“SMART MAHALLA” - маҳаллада жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда самарали дастур

Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Нажмиддин Тўрахўжаев  Самарқандда “SMART MAHALLA” дастури тақдимоти олдидан ходимлар билан учрашув ўтказди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида 2021 йил 1 июнга қадар Тошкент ва Самарқанд вилоятларида, жорий йилнинг якунигача эса республиканинг бошқа ҳудудларида ишга туширилиши белгиланган.

Дастур профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш, профилактика инспекторлари ва сектор раҳбарлари фаолиятига баҳо бериш, ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва содир бўлган жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларга нисбатан ўз вақтида чора кўриш, фуқаро ҳамда маҳалла профилактика инспектори ўртасидаги тўсиқларни бартараф қилиб, фуқароларни профилактика инспекторига ва маҳаллага тўғридан-тўғри мурожаат қилишларининг имконини яратади.

Бундан ташқари, аҳолини маҳалладаги, қонунчиликдаги ва бошқа янгиликлардан хабардор қилиш, аҳоли томонидан профилактика инспектори ва маҳалла раисларининг ишини баҳолашни, шунингдек, ҳудудда содир қилинган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар бўйича жамоатчилик фикрини билиш ва уни таҳлил қилишни назарда тутади.

Вазир ўринбосари ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ўз самарасини беришини таъкидлади.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.