Сенат: Чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш зарурияти туғилди

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Ҳозирги замонда иқтисодиётнинг глобаллашуви тез чуқурлашаётган, хўжаликлараро алоқалар ривожланаётган ҳамда халқаро даражаларда қонунчилик бирхиллаштирилаётган шароитларда миллий ва халқаро даражаларда бозор муносабатларининг асосий омилларидан бири ҳисобланган халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил ва суд маҳкамасидан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Муҳокамада акс этганидек, Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, шунингдек, хорижий инвесторлар, миллий компанияларнинг чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш зарурияти туғилди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилинишидан кўзланаётган асосий мақсад – низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ҳамда шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш каби масалалар эканлиги таъкидланди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши Ўзбекистон низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланган фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида арбитраж муҳокамаси институтини ривожлантиришга, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда муддатлар ва харажатларни қисқартиришни таъминлашга имкон яратилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди ва эълон қилинган кундан олти ойдан кейин кучга киришини инобатга олиб, мутасадди идораларга уни кенг тарғиб қилиш ва тўлиқ ишлаб кетиши учун зарур механизмларни ишлаб чиқиб, жорий қилиш топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати.