"Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари 24 май куни ўтказилади

Бошланаётган ҳафтада юртимиз мактабларида сўнгги қўнғироқ жаранглайди. Ижтимоий тармоқларда ушбу тадбир ўтказилиши тақиқлангани, чекловлар ўрнатилгани ҳақида турли нотўғри хабарлар тарқалмоқда.

Жорий ўқув йилининг охирги куни 25 май, якшанба – дам олиш кунига тўғри келганлиги сабабли "Cўнгги қўнғироқ" тадбирлари 24 май – шанба куни ўтказилиши белгиланган.
"Сўнгги қўнғироқ" ҳар бир инсон ҳаётида унутилмас таассуротларга бой бўлади. Айниқса, катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган 11-синф битирувчилари учун бу куннинг аҳамияти ва қадри ўзгача. Бир томондан, кўп йиллик қадрдон синфдошлар, меҳрибон устозлар, жонажон мактаб билан хайрлашиш осон эмас. Иккинчи томондан, мустақил ҳаётга қадам қўйиш завқи, янги марралар чорлови, талабалик сурури. Бу энди чинакам байрам!
"Вазирлик шуни маълум қиладики, мактабларимизда "Сўнгги қўнғироқ" тадбирларини кўтаринки кайфиятда, тантаналар билан ўтказиш анъанаси бу йил ҳам давом этади. Фақат мактабларимиз жамоаларини, битирувчиларимизни, ҳурматли ота-оналаримизни тадбирлар жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя этишларини сўраймиз", дейилади вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабарида.