Сенат 5 йилга озодликдан маҳрум этилган самарқандлик ҳомиладор аёл иши бўйича сўров юборди
29 апрель уни ижтимоий тармоқларда “Ҳомиладор аёл 8 ойлик гўдагидан маҳрум қилиниб, қамоққа олинди” сарлавҳаси остидаги видеомурожаат эълон қилинди.
Унда Самарқанд шаҳридаги туманлараро почта боғланмаси оператори лавозимида ишлаб келган Анора Ражабова ва боғланманинг қатор бошқа ходимлари 2018 йилнинг 6 ойи мобайнида 743 миллион сўм миқдордаги пул маблағларини талон-торож қилганликда айбдор деб топилиб, жазолангани тўғрисида фикр юритилган. Мурожаатда А.Ражабовага қўйилган барча айбларни қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланади.
Жумладан, тарқалган маълумотларга кўра, суд А.Ражабовани 8 ойлик фарзанди борлиги ва ҳозирда яна ҳомиладор эканлигини инобатга олмай, 5 йилу 2 ой муддатга қамоқ жазоси тайинлаган, деб ҳисоблайди.
Ҳозирда фуқаронинг мурожаати юзасидан Олий Мажлис Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Олий судига Сенатнинг сўровномаси юборилган.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Олий суд ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда масалани атрофлича ўрганиб, натижалари юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали ахборот берилиши маълум қилган.