Синфхонада пиротехника воситасини портлатган ўқувчининг ота-онасига жарима қўлланилди
Ижтимоий тармоқларда синфда ўқитувчисининг олдида пиротехника воситасини портлатган ўқувчининг тасвири акс этган видео тарқалди. Халқ таълими вазирлиги ҳолатга изоҳ берди.
Маълум бўлишича, синфда пиротехника воситасини портлатган ўқувчи Фарғона вилояти Боғдод туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синфида таҳсил олиши маълум бўлди.
Ҳодиса ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда қуйидагилар маълум бўлди:
Мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси биринчи навбат тўртинчи соатдан кейинги танаффус пайтида мактабнинг 11-синф ўқувчиларининг тинчлигини сақлаш мақсадида хонага кирган, ўқувчиларни тартибга чақириб, шу синф ўқувчиси Ж.Ш.га хонадаги парта стулларни тўғрилашни буюрган. Ж.Ш. ўқитувчининг танбеҳидан нотўғри хулоса чиқариб, пиротехника воситасини ёқиб юборган. Ушбу ҳолатни шу синф ўқувчилари А.Қ. ва Н.С.лар видеога олиб, ўзининг тик-токдаги шахсий профилига жойлаган.
Воқеа юзасидан шу куннинг ўзидаёқ жамоатчилик ва ҳуқуқ-тартибот орган ходимлари ҳамкорлигида ўрганиш ишлари олиб борилиб, ўқувчиларнинг ота-оналарига МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб ҳисобланиб, базавий ҳисоблашнинг 2 баравари миқдорида, яъни 446 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган.
Ўқувчилар бир йил муддатга туман ИИБда профилактик ишлари олиб бориш учун рўйхатга олинди.
Ўқувчиларга мактабнинг тажрибали педагог ходимларидан мураббий бириктирилиб, уларнинг таълим-тарбиясини назоратга олиш ҳамда қизиқишига кўра, тўгаракка жалб қилиш тўғрисида якуний хулосага келинган.
Келгусида мактаб маъмурияти ҳамда педагоглар жамоаси ўртасида бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик ва ўқувчилар, ўқитувчилар тартиб-интизомини қаттиқ назоратга олиш, МФЙ профилактика инспекторлари билан ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.
Халқ таълими вазирлиги бу каби ҳолатлар аянчли оқибатларга олиб келмаслиги учун ота-оналардан фарзанд тарбиясига масъулият билан қарашга чақиради.