Си Цзинпин хитойликларни озиқ-овқатни тежашга чақирди

Хитой етакчиси Си Цзинпин хитойликларни озиқ-овқат маҳсулотларини исроф қилишни бас қилиб, егуликни тежашга чақирди.  Бу ҳақда “Синхуа” агентлиги хабар берди.

Хитой етакчисининг сўзларига кўра, бу масалада унинг ҳамюртлари томонидан йўл қуйилаётган исрофгарчилик даҳшатли ва ачинарли. Си Цзининнинг таъкидлашича, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги хавф ҳеч қаерга йўқолмаган.

“Қонунларни кучайтириш, назоратни ошириш, самарали чораларни қўллаш, узоқ муддатли механизм яратиш ва озиқ-овақт маҳсулотларини ортиқча исроф қилинишини қатъий йўқ қилиш зарур”, - деган у.

ХХР раҳбари, ҳукумат шу йўналишда давомийли ташвиқот ишларини амалга ошириши зарур эканлигини алоҳида таъкидлади.

“...аҳолини егуликка нисбатан тежамкор бўлишга ўргатиш, исрофгарчилик уятли ҳолат ҳисобланиши, тежамкорлик эса шарафли бўлиши лозим”, - деди Си Цзинпин.