Шавкат Мирзиёев қишки Олимпия ўйинлари очилиш маросимида қатнашади

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин таклифига биноан, Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларининг 4 февраль кунги очилиш маросимида хорижий давлатларнинг раҳбарлари, етакчи халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этади.

Улар қаторида ХХР раиси таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашади.

Sinxua ахборот агентлиги маълумотига кўра, Хитой раҳбари 4-6 февраль кунлари Пекинда хорижий давлатлар етакчилари, ҳукумат раҳбарлари, қироллик оилалари аъзолари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари шарафига қабул маросими ўтказади.

Меҳмонлар орасида Россия, Сингапур, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Миср, Польша, Аргентина раҳбарлари, Камбоджа қироли, Қатар амири, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, бошқа қатор давлатлар етакчилари, Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус бор.

***

Маълумот учун: Олимпия ўйинлари Пекин шаҳрида 4-20 февраль кунлари, Паралимпия ўйинлари эса 4-13 март кунлари бўлиб ўтади.