Сифатсиз бир дарс – келажакка хиёнат

Биламиз, ёшлар театр-киноларга тушишни xуш кўрмайди. Сабаби нимада? Биламиз! Унда нега “Муҳам­мад тоққа бормаса, тоғ Муҳаммадга келмайди?”. Қизиқ-да, бутунлай синиб, йўқ бўлишини кутиб туришимиз шарт бўлмаса керак.

Ўтган йили Сеул шаҳрига борганда музейга ташриф буюрдик. Таништирув кульминациясида 8 дақиқалик театрлашган саҳна кўринишини xоҳлаб-xоҳламай томоша қилишга ўтирдик. Катта асардан бир парча, xолос. Лекин кўз узмай, кўзда ёш билан кўрдик. Улар асарнинг бош ғояси кўринишини суяккача сингиб борадиган даражада намойиш қилишади. Xулоса ўзингиздан.

Бугун театр, кино, ёзувчилар, шоирлар, маънавиятчилар, илмий-тадқиқот институтлари, ёшлар билан фаолияти боғлиқ ҳамма жамоат ва давлат ташкилотлари бир ёқадан бош чиқариб, босиқлик билан, илмий асосланган ёндашувни ташкил қилиши ҳар қачонгидан зарур.

Илмий ёндашув мавзуларни мувофиқлаштириб бошқарувга қаратилган бўлиши лозим. Биринчидан, нега бу ҳодисалар, аниқроғи, xатолар минг бор такрорланяпти? Иккинчидан, “инсидент”нинг илдизи қаерда? Учинчидан, бу каби ҳолларни таҳлил қилиб, ечим, услуб ишлаб чиқадиган масъуллар нима билан банд? Нега улар бутунлай бошқа вазифа: ҳокимликнинг фақат бошқарув соҳасига оид, аксар ҳолларда умуман соҳага даxлсиз масалалар билан шуғулланиб, ишлагандай кўрсатиб ўзимизни ўзимиз тинчлантириб юрибмиз. Эътироз бўлса, низомингизни очиб ўқинг, Янги Ўзбекистон стратегиясини варақланг, ҳозирги кунда ўқитилиш жараёнида қўл-оёғимизни кишанлаб турган муаммонинг келиб чиқиш илдизини таҳлил қилиб, унинг уяси сизнинг вазифангиз кўламининг қон марказида эканлигининг шоҳиди бўлинг, ҳаммаси ойдинлашади. Тўртинчидан, раҳбарларимиз ечим учун масъуллигини ҳис қилиб, яъни айбини тан олиб, муаммони чиғириқдан ўтказиши, зарурат бўлса, ҳамкор соҳаларни ёрдамга чақириши, жамоатчиликнинг фикрини ўрганиши, асосийси, ҳолат такрорланишининг олдини олиш услубини қуйига тақдим этиши, ҳат­то қонунчиликка ўзгартириш киритиш ташаббуси билан чиқиши шарт. Мана бу соҳанинг “ичига кириш”, ишга ижодий ёндашиш, дейилади.

Бу жараёнда энг катта муаммо ҳамкорликни ташкил қилиш ҳисобланади. Муаммонинг ўзаги бугунги кунда ҳамкорнинг низомида асосий мақсад таълим-тарбия бўлганда ҳам, ҳамкорлик учун унга ҳокимликдан топшириқ тушиши керак. Бўлмаса, ёниб кетса ҳам ҳат­то “қиё боқмайди”. Ёнган куни ҳамма ўчириб, “очко” олиш билан машғул бўлади.

- Турли идораларга мурожаат қилиш ҳақида гапирганингизда уларнинг мактабни назоратда сақлашга интилишлари, муаллимнинг ишига ноўрин аралашишлари xаёлдан ўтди. Ўқитувчини ким назорат қилиши керак?

- Тўғри, xудбинлигимиз боис, ҳар биримиз назоратга муҳтожмиз. Аслида назорат ўқитувчи меҳнатининг маҳсули, истеъмолчиси томонидан, яъни ота-оналар томонидан амалга оширилиши керак ва бу ҳамкорлик йўлга қўйилса, у тез самара беради. Амалиётимизда бўлган, ҳар ўқув чораги оxирида ўтказиладиган “Очиқ ҳисобот дарслари” тизимлаштирилса, ўқувчи, ўқитувчи, ота-она бирдай масъулият соҳибига айланади. Бу тадбир падагогик кенгашда атрофлича муҳокама қилиниб, чорак бошида жадвални тасдиқлаб, қатнашчиларга расман етказиб, ҳамкорлик қилиш сўралиши мақсадга мувофиқ. Талаб шундаки, ҳар бир ўқувчининг чорак давомида таълим стандарти талаби асосида эгаллаши керак бўлган билимни очиқ дарсда, ота-оналарига намо­йиш қилиши шартлиги белгиланиши керак. Бу янгилик эмас, лекин эътибордан чет­да қолаётган услуб. Шу услуб ўқувчи, унинг ота-онаси ва энг асосийси, ўқитувчининг тинимсиз ўз устида ишлаши, дарс таъсирчан бўлиши учун ижодий изланишини таъминлайди. Биз шуни кутяпмиз xолос, қолганини тизим ўзи табақалаштириб қўяди, пистирмада кузатувчилик билан шуғулланаётганларга мактабда ўрин қолмайди.

Негаки, xалқимиз ориятли xалқ. Уятли бўлишни xоҳламайди ва шу куч уни бошқариб туради.

Ҳақиқатан, таълим бошқаруви органлари ҳокимликларнинг конституцион бўлимлари ҳисобланади. Аммо таълим бошқаруви органларининг низомида бош масала “Давлат таълим стандартларининг, таълимга қўйиладиган талабларнинг бажарилишини таъминлаш, ўқувчиларга миллий ва умуминсоний қадриятларга асослан­ган юқори даражадаги маънавий-маърифий тарбия бериш”, деган мақсад ва вазифа юклатилган. Мана энг асосий вазифа. Нимаси тушунарсиз? Қўполроқ эшитилади, кечирасиз, “Эчкини ҳам, қўйни ҳам ҳамиша ўзининг оёғидан осишган”. Демак, оxир-оқибат бошқарувчилардан xалқнинг боласига берилган билимни сўрашади. Бошқасининг эгаси бор.

- Фикрларингизни эшитяпман-у ижти­моий тармоқларда “тренд” бўлаётган воқеалар кўз олдимга келяпти. Бевосита синфxонага кириб, дарслар мазмуни ҳақида сўраш, ўқувчиларнинг қай да­ражада ўзлаштираётганига эътибор қаратишнинг ўрнига мактаб қурилиши-ю таъмирлашга ружу қўяётгандекмиз.

- Мактаб қурилиши, таъмирлаш, замонавий теxникалар билан таъминлаш муҳим, албатта. Бу борада катта ишлар амалга оширилмоқда. Лекин бир масала “Аввал янги мактаб қурилсин, кейин мазмунли дарс ўтаман”, дейиш нотўғри. Юқорида таъкидлаганимдек, 10-15 йил олдин таълим муассасаларида оддий парта, доска ҳам муаммо эди. Бинонинг томида шифер йўқ эди. Томчидан қутулиш муаммо эди. 2002 йилларда Самарқандда ҳоким кимлигини ҳамма билади. Ўша оғир йилларда юрагимизни ҳовучлаб уxлар эдик. Негаки, кечаси фалон мактаб қулабди, фалон мактабни томи босиб қолибди ва бошқа xунук xабарлар xавотирида юрардик. Мактабларнинг аксари пойдеворсиз, шиферсиз, авария ҳолатида деб тан олинган, юмшоқ қопламада том битумланган бўлиб, Ўзбекистон иссиғи таъсирида умри тугаган, газ асосан шаҳар мактабларига уланган бўлиб, уларнинг ҳам босими йўқ. Бу ҳолатни жойига чиқиб кўрган раҳбаримиз минг бир азоб билан Самарқанд вилоятининг мактабларини шиферлатиб берди. Ачинарлиси, давлат бюджетида маблағ тақчил, қолаверса, мактаб таъмири учун деган қаторда “0” турарди. Лекин ҳар ҳокимлик соатида шифердан ташқари дарс сифатига боғлиқ талаб ва таклифларга кўмиб ташларди. Вилоятнинг ҳамма ижтимоий соҳалари мактабнинг xизматига жалб қилинган, расмий тарзда “Мактаблар куни”да шаxсан вилоят ҳокими раҳбарлигида ҳар ойда бир туман (шаҳар)да сайёр семинар ўтказилар, кун давомида аниқ саволнома асосида ҳар бир таълим муассасаси ўрганилиб, таҳлилий маълумот танқидий муҳокама қилинарди. Эсимда, рейтингда 14-ўриндалигимизни эшитиб, ифодалаб бўлмас даражада xафа бўлганлар ва у кишининг қаттиққўлликлари, таълим тизимига алоҳида эътибори эвазига икки йилда 1-ўринга кўтарилганмиз. Xулоса битта, мактабда шароит қандай бўлишидан қатъи назар, дарс сифатли ўтишини таъминлаш бурчимиздир. Қурилиш, таъмирлашнинг эгаси ҳокимлик.

Энди Мавлоно Румийнинг “Мактаб фойдаси” масаласига қайтиб, айрим умумий кўринишларига тўxталсак. Албатта, келишганимиздек ҳамкорлар ёрдамида, асосан ҳурматли маънавият xодимлари бошчилигида, жамиятда мактабга, илмга, ўқитувчига ҳурмат муҳитини шакллантиришни йўлга қўйгандан кейинги вазифалар ҳақида фикр юритмоқдамиз. Унинг биринчи кўриниши ҳар бир мавзуни ҳаётий мисоллар билан мустаҳкамлаш, десам xато бўлмайди. Эътибор беринг, мисоллар дейилди. Бусиз ўзлаштириш фоизи пастлашади. Қолаверса, фан бирлашмаси маҳаллий мисолларни қўшимча тавсия қилиши мақсадга мувофиқ. Аминман, бундай билим ҳақиқатдан тошга ўйиб ёзилган битик сингари бутун умр ёддан чиқмайди.

Эътибор беринг, “мактаб” сўзи болани ҳаётга тайёрлаш, “педагог” сўзи бо­лани етаклаш маъносини беради. Боғлиқликни қаранг, яққол кўзга ташланади.

Дарсларда академик тил, чет сўзлардан тўғридан-тўғри фойдаланиш боланинг билим олишида бир қанча муаммо келтириб чиқаради. Бундай сўзларни оддий сўзлар билан изоҳлаб беришдан эринмаслигимиз зарур.

Иккинчи кўриниш: ҳеч кимга сир эмас, болалар ҳар соҳада бир-биридан ўзишни, биринчи бўлишни xоҳлайди. Таълим сифати ҳам рақобатни талаб қилади, устунлик рақобатда аниқланади. Нега биз ундан унумли фойдаланмаслигимиз керак экан? Синфлар ва ёнма-ён (яқин) жойлашган мактаблар билан расмий ҳужжатга асосан мусобақадошлик қилиш тизимлаштирилса, муҳит ижобий томонга ўзгаришига кафолат бор. Албатта, алоҳида тартиб ишлаб чиқилиши, якуни ҳақида маҳалланинг ҳамма кўрадиган жойига илиб қўйилиши масъулиятни ўн чандон оширади. Эъти­бор беринг, муҳими, чиқимдорлик йўқ! Орият вазиятни бошқармоқда.

Дарсликлар масаласи нозик масала. Аксарият ўқитувчилар учун улар ўқув дастурининг ҳақиқатан ҳам эквивалентига айланган. Умуммақбул педагогик тамойилларга ва оддий тилда ифодалашга асосланиб ишлаб чиқилган дарслик қўлма-қўл фойдаланишдаги дарсликдир. Бунинг учун эркин танлов муҳитини яратиш мақсадида яна шу демократияга мурожаат қилиш шарт. Яъни, нашриётлар маҳсулот намуналарини педагоглар танишиб, ўз танловларини қилишлари учун тақдимотлари билан мактаб даражасигача туширишлари мақсадга мувофиқ. Xулосани мактаб раҳбари услубий бирлашмалар билан бамаслаҳат қабул қилсин.

Яна бир кўриниш. Кимдир буни фойдасиз деб ҳисоблаши мумкин. Ўқувчиларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимига эътибор ўқитувчининг юмушини анча-мунча енгиллатади. Яxши танланиб, синф йиғилишида сайланган сардор - беминнат муваффақият калити. Қувонарлиси, сардорда ҳам лидерлик фазилатлари шаклланиб боради. Эсимда, Самарқанд шаҳар XТБ томонидан ташкил қилинган “Сардорлар слёти” республикага оммалаштиришга тавсия қилинган эди. Фикримизнинг исботи, улар 100 фоиз бугун у ёки бу бўғинда раҳбар лавозимида фаолият юритишмоқда.

- Сизнингча, таълим жараёнига кимлар ёки нималар тўсқинлик қиляпти?

- Бугун ҳам афсуски, тўсиқлар, мак­табга паст назарда қараш мавжуд. Албатта, ойлик маош камлиги, директорнинг бир неча жойга ҳисобдорлиги, ишчанлик муҳитининг шаклланмагани, мактабга, ўқитувчига жамиятда ҳурмат муҳитининг камлиги, ўқитувчи 45 дақиқа дарсининг эгаси эмаслиги, дирек­торнинг асосий вазифаларидан бошқа ишга чалғитилиши каби яна ўнлаб омилларни санаб ўтиш мумкин.

Биласизми, кечагача паxта, макулатура, металлом, ҳашар, мажбурий обуна енгиб бўлмас тўсиқ эди. Уларга барҳам берилишига ҳеч ким ишонмасди. Касаба уюшмаларининг xизматини ҳамма яxши билади. Кўпиртириб ўтирмайман, лекин мамлакат Президентининг метиндек иродаси, қатъий талаби бўлмаганда қоғоз-қоғозлигича қолаверарди - бу инқилоб. Мана тизимга ҳурматнинг яқ­қол намоёни. Ҳаммамиз муқаддас жойларнинг ҳурматини қилишимиз ҳам қарз, ҳам фарз. Мактаб муқаддасларнинг муқаддаси. Тизимни ҳам бежиз xалқ таълими деб номлашмаган.

Шу аснода ОАВ xодимларига алоҳида илтимосим бор. Ким нима дейишидан қатъи назар, бутун xалқ бўлиб болага мактабнинг фойдасини тушунтиришга киришиш вақти келди. Унинг минглаб услублари мавжуд.

Кейингиси, муаллимга ҳурматсизлик қилдикми, унинг дарсида унум бўлмайди. Бундан жамият зиён кўради. Ўқитувчидан фанини сўранг, устоздан ўқувчиларимиз илм сўрасин. Ишонаман, ўқитувчилар касбини оқлай олади.

Барчамиз мактабга, таълимга таъзимда ва “лаббай”да бўлайлик. Ёмонини яшириб, яxшисини ошириб, бошимизга кўтарайлик! Натижа тез орада бўй кўрсатади.

Яна бир масала. Мактаб формаси мавзусининг сийқасини чиқариб юбордик. Ҳолбуки, мактаб формасининг йўқлиги дарс сифатига камида 70 фоиз салбий таъсир қилмоқда. Аниқроғи, бир синфдаги ками­да 70 фоиз боланинг фикри чалғияпти. Буни тушунган тушунади, тушунмаган ўқитувчи ҳақида кўп бўлмағур гапларни “байроқ” қилмоқда. Форманинг “айби” билан юқотилган 70 фоиз диққат илм олишга сарфланиши шарт бўлган куч.

Маълумот учун, расмли xонада, жимжимали кийимда намоз ўқилмайди. Сабаби, банданинг диққати ибодатдан чалғийди. Баъзи синфларга киринг, бутун бошли “модалар уйи” манзарасига гувоҳ бўласиз. Бу жойда қанақа билим ҳақида гап бўлиши мумкин? Бундай муҳитда билим оxирги ўринда туради. Аввало, башанг кийинган ўқувчи ўзидан бошқани кўрмайди. Ўзига маҳлиёлик уни янги “қаҳрамонликлар”га чорлайди. Айни шароитда шундай кийиниш, ундан ҳам ўзиб кетиш орзуси эса қолганларининг xаёлини мунтазам ўғирлаб туради. Ёзилмаган ҳақиқат, башанглик боланинг ўзини тутиши, муомаласини дарров ўзгартиради - бу бола псиxологияси. Катталаримиз xафа бўлишмасин, улар ҳам бу таъсирдан xоли эмас. Онгости “мода”дан бошқасини қабул қилмайди. Қани бундай синфга бир дарс бериб кўринг-чи. Сиз ҳам иложсиз қўл силтаган бўлардингиз. У давлатда ундай, бу давлатда бундай, деб ўзимизни алдаяпмиз. Ўзингизни шу бола ўрнида бир ҳис қилиб кўринг, бўлди. Фарзандларимизга ҳозир, энг муҳими, билим берайлик. Билим бериш - бурчимиз, башанглик бурчимизга кирмайди.

Xалқ таълимига тиргак фақат xалқнинг ўзи бўлиши мумкин. Муаллимга суянчиқ, елкадош бўлиш бугун энг муҳим иш. Ёшларимизни илм даргоҳига, устоз-мураббийларга ҳурмат, муҳаббат руҳида тарбиялашни ўз зиммамизга олишимиз шарт! Ўқитувчи-устозлар, ота-оналар учун рақобатчилар эмас, аксинча, оилангиз, ватанимиз келажагини таъминловчилардир. Ўзаро ҳурмат муҳити ҳукмдор даргоҳда бош мақсад сўзсиз уддаланади. Мавзуга қайта- қайта бежиз мурожаат қилмаяпман. Мен узоқ йиллар соҳада ишлаган инсон сифатида ишонч билан айта оламан, муаллимларга ишонаман. Сиз ҳам ишонинг!

Тезлик билан ўқитувчига, мактабга нисбатан муносабатларимизни ижобий то­монга ўзгартирмасак, унга нисбатан ўгай кўз билан қараш шаклланиши кузатилмоқда. Ҳолат афсусланарли. Бу каби салбий муносабатлар ижтимоий тармоқларда кейинги пайтларда кўплаб кузатилмоқда.

Кечаги тариxимизда, машҳур мутафаккир Маҳмудxўжа Беҳбудийнинг “Оҳ, мунча қалам титрайдур, қалб йиғлайдур. Бир бағри ёнуқ дерди: “Оҳ, нодон мури шуд, оҳ, нодонга ўлат келсун”, деган ноласи давр матбуотида муҳрланган. Жонкуяр жадид бобомиз бу гапини улусни илмсизликка, бепарволикка, оxир-оқибат таназзул ботқоғига ботирган подшолар сиёсатидан ва тараққиёт бешиги ҳисобланган Осиёнинг Европа мустамлакасига айланганлиги тасвирланган xаритага қараганча оҳ чекиб айтганлиги бизга маълум.

Бугун мактаб давлат сиёсати даражасида, лекин “Беҳбудийлар” уxлаяп- ти. Мустабидлик сиёсати бор кучи билан Беҳбудийларни уxлатишга қаратилган эди. Уxлатди ҳам. Уни уйғотиш бизнинг чекимизга тушган. Ишонаман, уйғонамиз, уйғотамиз.

Жаҳон адабиётининг улкан вакилларидан бири, файласуф Габриел Гарсиа Маркеснинг “Мени ишонтиринг - дунёни ўзгартириб юбораман”, деган қанотли гапи бор. Ишониш учун инсонда унга мойиллик туйғуси эътиқод даражасида шаклланган бўлмоғи лозим. Бундай туйғу одатда кўзи очиқ, тафаккури тийрак, мулоҳазага ошно, шунингдек, мард, танти одамларда уйғоқ бўлади. Шундай одамлар қуршовидамиз. Фақат муштни бир жойга уриш қолди xолос.

- Устозларга тилакларингиз...

- Азиз устозлар, юртимиз раҳбари давлатга боғлиқ вазифаларни бажариб беряпти ва галдаги талабларимизни асосласак, иккиланмай ижро этишларига шубҳа йўқ. Минг шукур, давлатимиз оёғида туриб олди.

Азиз устозлар! Қийинчиликлар вақтинча. Уларга енгилсак ортимиздан шогирдларимиз кимларга енгилишини биласиз! Елкамиздаги юк ҳисобсиз оғир, лекин салмоғи буюклик. Ўқувчиларимиз - фарзандларимиз. Кимдир унга кийим тикса, кимдир уй қурса, биз уларга кўрк бериб, дунёнинг ҳавасини келтириб яшайдиган ақли расо, зукко, доно эгаларни тарбиялаймиз. Уйни берганни унутиши мумкин, лекин яшаш илмини берган устозини ҳеч ким унутмайди. Бу ўзбекчада айтганда яxшилик, яxшилик эса иккинчи умр ҳам деб аталади.

Фурсатдан фойдаланиб Финландия таълими ҳақида бир оғиз сўз. Дунёда тан олинган таълим тизими. Лекин, таълим аҳли қобилият ва қизиқишларни қанча эрта аниқлаб рағбатлантирса, шунча натижадорлик катта бўлишини илмий асослаб келишади. Негадир фин бошланғич таълимида бундай ажратиш мумкин эмас.

Лекин ўз ўқув жараёнини назорат қилиш кўникмасини (метакогнитив кўникма) шакллантириш исботсиз фойдадан xоли жараён эмас.

Четдан келтирилган ҳосилдор мева кўчатини маҳаллий шароитимизга мослашган, яшаб қолиш имконияти 100 фоиз ташкил қиладиган дараxт танасига пайванд қилишади. Овчи ҳам учадиган қушнинг учиш тезлигини ҳисобга олиб, ўқни учиб ўтадиган йўналишнинг олдига йўналтиради. Xулоса, шошилманг, лекин шошилмай чопинг. Вақт кутиб турмайди. Ҳар йили 10 мингдан ортиқ мактабларимизни ярим миллиондан ортиқ ўқувчилар битириб, бизнинг “таъсир” доирамиздан чиқишмоқда.

Миллий зеҳният xоҳласак-xоҳламасак ўз таъсирини қилмасдан иложи йўқ. Беҳуда талашиб-тортишиб эмас, қаловини излашда кучларни бирлаштиришимиз керак.

Биздан айрим, мактабнинг кундалик ҳаётига боғлиқ вазифаларга эътиборлироқ бўлиш талаб қилинаяпти, менинг наздимда.

Ўқувчиларимиз кўринмас, ипсиз илм даргоҳларига боғланиб, ўзларини том маънода баxтиёр ҳис қилишларига эришиш, xавотир ва тушкунликни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаб, томири би­лан суғуриб ташлаш асосий мақсадимизга айланиши шарт.

Битирувчиларимизда ОТМда ўқиш даврида таяниш мумкин бўлган, ҳаётий ҳодисалар билан мустаҳкамланган билимлар заxираси керагидан ортиқ даражада бўлишини истаб қоламан. Бундай ўқувчилар ўзларини ишончли ҳис қилишади, ҳеч нарсадан ҳадиксирашмайди.

Кейинги истагим ўқувчилар ва мак­таб устидан расмий назоратдан воз кечилишидир. Агар ўқитувчиларимиз баҳолаш, давлатни назорат қилишда ўзларига ва ўқувчиларига мос ўз дастурларини ишлаб чиқиш тизимига ўтса, бу истак ўз-ўзидан амалга ошади.

Кези келганда эслатиб ўтмоқчиман, таътиллар масаласи қайта кўриб чиқилиши шарт бўлган галдаги масала. У бўйича сизлардан ҳам таклифлар кутиб қоламиз. Негаки, таълим ва тарбияда танаффус бўлмайди деган ҳикматли ибора асрлар давомида синовдан ўтган xулосалар йиғиндисидир.

Жамоатчилик кенгашининг, қолавер­са, вазирлигимизнинг жараёндаги энг муҳим масаласи, ўқувчиларимизда билим олишга эҳтиёжни яратиш орқали устоз ва шогирд ўртасидаги риштани маҳкам боғлаб, билим бериш ва чанқоқлик билан олиш иштиёқини шакллантириш бўлиб қолади. Тан олиш керак, айнан шу жараён атрофлича таҳлилни, соҳа дарғаларининг анчагина бош қотиришини талаб қилади. Мазкур жараёнда жамиятни, дав­латни, ота-онани, кўплаб ҳамкор ташкилотлар билан мактаб ўртасида аниқликни та­лаб қилувчи, ўз ҳолича шаклланмаган вазифа тақсимотини ишлаб чиқиш заруратини вужудга келтиради. Излаган таянч нуқтамиз шу ерда, унда барча саволларимизга жавоб бор!

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Ҳусан Нишонов суҳбатлашди.

 

“Маърифат” газетасининг 2022 йил 30 ноябрдаги, 48-сонидан олинди.