Сирли рақам

13 рақамига европаликлар ҳар хил қарашади: кўпчилик уни бахтсизлик рамзи деб билади.

13 рақами билан ирим қачон пайдо бўлган аниқ эмас. Фақат уни қора кучлар билан боғлиқлиги таъкидланади. Яна 13 рақами “ўлим”ни билдираркан. Аммо уни яхшилик аломати деб билувчилар ҳам бор. Бу борада бир ҳодиса диққатни тортади.

Афсонавий милтиқ ихтирочисининг бева келини Сара Винчестер ўз уйини қуришда атайин 13 рақамидан фойдаланган. Гап шундаки, аллақандай кароматгўй қисқа муддатда эри ва фарзандидан айрилган аёлга унинг оиласини арвоҳлар таъқиб қилаётганини хабар қилади. Марҳумлар Винчестерда отиб ўлдирилганди. Кароматгўйнинг айтишича, бева қолган аёл эри ва фарзанди хотирасига атаб махсус уй қурса тавқи лаънатдан халос бўлармиш.

1884 йилда Сара Калифорниянинг Сан-Хосе шаҳрига кўчиб келади ва у ерда кейинчалик “Винчестерлар уйи” номи билан машҳур бўлган қароргоҳ қуради. Уйни ўз дидига мослаб жиҳозлайди. Унда 13 душхона қурилади, барча зиналар 13 поғоналик. Хоналар деразалари, уларнинг кўзлари 13 тадан эди. “Арвоҳлар учун” уйга марҳум эридан мерос қолган бутун бойлиги сарфланади. Сара Винчестер 1922 йилда 85 ёшида вафот этади. Унинг қолдирган васиятномаси 13 бўлим, 13 имзодан иборат эди.

Унинг қароргоҳи бугунги кунда музейга айлантирилган.

Т.Шомуродов тайёрлади.