Соғлом турмуш тарзи - инсон саломатлигини асраш, мустаҳкамлаш ҳамда узоқ умр кўриш гарови
Дарҳақиқат, шундай. Бугун дунё миқёсида қон босимининг ошиши кўпроқ ёшларда учраётгани, одамлар юрак-томир, нафас олиш органлари, диабет, саратон касалликлари билан касалланиши кўпаяётгани соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик оқибати эканини шифокорлар тез-тез таъкидлаб турибди.
Бунинг олдини олиш учун мамлакатимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мунтазам равишда соғлом турмуш тарзига риоя этиш борасидаги оммавий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шундай тадбирларнинг бири Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали томонидан ташкил этилди. Филиалда ўтказилган семинар-тренингда вилоятимизда фаолият олиб бораётган диний идоралар вакиллари ҳам иштирок этди.
- Халқимиз азалдан исломий қадриятларни эъзозлаб келади. Шу жиҳатдан уларнинг аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш имконияти шифокорлардан кам эмас, – дейди марказ бош врачи Г.Негматова. – Шу сабабдан ҳам марказимиз ушбу тарғибот ишларида диний идора вакиллари билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйган.
Семинар-тренинг доирасида 40 нафардан зиёд Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ходимлари марказ шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.