Шавкат Мирзиёев: «Жойларда ҳақиқатда экилмаган жами 5 миллион туп кўчатларни ҳисоботда қўшиб ёзиш ҳолатлари бор»
“Яшил макон” дастури доирасида баҳор мавсумида 125 миллион туп кўчат экиш режа қилинган.
“Мавсум тугашига ҳам озгина вақт қолди. Лекин, бу борада қилинган ишлар аҳволи мени хавотирга солмоқда. Айрим ҳудудларда ҳали ҳам ишлар номигагина ташкил этилиб, кўзбўямачилик давом этаётгани тўғрисида менда маълумотлар етарли, - деди Президент. - Мисол учун, жойларда ҳақиқатда экилмаган жами 5 миллион туп кўчатларни ҳисоботда қўшиб ёзиш ҳолатлари бор».
Шу боис мутасаддиларга апрель ойида барча қолоқликлар ва камчиликларни тўлиқ бартараф этиш топширилди.
Умуман, апрель ойи якунига қадар вилоят ҳокимлари тегишли идоралар билан бирга:
- туманлардаги йирик маҳаллаларга 20-30 минг, ўрта маҳаллаларга – 10-15 минг, кичикларига – 3-5 минг терак қаламчалари;
- шаҳарларнинг ҳар бир маҳалласига 3-5 минг терак қаламчалари экилишини таъминлаши;
- автомобиль йўллари бўйида камида 5 миллион туп терак кўчатлари ва қаламчалари экишни ташкил қилиши шартлиги таъкидланди.