Совуқни «жимжитлик» билан енгамизми?

Ижтимоий тармоқлар «портлаган», таҳририятлар-у мурожаат қилиш мумкин бўлган барча идоралар раҳбарларига, айниқса, коммунал хўжалик мутасаддиларига айни кунларда фақат шу, газ, электр энергияси, умуман, иситиш манбалари камайгани юзасидан ёрдам сўраётганлар сони кескин ортди. Айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли уйни қандай иситишни билмай нажот сўраб мурожаат қилмаган ташкилоти қолмади, ҳисоби. 

Хусусан, Zarnews.uz сайтининг телеграмм ботига ҳам ҳар куни ўнлаб юртдошларимиз гоҳ аччиқ, гоҳ жаҳл оҳангида газ, электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни айтмоқда. 

Аммо буни қарангки, ижтимоий юки унчалик катта бўлмаган хабарларга ҳам дарҳол эътибор қаратаётган мутасаддилар бу масалада жим туришни маъқул кўрмоқда, ўз фикрини билдирмаётир. Гўёки қишга тайёргарлик бўйича аллақачон ҳисоботлар бериб бўлинган, кимга қанча газ берилиши-ю кўмир ва электр энергияси тақсимоти аллақачон ҳал этилган. “Энди қишнинг ўртасида менга тегма”, қабилида иш кўрилаётгандай улар. Яна озроқ сабр қилсангиз, қишдан чиқиб оласиз, деяётгандай мутасаддилар. 

Аксарият ҳолатларда коммунал соҳада аҳолининг қарздорлиги ҳақида кўп гапирилади. Аммо қиш кунлари совуқдан қийналаётган аҳолига бундай муносабатда бўлиш, ўз навбатида шундай масъулиятсизликнинг кучайишига сабаб бўлмасмикан?..

Тўғри, тан олиш керак, бундан икки-уч йил аввал газ, электр энергияси масаласи ботқоқликка ботиб кетган, ушбу соҳада муаммоси бўлмаган хонадонни топишнинг ўзи муаммо эди. Аммо аҳоли уч йил аввалги ҳолатни эмас, бир йил олдинги, бу масала бироз яхшиланган пайтни эслашни истайди. Зеро, аҳоли ҳашамат эмас, уйини иситиш ҳақида сўрамоқда. 

Хуллас, аҳолининг бонг уришига ҳозирча жимжитлик билан муносабат билдирилаётир. Қаҳратон ўз қаҳрини кўрсатаётган пайтдаги бундай ҳолат қарздорнинг суд олдида жавоб бергани каби тегишли идораларнинг аҳолига шундай ҳисобдорлиги лозимлигини билдиради.

Гулруҳ Мўминова.