Сенга бахт тилайман, Она Сайёра!

Шу кунларда Ўзбекистонда давлатлараро дўстлик ва ҳамкорлик учун муҳим саналган Россия маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда. Тадбир доирасида Самарқанддаги "Боқий шаҳар" мажмуасида катта концерт дастури ташкиллаштирилди.
Россия халқ артисти Сергей Жилин бошчилигидаги «Фонограф-Симфо-Джаз» оркестри жўрлигида машҳур санъаткорларнинг чиқишлари иштирокчиларга "Боқий шаҳар" мажмуасининг колоритида ўзгача завқ бағишлади.
Санъаткорлар билан суҳбатлашар эканмиз, улар Тошкентдаги, юртимизнинг турли масканларидаги чиқишларидан, мухлисларнинг самимий муносабатидан ҳайратини яширолмадилар. Россияда хизмат кўрсатган артист Пелагея, Голос шоусининг ғолиби, Россияда хизмат кўрсатган артист Сергей Волчков, шунингдек Александра Воробьёва, Софья Онопченко, Татаристонда хизмат кўрсатган артист Эльмира Калимуллина, Катта театр артисти (баритон) Николай Землянских, шунингдек, мусиқачи, композитор Александр Еловских ижросидаги Ватан, дўстлик, муҳаббат ҳақидаги куй-қўшиқларни томошабинлар тинглади ва биргаликда куйлади.
Улар орасида аллақачон Ўзбекистонда клип суратга туширган хонандалар ҳам бор экан.
- Бухорода "Мен сени Худодан сўраганман" номли қўшиғимга клип ишлагандик, - дейди "Голос" шоуси ғолибаси Элмира Калимуллина. - Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан жуда қизғин ижодий фаолият олиб боргандик. Ўшанда миллат ва давлатларни санъатчалик ҳеч нима яқинлаштира олмайди, деган хулосага келгандим. Давлатлар орасида санъаткорларнинг ижодий мулоқоти миллатлараро мустаҳкам ришталарни боғлайди. Бундай бирдамлик ришталари бардавом бўлсин.
Тадбир якунида янграган "Сенга бахт тилайман, Она Сайёра" деган қўшиқни мухлислар тик туриб олқишлади.
Гулруҳ Мўминова.