди шимолга, Арктика доираси зонасига назар қаратамиз. Гренландия – Данияга тегишли автоном ҳудуд. Лекин, яқинда у янада мустақилроқ бўлди. Дунёдаги энг катта магнит қутби жойлашганлиги сабабли бу ерга келганларнинг ўта совуқ ҳавога мослашиши керак бўлади. 2 миллион квадратдан ортиқ жуда катта майдондаги оролда атиги 56 минг киши истиқомат қилади, шу сабабли жой етарлисидан ҳам ортиқ.
Тристан-де-Кунья
Жанубий Атлантикада жойлашган бу архипелаг (бир бирига яқин ороллар гуруҳи) асосий қитъадан 2800 километр узоқликда жойлашган. Оролда бор-йўғи бир неча юз киши яшайди. Ҳудудда балиқ овлаш тўғрисида ҳамма нарсани билиб олиш мумкин, табиатига деярли қўл урилмаган.
***
Албатта бу ҳудудлар апокалипсис даврида хавфсиздир, бироқ бу ерларда содир бўлиб туриши мумкин бўлган сув тошқини, цунами, зилзилалар, вулқон отилиши ёки ҳароратнинг ўзгариши каби иқлимий катаклизмлар ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.