Словакияда минглаб одамлар чекловга қарши намойишга чиқди

Словакия пойтахти Братиславада минглаб одамлар коронавирус пандемиясига қарши кураш йўлида ўрнатилган чекловларга қарши норозилик намойишига чиқди. Намойишнинг ўзи 6 кишидан ортиқ одам йиғилиши тақиқининг бузилишига олиб келди. Намойиш иштирокчилари бундай чекловларни фуқаролик ҳуқуқларининг қўпол бузилиши сифатида қабул қилмоқда. Улар ниқоб тақиш, тест таҳлиллари топшириш ва уйда алоҳидаланишни асоссиз талаблар, деб ҳисобламоқда. Намойишчилар Игорь Матович ҳукумати сиёсатини “коронавирус террори” деб аташди. Бу ҳақда 18 ноябрь куни Euronews агентлиги хабар берди.

Словакия ҳам бошқа мамлакатлар сингари COVID-19 эпидемиясининг янги хуружини бошдан кечирмоқда. Кейинги кунларда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги инфекция тарқалиши тезлигининг бироз пасайганини қайд этмоқда. Сўнгги кеча-кундузда мамлакатда 1300 нафар коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати қайд этилди, 22 нафар бемор вафот этди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, Словакияда пандемия бошланганидан буён 90 мингга яқин касалланиш ҳолати қайд этилган.

Республикада 1 октябрь санасидан бошлаб фавқулодда ҳолат режими жорий этилган ва у декабрь ойи охирига қадар давом этиши назарда тутилган.