Соғ бўлай десанг юр – соғлом бўлай десанг югур

Бу гаплар бугун эрта тонгдан Самарқанд туманида “Коррупциядан холи Янги Ўзбекистон учун бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган юриш марафонида айтилди.

Қарийб 1000 нафарга яқин аҳоли тумандаги Арабхона маҳалласи чорраҳа қисмининг Самарқанд кўчаси кесишмасида ҳаракатни бошлади. Унда туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар ва ёшлар, хотин-қизлар иштирок этди.

Иштирокчилар Ўзбекистон кўчаси бўйлаб 2 километрдан кўпроқ масофани босиб ўтди. Унда иштирок этган туман ҳокими Сирожиддин Усмонов аҳоли билан йўл-йўлакай гаплашиб, баъзи масалалар ечимини билдирди.

Марафон қатнашчилари 3-мактаб ҳудудига етиб боргач, спорт мураббийи бошчилигида оммавий бадантарбия машғулотларини бажарди.

-  Бу каби оммавий спорт тадбирларини туманимизнинг барча ҳудудларида хафтада бир бор ўтказиб борсак, соғлом турмуш тарзига ҳиссамизни қўшган бўламиз, - деди туман ҳокими С.Усмонов. – Машғулотларни эрта тонгдан доимий бажариб борсак, кун давомида тетик бўлиш баробарида ишчанлик қобилиятимиз ҳам ошиб бораверади.

Тадбир давомида варкаут майдончасида кексалар машқ бажаришди, ёшлар футбол ва шу каби спорт турларини давом эттиришди, ҳоким ва иштирокчилар - кенг жамоатчилик вакиллари мактаб ўқувчиларининг ерга чизган расмларидан баҳраманд бўлишди.

Ҳусан Элтоев.