Сиёсий партиялар фаолиятида депутатни чақириб олиш амалиёти бўлганини эшитмадим

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари - аппарат раҳбари Илҳом Ботировнинг мухбиримиз саволларига жавоблари:

- Бугун чинакамига изланиб, янгиликларни фаолиятига жорий этиб борган сиёсий кучгина эл назаридан қолмайди, дастурий мақсадларини қўллаб-қувватловчилар сони кун сайин ортиб бораверади. Сиз раҳбарлик қилаётган партияда бу борада аҳвол қандай?

- Партиямиз бугун мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, айниқса, аҳоли фаровонлигини оширишдан манфаатдор. Шу маънода бугун аҳолини турли амалий лойиҳаларга жалб этиш, уларда мавжуд шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўз ғоя ва лойиҳаларини амалга оширишларига кўмаклашишга интилмоқдамиз. 20 дан ортиқ лойиҳаларнинг аксарияти айнан ёшлар, хотин-қизлар, аҳолининг банд бўлмаган қатлами вакиллари бандлигини таъминлашга қаратилган. Бунда тадбиркорлик соҳаси билан фаолияти бевосита боғлиқ бўлган 30 дан ортиқ ташкилот ва муассасалар билан амалий ҳамкорлик ўрнатилгани яхши самара бермоқда.

Бу каби саъй-ҳаракатларимиз натижасида вилоятимиздаги сафдошларимиз сони кейинги бир йилда 2 бараварга ошиб, 100 минг нафарга яқинлашди. 1236 корхона, ташкилот ва муассасаларда O’zLiDeP нинг қуйи бўғинлари пайдо бўлди. 2500 га яқин фаол юртдошларимиз партия Кенгашларимизда ташкил этилган турли ижтимоий тармоқлардаги каналларга бирлашиб, билим ва тажрибаларини оширмоқда, долзарб мавзуларни муҳокама қилмоқда, мавжуд муаммоларга биргаликда ечим изламоқда. 200 нафардан зиёд депутатлик гуруҳи аъзолари жойларда ўз сайлов округларида ҳар ҳафта биттадан сайёр қабул ташкил этмоқда. Ҳозирги кунгача ўтказилган 92 та сайёр қабулларда кўтарилган 3920 та муаммодан 462 таси ҳал этилди. Лойиҳаларимизда 70697 нафар юртдошларимиз қатнашиб, 28275 нафари билимларини оширган бўлса, айнан бизнес ва тадбиркорлик йўналишида 20734 нафари ўз билимларини оширди ва бизнес лойиҳаларини амалга оширишга киришди.

- Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган бугунги сиёсатда халқ билан яқин мулоқотда бўлиш, одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, муаммоларига ечим излаш устувор аҳамият касб этяпти.

Ўз-ўзидан аёнки, мазкур масалага айниқса, сиёсий партиялар жуда катта эътибор қаратиши лозим. Зотан, одамлар билан ишлаш механизмини самарали йўлга қўя олган партиягина жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, таъсир кучи ошади. Шундай эмасми?

- Вилоятимизда партия кенгашларимиз ва барча партия тузилмаларимизнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида кенгашимизда алоҳида бўлимлар ташкил этилган. Вилоятдаги 17 та депутатлик гуруҳларимиз аъзоларининг масъулиятини янада оширишга жиддий аҳамият қаратиб келаяпмиз. Депутатлар томонидан уларга сайловчиларидан келиб тушган мурожаатларни ҳал этиш бўйича 689 та сўровлар чиқарилган, 100 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисобот ва ахборотлари гуруҳ мажлисларида эшитилган. Шунингдек маҳаллий Кенгашлар сессияларига 55 та таклифлар киритилиб, 22 таси муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

Ўтган 6 ой давомида партия кенгашларига 564 та мурожаат келиб тушган бўлса, 462 таси қаноатлантирилиб, 85 таси тегишли ваколатли идораларга юборилган.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида фаолларимиз томонидан жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва аҳолига кўмаклашиш мақсадида уюштирилган тадбирлар давомида июнь ойининг ўзида 1952 та муаммоли масала аниқланди. Шундан 1666 таси ёки 85 фоизи жойида ҳал этилди. 286 та муаммо республика вазирлик ва идоралар аралашуви орқали ҳал этилиши ҳисобга олиниб, партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитасига тақдим этилди.

- Албатта, сайлов кампанияси бошланишига ҳали вақт бор. Аммо партиялар уни анча аввал бошлагани аниқ...

- Ўтган даврдаги фаолияти давомида парламент ва маҳаллий кенгашларда кўпчилик ўринларни қўлга киритиб келаётган O’zLiDePнинг вилоятдаги фаоллари ва тузилмалари учун етакчилик мавқеини нафақат сақлаб қолиш, балки янада мустаҳкамлаш йўлида мунтазам ишлаш муҳим вазифамиз ҳисобланади.

Вилоятимизда 15 нафар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, 60 та вилоят ҳамда 480 та туман ва шаҳар кенгашлари депутатлик ўринлари учун кечадиган сайлов жараёнларига ўтган сайловларнинг эртаси кунидан тайёргарлик бошланган ва бу борадаги ишлар тобора қизғин палласига кириб бормоқда. Сайлов компанияси бошланишига старт берилиши – бу ўша пайтгача кўрилган тайёргарликни қизғин рақобат муҳитида амалга ошириш бошланди деганидир.

- Аксарият ҳолларда сайловдан сўнг партия ва депутат ўртасидаги алоқа узил-кесил узилади. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

- Бундай салбий ҳолат мавжуд ва жуда ҳам афсусланарли. Бундан номзодни илгари сурган сиёсий партия эмас, балки уни сайлаган, унга ишонч билдирган кўп минг сонли сайловчилар ҳам ютқазаётгани ҳақиқат.

Алоқани узган ҳар бир депутат мисолида талқин қилинса алоҳида жиҳатлари кўринади. Бу эса халқнинг ҳокимиятдаги вакили, яъни депутат деган юксак номга муносиб кўрилган шахснинг мансабпараст, ўз манфаати олдида бошқалар манфаатини, муаммоларини иккинчи даражали, деб билган бошқаларнинг фикри унинг учун аҳамиятсиз, кўпчиликнинг баҳосига номуносиб шахс, деган аччиқ бўлсада, очиқ баҳо бериш керак.

Умуман, депутат билан партия ҳамда сайловчиларнинг алоқаси узилишининг биринчи сабаби номзоднинг партия томонидан нотўғри танлангани, партия кенгашидаги номзодни ўрганиш бўйича комиссия номига ишлагани, иккинчидан депутат – ваколати белгиланган қонунларни билмаслиги, яъни ҳуқуқий онги пастлиги ёки қонунларга ҳурматсизлигидан.

- Умуман, партиянинг вилоят ёки туман кенгаши фаолиятсиз ёки партия билан алоқани узган депутатларга қандай чоралар кўрди? Депутатликдан чақириб олиш билан боғлиқ чора нима учун қоғозда бору амалда қўлланилмайди?

- Депутатни чақириб олиш бўйича нафақат O’zLiDeP, балки бошқа сиёсий партиялар фаолиятида бундай амалиёт бўлганини эшитмадим ва бирон бир депутат чақириб олинмади.

Бунда биринчидан, депутат бўлиб сайланган шахс фаолиятига баҳо беришнинг механизмлари аниқ ва мукаммал эмас. «Ишламаяпти», «депутатликка муносиб эмас» каби салбий баҳо берилаётган депутат бошқа жабҳаларда, жамоат ишларида ёки ўз меҳнат жамоасида олиб бораётган фаолияти ҳамиша ҳам қониқарсиз, деб бўлмайди.

Иккинчидан, бу борадаги қонун ҳужжатлари қабул қилинганига 15 йил, охирги киритилган ўзгартишга 10 йилдан ошди. Қонунда фаолияти суст депутатни чақириб олиш учун асосли сабаблар бўлиши белгиланган. Чақириб олиш учун асос етарли деб ҳисобланган тақдирда ҳам депутатни чақириб олиш учун у сайланган округда овоз бериш ўтказилиши ва сайловчилар “Депутатнинг чақириб олинишини ёқлайман” ёки “Депутатнинг чақириб олинишига қаршиман” деб таклиф этилаётган қаторлардан бирини белгилаган ҳолда овоз беришлари зарур. Якуний босқич сифатида кўриб чиқаётганимиз – овоз беришни ташкил этишгача бўлган жараёнда яна кўплаб меъёрлар борки, бу меъёрлар асосида депутатни чақириб олиш партия учун ҳам, маҳаллий кенгашлар учун ҳам вақт, маблағ ва сайловчиларнинг муносабатини билиш билан боғлиқ жараён бўлгани сабабли енгил кечмайди.

Шундай экан депутатлик фаолияти ҳамда депутатнинг мақоми, уни чақириб олиш билан боғлиқ қонунларимизни ҳам қайта кўриб чиқиш вақти келди, деб ўйлайман.

- Олдинда турган сайловлардан кейин ҳам шундай бўлмаслиги учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайсиз? Ва бу борада Сиз раҳбарлик қилаётган сиёсий партия томонидан нима ишлар қилинмоқда?

- Сайловга тайёргарликнинг ҳозирги босқичида ишлар кўлами кенг. Бу номзодлар билан ишлаш, уларни тайёрлаш билан боғлиқ масалалардан тортиб, аъзолар сафини фаол юртдошларимиз ҳисобига кенгайтириш, 1200 дан зиёд бошланғич партия ташкилотлари ва 16 та туман, шаҳар кенгашларимиз моддий техник аҳволи ва шароитларини яхшилаш, тарғибот тадбирлари ва воситаларини тайёрлаш, сайлов штабларимиз, тарғибот гуруҳларимиз, ишончли вакиллар, кузатувчи ва ваколатли вакилларни танлаш ва тайёрлаш каби кўплаб вазифалардир.

Аввалроқ ушбу саволларга Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг вилоят Кенгаши девони раҳбари Азим Солиевнинг жавоблари берилган эди.

Ёқуб Марқаев,

Zarnews.uz мухбири суҳбатлашди.