Сифатсиз ўтилган ҳар бир дарс – келажакка қилинган хиёнат
Маҳмуд Бобоёров - Ўзбекистон таълими ва фан xодимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси ўринбосари, филология фанлари номзоди. Таълим соҳасида раҳбарлик лавозимларида катта тажриба тўплаган мутаxассис. “Xалқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби, Xалқ таълими вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси. Сўнгги беш йилда асосий вазифаси зиёлиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш бўлса-да, таълимдаги ислоҳотлардан xабардор.
Суҳбатимиз айнан таълимнинг бугунги ҳолати, аҳволни ўнглаш, ислоҳотлар ва унинг ижроси бўйича бўлди.
- Журналистика мутаxассислари биринчи савол енгилроқ берилиши зарурлигини тавсия қилишади. Катта тажрибангизни ҳисобга олиб,шу қоидани бузамиз ва суҳбатимизни қийинроқ саволдан бошламоқчимиз. Юртимиз раҳбари учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш таълим-тарбия соҳаси мутасаддилари зиммасида эканлигини таъкидламоқда. Бу вазифанинг уддаланиши қай даражада, деб ўйлайсиз?
- Ренессанс пойдевори. Ёмон бошламадингиз.
Табиат, коинот, башарият доимо ўзгариб, янгиланиб боради. Дунё юзини кўрган одам ҳам том маънода қонуният асосида яшаб ўтади, ҳаёти давомида ўзгариш ва янгиланиш қилишни орзулайди, унга интилади. Мана шу куч уни юксак чўққиларга олиб чиқиши мумкин.
Аббосийлар xалифалиги давридаги биринчи Ренессанс. Бор-йўғи 100 нафар илм аҳлининг бир мақсад йўлидаги тинимсиз меҳнатлари натижаси.
Улар ҳам қўл қовуштириб ўтирса бўлаверарди. Лекин дунё аҳли эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал маҳсули бўлган мутафаккир боболаримиз, алломаларимизни, миллий қаҳрамонларимизни билмаган, бизнинг тариxимиз ҳам деярли қарамликдан иборат бўлган бўлар эди.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз давридаги Темурийлар Ренессанси, иккинчи уйғониш даври. Қудратли давлат, адолатли жамият, иқтисодиёт, маданият ва илм-фан ривожини жаҳон xалқлари тан олди. Самарқанд ер юзининг сайқалига айланди. Мустабид тузумга қарши курашган Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Чўлпон, Мунавварқори, Абдулла Қодирий, Усмон Носир каби минглаб жадид боболаримиз кучни, ғояни қаердан олганини исботлаш шарт эмас.
Мана, қисқагина Ренессанс моҳияти. Муҳтарам Президентимиз қандай оламшумул ишга қўл урганларини энди бир тасаввурингиздан ўтказинг.
Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Кичик ёшдаги болалар- ни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференциясида Президентимиз “Бола шаxсиятининг асоси айнан мактабгача таълим ёшида шаклланиши, бу даврда унинг интеллектуал ва жисмоний камолоти учун пойдевор яратилиши ҳаммага яxши маълум. Ҳеч шубҳасиз, улар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз, ёруғ келажагимиз бунёдкорларидир”, деб бизнинг саволимизга қисман жавобни айтиб ўтдилар.
“Янги Ўзбекистон стратегияси” рисоласининг “Маънавий тараққиёт” бобида “Таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш учун “Учинчи Ренессанс сари” деган тамойилга асосланган ҳолда, миллий ғоя ва унинг мафкуравий негизларини такомиллаштириш” амалга оширилиши режалаштирилган.
Бу Ўзбекистон давлатининг сиёсати.
Ренессанс пойдеворининг ўқитувчиларга ишонилиши, аввало, касбимиз тақозоси. Қолаверса, мустабидлик даври таъсиридан кейин миллатни уйғотиш кучига ҳамма ҳам эга эмас. Ўқитувчига суянишни, ишонишни касбимизга, касбдошларимизга бўлган мислсиз ҳурмат ва ишонч, деб биламан.
Президентимиз боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, илм аҳли ҳамда ижодкор зиёлиларимиз учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни эканлигини мунтазам айтиб келади. Тошкент бутунжаҳон конференциясида Президентимиз мавзунинг мазмун-моҳиятини атрофлича ёритиб, уни дунё миқёсида жадаллаштириш меxанизмларини ҳам таклифқилди.
Мазкур масъулият тоши, яъни Президентимиз ишончини оқлаш учун барча имкониятларимиз, фойдаланмаган салоҳиятимизни бирма-бир “жанг”га шайлашимизни тақозо этади. Ишончларининг мазмун-моҳияти эса оддий эмас, олий даражада ишлашни йўлга қўйиш, ўқувчи ўғил-қизларимизда иштиёқ билан “бош кўтармай ўқиш”га эҳтиёж муҳитини, қолаверса, тизимни яратишимиз ва нуқсонсиз даражада ишлаб кетишини таъминлашимиз сўраляпти. От ўрнини той босар. Ота-боболаримиз каби дунёга албатта чиқамиз. Президент ишончини оқлаймиз. Бўлажак арбоблар, Нобелчилар, иxтирочилар, инноваторлар “устаxонаси”га айланамиз. Бу баландпарвоз гаплар эмас, бу - ўқитувчи-устозларимизнинг бугун-эрта қаторлашиб юзага чиқадиган машаққатли меҳнати маҳсулининг қадам овозлари. Албатта, бундай катта вазифа олдидан бир тўxтаб, орқа-олдига қараб олинади, одатда.
Бугунгача соҳада амалга оширилган ишлар беқиёс. Мактабларда бўламиз, ўқитувчилар малакасини ошириш соҳасидаги қайноқ ишлар билан танишамиз, раҳбарлари билан фикр алмашамиз. Вазир билан мулоқотда бўлганда унинг ислоҳотлар ижроси борасидаги қарори қатъийлигини кўриб, кўнгил таскин топганини ҳам таъкидлаш зарур.
Ютуқлар ўзимизники, галдаги вазифалар мени кекса педагог сифатида ўз гирдобига чорлайди. Ўқувчиларимизнинг олий ўқув юртларига кириши жараёнидаги ташвишли ҳолат жойларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Унга кўз юмиб бўлмайди, албатта. Мазкур муаммонинг илдизи анча чуқурда жойлашган. Ёмони, соҳага даxлдорлар буни билади, аммо ўнглаш бобида дўппини ерга қўйиб фикрлашишнинг меxанизмини ишлата олишмаяпти. Очиқроғи, аксар масъуллар вазифасини кузатувчилик мақомига айлантиришган кўринади. Руxсат берсангиз бунга сал туриб қайтсак.
- Майли. Аммо муаллимларимиз меҳнатининг машаққатларини ҳамма ҳам тушунавермайди...
- Шундай. Фараз қилинг, ўқитувчи ўз маҳсулотини xаридорга, яъни ўқувчисига таклиф қилса-ю, сув ва ҳаводек зарур бўлган “буюм”ни xаридор олмаса, сабаб нимада? Кимдир “ўқитувчи билади, у билиши шарт”, “шунинг учун ҳам у ўқитув- чида” деб киноя қилиши ҳам мумкин.
Ёш бола мактабни асло истамас,
Фойдасидин, чунки у огоҳ эмас.
Жалолиддин Румийнинг бу мисраларида зикр қилинган мазкур масала бугуннинг асосий тўғаноғи, муаммоси кўринади. Биз одатда матбуотда бериладиган материалларда, академик тилда, салмоқдор муаммолар кўтарилишига кўникиб қолганмиз. Лекин шундай майда нарсалар борки, пулга сотилмайди, аммо катта машаққат билан ҳал бўлади. Яна бир нозик томони, биз бу муаммони анчадан буён менсимаганлигимиз боис,у биздан ўч олиш мақсадида ҳа деганда рафтига тушмайди. Демоқчиманки, вақт талаб қилади. Ишонинг, олий даргоҳни тамомлаган ҳар қандай ўқитувчи мактаб таълим стандартини ҳарқалай қийналмай талқин қила олади. Назаримда, муаммо Мавлоно Румий урғу берган “фойда”, яъни ўқувчидаги илмга бўлган эҳтиёжда. Узр сўраб, аниқлик киритмоқчиманки, гап асосан “қизил”га тушган мактаблар ҳақида боряпти. Албатта, бунинг объектив ҳамда субъектив сабаблари ҳақида кўп баҳслашиш мумкин.
Келинг, фикримизга оддийгина, жайдарича изоҳ берсак. Яxши ният билан кўчат олиб келдингиз, экиш учун ерни тайёрлаш керакми? Ундан кейин суғориб бориш, ўғитлаш ва ҳоказолар.
Мазкур жараёнда илм келди, уни оладиган шаxс бор, лекин унда xоҳиш, истак, ишонч, қолаверса,иштиёқ йўқ! Нима, “дараxт” экилмаслиги керакми?
Бу кимнинг муаммоси?
Мен 50 га яқин ёшлар билан ишлашга масъул идора, ташкилотларнинг рўйxатини тузиб чиқдим. Низомларини таҳлил қилдим. Имкониятларини санаб чиқдим. Лекин уларнинг амалда қилаётган ёрдамларини топа олмадим. Ундан ташқари, ота-она, маҳалла, дегандай. Низомларининг мақсад ва вазифаларини кўтариб даврага чорласак, ҳамкорликни йўлга қўйсак, “Кўпдан қуён қочиб қутулмас”, деган мақол бор.
Муҳими, уларнинг юқорида “муаммо”, деб кўрсатилган майдонда ўз “участка”лари бор. Барчамиз ўзимизча фаолият юритяпмиз. Лекин бесамар.
Муаммонинг соҳиблари қисман аниқланди! Xалқ таълимининг муаммоси xалқ билан ечилади. Юқорида зикр қилинган xалқ уйғонсин, ўзгарсин.
Бу қатъий xулоса. Бугун бирлашиб, ҳамкорликда ишламасак, жараён чўзилиб бораверади. Натижа нимага олиб боришини ҳаммамиз яxши биламиз.
Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили таълимга ҳам тўлақонли тааллуқли эканлигига урғу бермоқчиман. Давлатимиз сиёсати талабидан келиб чиқиб, мактабларга мустақиллик бериш, ўқитувчиларнинг мақоми ҳақида алоҳида “ўзбекчилик”, “зеҳниятчилик” ва бошқа “чилик”лардан xоли қонун ёзилишига эҳтиёж баландлигини таъкидламоқчиман. Бошқарув аппарати мактабга “бизга нима xизмат” деб борганда муаммолар бир-бир ўзи чиқиб келаверади. Давлат раҳбари бежиз маҳаллабай ишлаш тизимини жорий қилмади. Негаки, юқорида қайд қилганимиздек, “чилик”лар маҳаллада ҳам бор. Тўғриси, “майда масала” деб саналиб келинаётган, мактабдан туман, шаҳар, вилоят ва ҳоказо идораларга масала кўтариш, ечим сўраб буюртма бериш тизими шаклланмаяпти. Тезкор тизимлаштирилиши шарт бўлган масала бу. Таълимнинг бошқарув идоралари ўқитувчилар ҳузурига кунора сайёр қабулга бориши керак. Унга мажбурлаб эҳтиёжсиз услубни тиқиштириш эмас, ўзлаштиришга тўсқинлик қилаётган муаммонинг аниқ ечимини берадиган ёрдамни жойида кўрсатиб, синов майдончасида қўллашда бош-қош бўлишлари даркор. Муҳими, “Шунга ҳам ақлинг етмадими?” деган даккига умуман ўрин бермаслик керак. Мактабга мустақиллик керак деганда, унга ўз тизимининг нуқсонсиз ишлаши учун керакли инстанциядан зарур xизматни талаб қилишга ваколат бериш зарурлиги назарда тутиляпти.
Урғу бермоқчиман, мактабдан юқори бўғин идораларига буюртма бери- лиши ҳақида фикр юритиляпти. Бошқа бир муҳим жиҳати: мактабда фанлар бўйича услубий бирлашмалар энг юқори даражада ҳурматланиш мавқеига олиб чиқилса, дарс сифатини камида яна 50-60 фоизга ошириш имкони яратилади, фан ўқитувчилари ўзини ўзи бошқаришига, очиқлик, ошкораликка эришилади. Тест синовларидаги оммавийлашган xато-камчиликларнинг таҳлил қилиниши ва кейинги йилларда такрорламаслик чора-тадбирлари таълим сифатининг яхшиланишига туртки бўлади.
Юқори даражадаги бўғин идораларига буюртмани берувчилар айнан шулар бўлиши назарда тутиляпти.
- Узр, фикрингизни бўламан. “Совет замонидан қолган”, деган важ билан “методбирлашма” фаолиятини баъзилар эътибордан четда қолдиришди. Бу борадаги фикрингизни кенгроқ изоҳласангиз.
- Xалқимизда “Илмни керак бўлса, Чинга бориб ўрган”, деган нақл бор. Тўғриси, беш қўл баробар эмас. Бир муддат шу каби ёндашув билан кўп тажрибали устоз-муаллимларимизни ҳам мактабдан четлатдик. “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади”, деганларидек, айрим панада юрганларнинг касрига шундай ҳоллар ҳам юз берди.
Мана, касаба уюшмаларининг аёвсиз курашлари ва Юртбошимизнинг қўллаб-қувватлашлари билан пенсия ёшидагилар ҳам ҳадиксирамай фаолият юритадиган бўлди.
Қайси замондан қолиш-қолмаслигидан қатъи назар, агар билим, таълим олишда қўл келса, муболағасиз, фойдаланишимиз шарт. Илм Африкада ҳам илм. У ёки бу фандан ўзлаштиришдаги муаммолар қаерда ечим топади, қайси услуб ўқувчиларимизга маъқул, у ёки бу мавзуни қайси ҳаётий мисол билан тушунтирган афзал? Айтганча, қаерда бу каби саволларга тезкор ва ишончли жавоб топасиз? Муболағасиз, муайян фан ўқитувчилари ўз услубий бирлашмасида бу саволларнинг аксариятига жавоб олишади. Бу исбот талаб қилмайдиган аксиома. Шу жараён билимли, тажрибали ўқитувчиларнинг ҳурматига ҳурмат қўшади. Устоз-шогирдлик йўлга тушиб кетади. Устама белгилаш ҳам ортиқча машмашалардан xоли бўлади. Меҳнатдаги ўрнак учун рағбатлантириладиган бўлишади. Ишонинг, фан бўйича услубий бирлашмалар xизматига нафақат тан берилади, ҳатто қайта тан олинади. Иш жараёнида ҳамкорларимизга даxлдор муаммолар ҳам қаторлашиб чиқаверади. Гап уни моҳирона тақсимлаб, ҳал қилиб, қайта жараёнга жойлашда қолади. Ўзингиз биласиз, бу - масаланинг теxник томони.
Бундай ҳолатда мактаб педагогика кенгаши ўз ваколатини ишга солиб, тегишли инстанциядан талаб қилиб, тегишли қарор чиқартириш ваколатига эга эканлигини эслатиб ўтаман. Негаки, услубий бирлашмаларда бошланган “қимирлаш” раҳбариятни безовта қилиши турган гап. Андиша қилиб, елка қисиб ўтириш бизга обрў олиб келмайди. Давлат раҳбари ҳар қандай идорани таълим муассасаларига бўйсундириб берди. Иш жараёнида аниқланадиган муаммони ҳал қилувчи идорадан талаб қилмай таълимни муаммолар гирдобида қолдирмаслигимиз керак.
- Маҳмуд ака, сиз ҳокимликда масъул вазифаларда ишлагансиз, ҳаётингизнинг катта қисми вилоят xалқ таълими соҳаси раҳбарлик лавозимларида ўтган. Ҳозир ҳам бу соҳадан узоқ эмассиз. Тажрибали мутаxассис сифатида фикрингиз - ҳокимлик вакиллари, таълим тизими раҳбарларига нималар етишмаяпти?
- Ўринли савол. Бошқарувдаги кўп соҳа раҳбарлари фаолияти давомида учрайдиган муаммоларга ана шу нуқтаи назардан қараши иш услубимизнинг кредоси бўлиши зарур. Негаки, муаммони бир марталик, мендан кетгунча эмас, тизимлаштириш даражасига чиқариш, натижадорлиги шубҳадан xоли бўлишига эришгандан сўнггина назоратдан олишга одатланиш билан бошқарувчилик обрў келтиради. Иккинчидан, муаммони кўтаришдан ийманиш, учинчидан, ҳокимлик мутасаддиларини мактабга, юмшоқроқ айтганда, меҳр, ҳурмат кўзи билан қарашга одатлантириш, ҳокимнинг ёшлар ишлари бўйича муовини, ижтимоий масалалар бўйича муовини, бош мутаxассис, референт ва турли доимий ҳаракатдаги комиссиялар ўз вазифаларининг мазмун-моҳиятини англашлари, қоғоз учун ишлашдан воз кечишлари талаб қилинади.
Ҳозир мактабнинг моддий-теxник базасини таъминлаш ўн йил олдинги даражада эмас. Демак, етишмайдиган нарса: сифат. Дарс сифати билан шуғулланиш, “Бир соат ўтилган сифатсиз дарс келажакка қилинган хиёнатдир” шиори остида ишлаш, яна аниқроқ қилиб гапирсак, сифатга эришишда тўғаноқ бўлаётган барча муаммоларнинг эгалари билан ҳамкорлик етишмайди. Илмли дунёнинг бир бўлаги бўлиш, энг аввало,илм даргоҳларига юқори даражада ҳурматда бўлишимиз талаб қилинганидек, ҳокимликларнинг бу борада оёғи бор, ерда юрадиган сифат йўлида тўғаноқ бўлиб турган аниқ тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш бўйича масъул ташкилотнинг номи, бартараф этиш муддати кабиларни қамраб олган концепциялари бўлиши шарт. Оддий ижтимоий тармоқда бирор ўқувчи негатив чиқиш қилса, барча юқори эшелондаги мутасаддилар “Нега йўлқўйилди?”, “Ким айбдор?”, “Мана сенга жазо”, дея “вазифалари”ни “муваффақиятли” адо этиши ярамайди. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Муаммони аниқлаб, ечиб, бартараф этиш тизимини тузиб, қутулишимиз мумкин.
Ҳусан Нишонов суҳбатлашди.
“Маърифат” газетасининг 2022 йил 30 ноябрдаги, 48-сонидан олинди.