Шеърларинг тилда қолур, ёдларинг дилда қолур ёхуд таъзиянома
Омон Матчон Самарқандда ўқиб юрган вақтида Хожа Аҳрор қабрини кўп зиёрат қилар ва тушларига кирар экан. Тошкентда Чўлпон нашриётига директор бўлгач, Хожа Аҳрори Валий руҳини шод қилиш учун у ҳақда бир китоб чиқармоқчи бўлиб, китоб қидириб қолибди. Менда Хожа Аҳрорга бағишланган Рашаҳот китобининг таржимаси бор эди. Мени қидириб топиб, китобни олди ва Шерали Жўраевни ҳомий бўлишга кўндирди. Натижада бу улуғ китоб босилиб чиқди. Омон Матжон катта савобга эга бўлди. Аллоҳ унинг руҳини шод, охиратини обод қилсин.
***
Биродарим, эй Омон,
Ҳолимиз бўлди ёмон.
Ахир сен эмасмидинг,
Адаб аҳлига дармон.
Сен ёзган ҳар бир ғазал
Бири-биридан гўзал.
Ўзбекларга берганди,
Сени тақдири азал.
Шеъриятга жон эдинг,
Томирларда қон эдинг.
Не дейки, ўзбекларга,
Шараф бирла шон эдинг.
Энди йўқ "юришларинг",
Шеър ўқиб, "туришларинг",
"Ҳеч қачон чиқмас ёддан",
Самимий "кулишларинг".
Жисм ўлар, яшамас,
Аммо, руҳлар ташламас.
Сендек оташин шоир,
"Аввалгиларга ўхшамас".
Руҳинг сени шод бўлсин,
Марқадинг обод бўлсин.
Минг йиллар ўтса ҳамки,
Номинг сени ёд бўлсин.
Шеърларинг тилда қолур,
Ёдларинг дилда қолур.
Номинг ўчмас ҳеч қачон
Ҳар ойу йилда қолур!
Маҳмуд ҲАСАНИЙ.
***
Шеърият шери эди, аввалгиларга ўхшамас,
Илму урфон шамшири - аввалгиларга ўхшамас,
Сўзни афсункор пири - аввалгиларга ўхшамас,
Хушкалом ОМОН тили, гавҳарфишон ОМОН тили -
Фирдавсни бўлсин булбули - аввалгиларга ўхшамас!
Дилором САЛОҲИЙ.