Юртимизда эпилепсия касаллиги жарроҳлик усулида даволанмоқда
Ҳозир дунёда 3,4 миллиард киши неврологик касалликлардан азият чекмоқда. Бу — Ер юзи аҳолисининг 43 фоизи дегани. Ана шу қатлам орасида эпилепсия ташхиси қўйилган беморлар ҳам бор.
Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, айни кунда сайёрамиз бўйича 50 миллиондан ортиқ киши ушбу дард билан яшамоқда. Ачинарлиси, кейинги даврда улар сони йилига 5 миллион нафарга ортяпти.
Хўш, бу қандай омиллар билан боғлиқ? Хасталикнинг яққол аломатлари қайсилар? Юртимизда ушбу патологияни даволаш бўйича қандай ютуқларга эришилмоқда?
Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ғайрат КАРИЕВ шу ҳақда маълумот берди.
— Эпилепсия – бош миянинг сурункали касаллиги, — дейди мутахассис. — У халқ орасида тутқаноқ, қуёнчиқ, деб ҳам аталади. Хасталик 70 фоиз ҳолатда 20 ёшгача бўлган даврда ривожланади.
Бу, дунёда эндемик касалликлар хавфи ортиши, йўл-транспорт ҳодисалари ва туғилиш чоғидаги жароҳатлар кўпайиши, тиббий инфратузилма, арзон ҳамда малакали тиббий ёрдам етишмаслиги каби қатор омиллар билан боғлиқ.
Қолаверса, стресс, уйқусизлик, жисмоний фаоллик камлиги, мияда қон томир аномалиялари, юқори иситма касалликлари, қонда шакар миқдорининг ҳаддан ташқари пасайиши, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, метаболик бузилишлар, турли инфекциялар ҳам хасталикнинг пайдо бўлишига туртки бўлади.
Эпилепсиянинг энг ёрқин аломати — тутқаноқ. Одатда, бу икки сўз халқ орасида бир маънода қўлланилса-да, аслида бир тушунчани англатмайди. Эпилепсия такрорий ва ўз-ўзидан пайдо бўладиган тутилишлар билан кечади. Бир бор тутқаноқ бўлган одамга эпилепсия ташхиси қўйилмайди.
Бундан ташқари, мазкур патология хуруж қилганда хушни йўқотиш, бақириш, мушакларнинг беихтиёр қисқариши, оғиздан кўпик ва ғалати таъм келиши, тишларни сиқиш, тилни тишлаш, ичак ва сийдик пуфаги устидан назоратни йўқотиш, кайфиятнинг кескин ўзгариши, қўл-оёқлар қалтираши, нафас олиш қийинлашуви, киприкларни тез-тез пирпиратиш, бир нуқтага тикилиб қолиш каби симптомлар қайд этилади.
Ушбу касаллик гўдакликдан то кекса ёшга қадар, ҳар қандай даврда пайдо бўлиши мумкин. Шунга қарамай, эпилепсия хуружларининг олдини олса бўлади. Бундан ташқари, 70 фоиз беморлар тутқаноққа қарши дорилар ёрдамида тўғри муолажа олиб, бу дарддан холи яшашлари мумкин.
Ҳозир марказимизда ана шу касалликни жарроҳлик йўли билан, илғор усуллар асосида самарали муолажа қилиш йўлга қўйилган. Бу эса қўшни давлатлардан ҳам мурожаатлар сони ошишига хизмат қиляпти, дея хабар беради ССВ матбуот хизмати.