Шифохоналар, тиббий ёрдам бригадалари ҳамда иш ўринлари етарли ҳамма гап фуқароларнинг шахсий масъулияти ва вазиятни тўғри тушуниб етишларида қолмоқда

Бугун вилоят ҳокими иштирокида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, профилактика чора-тадбирлари ҳамда пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатишга қаратилган масалаларга бағишланган онлайн брифинг бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими, бугунга келиб аҳолининг тез тиббий ёрдамга мурожаатлари сезиларли даражада камайганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, 103 рақамига 20-25 июль кунлари 3500 дан ортиқ, шу кунларда ўртача 2400-2500 та қўнғироқ бўлмоқда.

Кейинги кунларда тез ёрдам бригадаларининг моддий-техник ҳолати тубдан яхшиланган. Тез тиббий ёрдам машиналарининг сони 280 тадан 363 тага етказилиб, бу борадаги эҳтиёж 130 фоизга бажарилган. Тез орада яна 10 та Жиззахдаги “Фолксваген” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган махсус тез ёрдам машинаси харид қилинади.

Самарқанд шаҳридаги Олимпия заҳиралари тайёрлаш марказида 1080 ўринли шифохона фойдаланиш учун тайёр бўлди. Шифохонада коронавирус инфекцияси билан касалланган ва пневмонияга чалинган беморларни даволаш учун барча шарт-шароит яратилган. Энг зарур дори ва тиббий асбоб-ускуналар – ИВЛ, кардиомонитор, Бобров аппарати, небулайзер билан жиҳозланди. Барча ўринларга консоль ўрнатилиб, беморларнинг кислород билан даволаниши таъминланди.

Шифохонада жами 34 нафар врач, 90 нафар ҳамшира ва 90 нафар кичик тиббиёт ходими хизмат кўрсатади. Бу ерга олиб келинган бемор рентгентга туширилиб, кардиолог, терапевт ва бошқа тор мутахассис шифокорлар кўригидан ўтказилади. Шу ернинг ўзидаги лабораторияда коронавирус учун тест ҳамда беморнинг ҳолатига қараб бошқа таҳлиллар олинади. Беморларга кислород узлуксизлигини таъминлаш мақсадида замонавий кислород станцияси қўйилади.

Бугунги кунда вилоятимизда уч ойга етадиган дори-дармон воситалари заҳираси яратилган. Бундан ташқари, уйда даволаниш учун қолдирилган беморларга 5000 дона дори жамланмаси тайрланган.

Шифохоналарда даволанаётган беморларни тиббий консилиум қилиш учун Германиядан вирусолог олим, профессор Бар Варнер таклиф қилинди. У уч кун давомида вилоятда коронавирусга чалинганлар билан амалга оширилаётган профилактик ва даволаш ишлари билан танишиб, ўзининг зарур маслаҳатларини берди.

Вилоят ҳокими, брифинг давомида шифокорлар, саломатлигимиз посбонларига мурожаат қилиб, уларнинг меҳнатлари ва хизматларини алоҳида эътироф этди.

- Икки қаватли махсус кийим, қўлқоп, кўзойнак ва резина этикда 8-10 соатлаб беморларга қарашнинг ўзи бўлмаслигини барчамиз яхши тушуниб турибмиз, - деди Э.Турдимов. -  Бугун сизнинг жонбозлигингиз, фидойилигингиз ҳар қачонгидан кўра юз карра, минг карра зарур бўлмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 30 июлдаги "Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони билан тез тиббий ёрдам бригадалари ходимлари бир марталик рағбатлантирилмоқда. Умуман олганда, вилоят бўйича 4 минг 667 нафар соҳа ходимига 18 миллиард 833 миллион сўм берилади.

Вилоят ҳокими брифинг давомида, шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусан, меҳнатга лаёқатли кишиларни иш билан таъминлаш масаласига алоҳида тўхталди.

Қайд этилганидек, энди 28 043,1 миллион сўмдан кўпроқ пенсия, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик нафақаси тўланади.

Маҳалла фуқаролар йиғини орқали 2 ва 14 ёшгача бола парвариши учун нафақа ва моддий ёрдам олувчилар 126 160 нафар ўрнига 150 758 нафарни ташкил этиши ҳамда аввалгига нисбатан 14 570,8 миллион сўм кўпроқ маблағ аҳолига берилади.

- Пандемия шароитида ҳам ишлашга ҳаракати, хоҳиши бор инсонларга иш топилади, - деди вилоят ҳокими. - Фурсатдан фойдаланиб, аҳолига иш билан боғлиқ масалада зарурат бўлса, вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Хашимов Музаффар Казимовичга (93) 038-00-19) мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтмоқчиман.

Бугунги кунда вилоятда биргина қурилиш соҳасида 8,5 мингдан кўпроқ вакант иш ўрни бор. Мисол учун, “Enter Enjinering” (ERILL) компаниясида 4100 та (ойлик маоши 1,5 млн. дан 5 млн. сўмгача, 3 маҳал иссиқ овқат ва бепул ётоқхона билан таъминланади.

“AGROMIR BUILDING” қурилиш корхонасида 1200 та , “Миронқул GROUP” масъулияти чекланган жамиятида 250 та, “Улуғ сиймо қурилиш” масъулияти чекланган жамиятида 280 та, “Бинокор қурилиш” масъулияти чекланган жамиятида 160 та, шунингдек, текстил ва енгил саноат корхоналарида 3,5 мингдан кўпроқ бўш иш ўрни мавжуд.

Вилоятда бугунги кунда 78 минг гектар майдонда экилган такрорий экинларни парваришлаш учун 10 мингдан зиёдроқ ишчи кучига талаб мавжуд.

Бундан ташқари, 754 нафар ўқитувчи-педагог ходимлар, 648 нафар соғлиқни сақлаш тизимининг турли йўналишларида олий маълумот талаб этиладиган бўш иш ўринлари бор.

Йил охиригача вилоятда 21 800 та янги иш ўрни яратилади.

Шу билан бир қаторда жорий йил якуни билан ижтимоий ҳимояга муҳтож “Темир дафтар”даги фуқароларга шахсий томорқа хўжаликларида енгил конструкцияли иссиқхона, уруғлик ва кўчатлар ҳамда суғориш воситаларини харид қилиш учун 16,5 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратиш ҳисобига 3351 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.