“Шаҳрисабз” ва “Самарқанднинг кўк гумбазлари” (“Голубые купола Самарканда”) қўшиқлари муаллифининг яқин тарихдан ҳикояси
Ёшим 89 да. Ҳаётимнинг 60 йилини Ўзбекистонда яшаб ўтказдим. Тасаввур қиляпсизми, бутун онгли ҳаётим Шарқ руҳида, ўзбек халқининг урф-одатлари, ҳаёти ва тарихи остида шаклланган.
Бу қандай бўлган эди? Отам мактаблар маъмуриятининг бошлиғи сифатида Донбассга юборилганда, уруш бошланди, отам фронтга юборилди, онам ва мен эвакуация қилиндик. Йўлда фашистлар поездни бомбардимон қилишди - мени ўз танаси билан ҳимоя қилган онамнинг тақдири нима бўлганини билмайман, чунки ўлганлар жуда кўп эди...
Бизни Ўзбекистондаги болалар уйига олиб келишди. У ерда мен 5 ёшдан 12 ёшгача яшаганман. Кейин у ердан қочиб, қишлоқларни кездим, бир бурда нон топиш учун ер қазидим, ғишт қуйдим, тегирмонда ун майдаладим. Мен ўзбек оиласида яшаб, тил ўргандим, 1941-1947 йилларда қишлоқларда ҳаёт деярли ўрта асрлар даври даражасида сақланиб қолинган бўлиб, удумлар, урф-одатлар бутунлай бошқача эди, қишлоқдаги бу ҳаёт йўлини ўтаб, ҳаммасини ўзлаштирдим.
Бухоронинг сўнгги амири ҳақида “Қизил Бухоро” номли илк романимни ёзганимда, Афғонистон билан чегарадош Қашқадарё вилояти партия қўмитасининг бўлим мудири бўлиб ишлардим. У ерда қизлар ҳамон паранжи кийиб юрарди. Кунларнинг бирида Шароф Рашидов мен билан гаплашмоқчи эканини айтишди, мен ҳайрон бўлдим, биринчи котиб мендек кичик бир ходим билан... “Нима, вилоят қўмитаси биринчи котиблари жойида йўқ эканми?” деб сўрадим. “Йўқ, у киши сиз билан гаплашмоқчи”, деб айтишди. Белгиланган пайтда гўшакни олдим:
- Салом Березиков, Бухоронинг сўнгги амири ҳақида ёзган романингизни ўқидим, - деди Ш.Рашидов. - Бизнинг урф-одатлар, тарихимиздан қанчалик чуқур хабардор эканингиздан ҳайратда қолдим, уни ўзбек тилига таржима қилишга кўрсатма бердим. Бу мен учун катта шараф.
Орадан бир неча йил ўтиб, менга қўнғироқ бўлди ва “Евгений Ефимович, сиз Шаҳрисабз шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлайсиз”, деб айтишди. Шаҳрисабз - Кеш шаҳридек буюк қадрият, Амир Темур туғилган масканда биринчи котиблик қила бошладим. Бу боқийликка шўнғиб, ҳовлилар, биноларни кузата кетдим, Шаҳрисабзни ўзим илгари билган бошқа шаҳарлар билан солиштирдим. Кулолчилик, археология, майолика ва меъморчиликни ўргандим.
Улуғбек томонидан қурилган гумбазнинг диаметри 46 метрлик “Кўк Гумбаз” масжиди мени ҳайратга солди. Ҳатто Санкт-Петербургдаги Исаак собори гумбазининг диаметри 26, Истанбулдаги Ая София гумбази 41, Римдаги Авлиё Пётр собори гумбази диаметри 26 метр. Тасаввур қиляпсизми, бундан 6 аср олдин Исломнинг Шарқдаги буюклиги айнан Шаҳрисабзда муҳрланган.
Жоме масжидига келганимда у ердаги ҳамма нарса ташландиқ ҳолатга келиб қолганининг гувоҳи бўлдим: панжаралар, ўйилган дарвозаларни тикладим.
Кўп ўтмай Шаҳрисабзга Ш.Рашидов ташриф буюрди. Шарқона услубда таъмирланган шаҳарни кўриб, ҳайратга тушди ва 1982 йилнинг июнь ойида у киши бошчилигида вилоят ижроия қўмиталари раисларининг биринчи котиблари, барча меъморларни йиғиб, шаҳарни айланиб чиқдик. Мен олти вагон рангли шишага буюртма бергандим ва барча марказий кўчалар, дўконлар ва меҳмонхоналарни ойналатдим, кечқурунлари бутун шаҳар қанчалик ёришиб турганини тасаввур қила оласизми?
Кунлардан бирида қабулимга “Ялла” ансамбли солисти Фаррух Зокиров келиб, шаҳарда концерт беришини айтди. Мени таклиф қилишди, ҳурмат юзасидан бораман дедим, лекин бормоқчи эмасдим. Чунки иш жуда кўп эди. Фаррух Зокиров қўшиқ ёзиб беришимни сўради, мен эса “Йўқ, укажон, вақтим йўқ”, деб жавоб бердим. У кетгач, столга ўтиришим биланоқ илҳом келди, ўша кечаси “Шаҳрисабз” шеърини ёзиб, у турган меҳмонхонага узатдим. Тонгги соат тўртда эса у қўнғироқ қилиб, концертни сизни қўшиғингиз билан бошлаймиз, албатта келинг, деди. Шундай бўлди, кейинчалик “Шаҳрисабз” қўшиғи ўша пайтда Совет Иттифоқининг барча шаҳарларида янграй бошлади.
Жаҳон чемпиони Анатолий Карпов Самарқандга келганида ҳам етакчилардан бири сифатида уни қабул қилишимга тўғри келди ва у қўшиқни мен ёзганимни билиб олгач, “Шаҳрисабз” шарқона эртак, халқ эртаги, деб ўйлаб юрганини айтиб ҳайратини яширмади. Ўшанда қўшиқ барча шаҳарларда, концертларда, рақс майдонларида айтилар, менга Совет иттифоқининг 90 та шаҳридан гонорар юбориларди.
Кўп ўтмай, Шароф Рашидов мени Самарқанд вилояти партия қўмитасининг иккинчи котиблигига ишга тайинлади (Бунинг тарихини бироздан кейин батафсил ёзаман). Бу ерда ишлаб юрган пайтларимда самарқандликлар Самарқанд ҳақида қўшиқ ёзишимни тез-тез сўрашар, мен эса бу ишни орқага суриб қўярдим. Ҳатто бир куни партия Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Усмонхўжаев ҳам менга “Березиков, сиз Самарқандда яшайсиз-ку, Самарқанд ҳақида қўшиқ ёзсангиз бўларди”, деб айтди. Кунларнинг бирида машинада қаёққадир кетаётиб, кўзим гумбазларга тушди ва шу заҳотиёқ хаёлимга “Купола, купола, голубые купола Самарканда” (“Самарқанднинг гумбазлари, кўм-кўк гумбазлари”) мисралари келди. Шеърни ёзиб, Фаррух Зокировга юбордим, бир ярим ойдан кейин қўшиқ тайёр бўлди.
Хуллас, Самарқандга ишга ўтишим Кисловодскда дам олаётган пайтимдаги иккинчи китоб устида ишлаётган пайтда бўлган эди. Ўшанда санаторийнинг бош шифокори ҳовлиқиб югуриб келиб “Евгений Ефимович, сизни телефонга таклиф қилишяпти, Шароф Рашидов қўнғироқ қилар экан”, деди. Рашидов ҳеч қачон санаторийга қўнғироқ қилмаган экан, мен белгиланган вақтда келиб гўшакни олдим ва Шароф Рашидовнинг “Марказий Комитет бюроси сизни Самарқанд вилоят партия қўмитасининг иккинчи котиблигига сайлашга қарор қилди”, деганини эшитдим.
Мен ҳар томонлама қаршилик кўрсата бошладим:
- Шароф ака, илтимос, Худо ҳақи, мени Шаҳрисабздан ҳеч қаерга қўзғатманг, ҳозиргина аэропорт қурдик, шаҳар тартибга келяпти, ҳали қилмоқчи бўлган ишларим кўп, Оқсаройни қайта тикламоқчиман.
Шароф ака эса “Ғаройиб одам экансиз, ҳатто буюк Темур ҳам Шаҳрисабздан Самарқандга кўчиб келган”, деди. Шу сўзлари билан бу масалага нуқта қўйилди. Шунингдек, менга тўртинчи куни Андропов билан суҳбатдан ўтиш учун Москвага боришим кераклиги айтилди.
Суҳбатдан ўтиб, Тошкентга учиб келдим ва тўғридан-тўғри Ш.Рашидовнинг “Як-40” самолётида партия Марказий Комитетининг иккинчи котиби Леонид Иванович Греков билан бирга Самарқандга учиб келдик.
Ш.Рашидов Самарқандга келганида “Березиков, биласизми, этнография институтида 200 киши ишлайди, сиз улар қилолмаган ишни қилиб, “Ўзбекистон афсоналари ва сирлари» китобини ёздингиз, бу мўъжиза, кейингиси «Туркистоннинг муқаддас сиймолари» китоби бўлди”, деди. Кейин у менга: мен мақташ учун айтмайман, бу бор гап, Березиков, фақат сиз, буюк Темур ҳақида китоб ёзишингиз мумкин, деди. Мен ўшанда тайёр эмас эдим, лекин сездимки, бу гапни у қистов билан айтди. Бир ой ўтгач, Самарқандга махсус почта орқали 600 йил олдин ёзилган 1950 саҳифадан иборат Амир Темурнинг таржимаи ҳоли тасвирланган Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си юборилди.
Бу китобни қўлга олганим биланоқ Амир Темур ҳақида китоб ёза бошлашим кераклигини англадим. 1994 йилда “Буюк Темур” китоби Ўзбекистонда рус тилида 35 минг нусхада, сўнгра ўзбек тилида 15 минг нусхадан икки марта нашр этилди.
Бир куни уйдаги телефон жиринглади. Телефоннинг у томонидаги суҳбатдошим “Мен Шавкат Мирзиёевман, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимиман. "Буюк Темур" китобингизни ўқидим, сиз билан учрашиб, суҳбатлашишни хоҳлаяпман”, деди. Учрашиб, 1,5-2 соат атрофида суҳбатлашдик. Суҳбатдошим китобни эътибор билан ўқиб чиққанлигини, бир муддат ўша "аурада яшаган"ни айтди. Мен қаршимда саводли, зиёли, ростгўй, юзи ва кўзлари тиниқ инсонни кўрдим. Биз хайрлашаётганимизда мендан дўстлари учун 100 нусха китоб беришимни сўради, пулини ҳам тўлади ва қўшиб қўйди: “Евгений Ефимович, китобингизнинг иккинчи жилдини кутиб қоламан!”.
Мен бугунги кунда у кишининг илтимосини бажаряпман - "Буюк Темур" асарининг иккинчи китоби устида ишлаяпман. Ахир, бу роман дунёнинг энг буюк инсони, ажойиб саркардаси Амир Темур ҳақида. У Искандар Зулқарнайн, Чингизхондек минглаб жангларда қатнашган, бирортасида ҳам мағлуб бўлмасдан, дунёнинг 26 давлатини забт этган. Қолаверса, Амир Темур Самарқандни лойдан қабул қилиб, Шарқнинг гўзал, ажойиб марваридига айлантира олган. Тағин, Регистон Америка кашф этилишидан 40 йил олдин яратилган. Амир Темур дунёнинг турли бурчакларидан усталарни тўплаб, унинг ўзбек халқининг донишмандлик гавҳаридек ярқираб туриши учун тамал тошини қўйган... Ана шуларни ўйларканман, шу кунларда Соҳибқирон ҳақидаги романимни ўзгача руҳ билан ёзяпман ва бу ҳолатдан чиқишни хоҳламаяпман.
Евгений Березиков,
ёзувчи ва олим.