Шерзод Шерматов: Тизимдаги ўқитувчиларнинг қарийб 60 минг нафари олий маълумотга эга эмас

Кеча, 3 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ва мутасадди ходимлари ҳамда журналистлар иштирокида очиқ мулоқот ташкиллаштирилди.

Очиқ мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5712 Фармони ижроси ва моҳияти ҳақида маълумот берилди.

9 та устувор йўналиш ва 48 та махсус критерия бўйича бажарилиши кўзда тутилган Концепциянинг соҳани малакали кадрлар билан тўлдиришга доир қисми ҳақида фикр юритар экан, Шерзод Шерматов айни пайтда бу борадаги аҳвол мақтанарли эмаслигини айтиб ўтди.

«Тизимда ишлаётган ўқитувчиларнинг қарийб олтмиш минг нафари олий маълумотга эга эмас. Шундай таассурот уйғонадики, улар худдики ҳеч қаерда иш тополмагандан сўнг «Мен ҳам қаердадир ишлашим керак-ку», деб мактабга келгандек», дейди Шерзод Шерматов.

Вазир давлат раҳбарининг 5 та ташаббусидан бири - китобхонлик ва ёшлар мутолааси тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди.

«Ҳозир ҳамма халқ таълими тизими бўйича эксперт. Шулардан айримлари китобларни биратўла йўқ қилиб, ҳар битта ўқувчининг қўлига планшет бериш ва дарсни ҳам тўлиқ электрон шаклда ўтишни маслаҳат қилишган. Аммо мен бунга ҳамиша қарши бўлганман. Китоб ҳеч қачон йўқолмайди. Тараққиёт минг кучаймасин, китоб ўқиш ҳам ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Агар бундай бўлганида эди, ҳозирги кунда АҚШдаги машҳур Amazon порталида 40 миллион турдаги китоб жойлаштирилмаган бўлар эди», деган вазир.