Солиқ аудити қандай тартибда ўтказилади?

Қонунчиликка кўра, солиқ органлари корхонамда солиқ аудити ўтказиш учун мени бу ҳақда огоҳлантириши керакми ёки йўқми? Огоҳлантириши керак бўлса, неча кун аввал хабардор қилиши керак?

Т.Хурсандов, тадбиркор.

Ушбу саволга Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи Бобиржон Ҳотамов жавоб берди:

- Бугунги кунда амалиётда 3 та солиқ текшируви мавжуд. Шулардан бири солиқ аудити. Солиқ органлари бирор корхонада солиқ аудити ўтказилиши бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин солиқ тўловчига солиқ аудити ўтказилиши тўғрисида хабарнома юборади. Башарти солиқларни тўлашдан бўйин товлаш белгилари мавжуд бўлса, солиқ органи Давлат солиқ қўмитаси билан келишган ҳолда солиқ тўловчини олдиндан хабардор этмасдан солиқ аудитини бошлашга ҳақли.

Таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 январда қабул қилинган “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан “Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатда солиқ аудитини ўтказиш тартиб-қоидаси белгилаб берилди. Солиқ аудити солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) муайян даврдаги молия ва солиқ ҳисоботларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига барча жиҳатлардан мувофиқлиги ва ҳаққонийлигини, солиқ солиш мақсадларида бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишда солиқ мажбуриятларининг тўғри шакллантирилиши ва акс эттирилишини солиқ органи томонидан ўтказиладиган ўрганиш орқали солиқларни тўғри ҳисоблаш ва тўлашнинг тўғрилигини текширишдир.

Солиқ аудити текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади. Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларни текшириш бундан мустасно. Солиқ тўловчиларда ўтказилган текширув натижалари солиқ органлари томонидан текширув тугатилганидан кейин уч кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.