Шоирнинг иккинчи умри

У кишининг зурриёди бўлмиш Муқимжон Орифий ота-боболари бошлаган ишни муносиб давом эттириб, кейинги йилларда қатор яхши ташаббуслар билан чиқяпти. Чунончи, Самарқандни гуллар шаҳрига айлантириш, бу ерда турли тадбирлар ўтказиш шундай юмушлар сирасига киради. Мазкур хонадон вилоят қалам аҳлининг ҳам севимли масканларидан бирига айланган. Чунки бу ерда деярли ҳар ойда мушоира ёки ижодий машварат ўтказилади.
Яқинда Муқимжон Орипов яна бир хайрли ишга қўл урди. Марҳум шоир Жамолиддин Сирожиддинов (Хумий) хотирасига бағишлаб "Умр ўтади-ю…" деб номланган китоб нашр эттирди ва у яшаб ўтган жойда тадбир уюштиришни ният қилди. Бу ташаббусни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят маданият бошқармаси ҳамда Тойлоқ тумани ҳокимлиги қўллаб-қувватлади.
Тошкентдаги "Ўзбекистон" нашриёти томонидан Жамол Сирожиддиннинг 2017 йилда чоп этилган "Сиёб оқшомлари" сайланмаси бу тадбирга яна бир туҳфа бўлди. 
Ҳар иккала китоб тақдимоти ва шоирнинг хотира кечаси муносабати билан Тойлоқ туман маданият уйига шоир-ёзувчилар, олимлар, санъаткорлар, журналистлар тўпландилар.
– Хумий ҳақида гап кетганида у кишининг бир хусусиятини кўпчилик яхши билади. Шоир ўзининг деярли барча шеърларини ёддан айтар, айтганда ҳам худди бахшиларга ўхшаб, оҳангга солиб, қўшиқ қилиб айтарди, – дейди Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими масъул котиби Тошпўлат Тугалов. – Бундан ташқари, у киши жуда камтар эди. Таклиф қилинмаган жойга бормас, мулозаматсиз тўрга чиқмас, яхши билмаган нарсаси ҳақида гапирмас, бўлар-бўлмасга ўзини кўрсатишни ёқтирмасди.
– Сирожиддиновлар оиласи ижодкорлар бешиги сифатида нафақат Тойлоқда, балки вилоятимизда ҳам яхши маълум, – дейди туман ҳокими Баҳодир Саъдуллаев. – Оиланинг тўнғичи Жамол Сирожиддин – бетакрор шоир, Икромиддин – тарихчи, Баҳодир эса қўшиқчи, ҳофиз. Мазкур оилавий жамоа республика танловларида бир неча марта ғолиб чиққан. 
Тадбир иштирокчиларининг фикрича, ҳақиқий шоир вафотидан сўнг ҳам китоблари, асарлари, ажойиб фазилатлари орқали ўзининг иккинчи умрини яшайди. Бу умрга эса ниҳоя йўқ. 
Хотира кечаси ва китоблар тақдимотида шоир шеърлари билан ижро этиладиган қўшиқлар янгради.