Сохта коммуналчилар гуруҳининг босқинчилиги фош этилди
Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида ўзини коммунал хизмати ходимлари деб таништириб, бировнинг уйига бостириб кирган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 сентябрь куни Навоий вилоятининг Учқудуқ тумани ИИБга шу туманнинг Геологлар кўчасидаги хонадонга икки нафар номаълум шахс ўзларини коммунал хизмати ходимлари деб алдаб киришгани, ушбу хонадон эгасининг фарзанди уйда ёлғиз қолганидан фойдаланиб, унинг қўлларини скоч билан боғлаб, босқинчилик жинояти содир этишгани ҳамда хонадондан 26 миллион 500 минг сўм пул ҳамда “Samsung J-4” русумли мобиль аппарати олиб кетилгани ҳақида хабар келиб тушган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу босқинчилик жиноятини содир этган 1994 йилда туғилган Ф.Ф. ва 1993 йилда туғилган А.Ш. ва жиноят содир этиш учун қулай шароит ва бошқа маълумотлар ҳақида хабар бериб турган, хонадон эгаси билан бирга ишловчи 1994 йилда туғилган Э.Ф. қўлга олинган.
Гумон қилинувчиларнинг яшаш уйлари текширилганда уларнинг уйларида сақланаётган пуллар, иккита мобиль аппарати ва жиноят содир этишда фойдаланиладиган буюмлар далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.