Сўзга сиғмас бўлди шарафинг, шонинг...

Баҳор... Бобоқуёшнинг заррин нурлари Помир-Олой тоғларининг кумуш қорларини эритмоқда. Чўққилардан пастга қараб чопқилаб тушаётган катта-кичик жилғалар Зарафшон дарёсига қўшилиб, ўзининг куч-қудратини намоён этишга ошиққанидан бўлса керак, унинг ўрта оқимидаги кўркам водий бўйлаб ҳаёт улашмакни бошлади. Бироқ кўклам ҳавоси ўзгарувчан. Баъзан бирдан совуқ забтига олиб, қор ёға бошлайди. Зум ўтмай яна қуёш чиқиб, осмон ложувард тус олади.
Шундай кезларда кўҳна Самарқанд ўзгача тароват касб этади. Енгил эсган шабада аллақаердан ёмғирларни етаклаб келади. Бундан бутун борлиқ янада авжланади. Ям-яшил майсалар абри найсондан мастона-мастона чайқалади. Шу топда беихтиёр оташқалб шоир Ғафур Ғуломнинг дилбар мисралари хаёлда айланади:
Чулдирайди боғу бўстон ирмоғи,
Қуёш томон чўзилар гул япроғи,
Қурт, қумурсқа, саъва, булбул сайроғи,
Қўшиқларга тўлган олам қучоғи,
Баҳор куйи, меҳнат куйи бошланди.
Аммо, инсоф билан айтадиган бўлсак, Самарқандда баҳорий эврилишлар аллақачон бошланган. Вилоятда кечаётган бугунги ҳаётбахш ўзгаришлар, ҳамма соҳалардаги янгиланиш ва бунёдкорликлар, одамлар тафаккуридаги юксалишлар шунинг далили эмасми?!
Самарқанд деганда, аввало, кўз олдимизда тарихнинг турли даврларидан сўйлагувчи кўҳна обидалар, сир-синоатларга тўлиқ қадамжолар жонланади. Агар бу ҳақида ёзаман десангиз, кўлами бир мақолага сиғмас, балки минг достон бўлажак. Дарҳақиқат, бу ўлкада азалдан ҳаёт қайнаган. Балки бошланиши 3-3,5 минг йилга бориб туташар. Ўша даврлардаёқ қадим аждодларимиз бу манзилларни макон тутган.
Балки бунга унинг жуғрофий қулайликлари сабаб бўлгандир. Рельефи, асосан, кенглик бўйлаб чўзилган ва шимолдан Туркистон тоғ тизмаларининг тармоқлари — Нурота, Оқтоғ, жанубдан Зарафшон тоғ тизмалари билан ўралган бу ҳудуд фусункор табиати, унумдор тупроғи, хуш ҳавоси туфайли инсонлар учун яшашга жуда қулай ҳисобланган.
Ҳудуд фойдали қазилмаларга ниҳоятда бой. Олтин, кумуш, вольфрам рудаси (Ингичка), флюорит, кварц, оҳактош, гранит, мергель, гипс, бентонит гили, абразив материаллар, минерал бўёқлар, мармар (Омонқўтон, Ғозғон, Жом), корунд конлари (Нуротанинг жануби-шарқида), минерал булоқлар неча минг йиллардан буён халқимизнинг ҳаёти фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшиб келмоқда.
Наботот ва ҳайвонот оламининг турфа навию ҳар хил тури учрайди бу гўзал ошёнда. Баҳор келиши билан тоғ ён бағирларига яқин текисликларда қизғалдоқлар барқ уради, шувоғу қўнғирбошлар чайқалиб, чор-атрофни ажиб ифорга буркайди. Дарё соҳилларини қоплаган жийда, туранғил, маймунжон, юлғун тўқайзорлари, даштларга ҳусн берган турфа ўсимликлар, гуллар, чечаклар тулки, чиябўри, жайрон, тустовуқ, тувалоқ, каклик каби турли-туман жонзотларга бағридан жой бериб, уларга ризқ улашади.
«Ажаб ораста шаҳредур…»
Шубҳасиз, воҳанинг кўрку жамоли ва дунёни тутган овозаси Самарқанд шаҳрининг шон-шуҳрати билан боғлиқ. Ўтмишда бу кент қанчалик шуҳрат қозонган бўлса, бугунги довруғи ундан зиёда бўлса бор, аммо кам эмас.
Биласиз, дунёда «Боқий шаҳар» деган улуғ номга сазовор бўлган кентлар унчалик кўп эмас. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд қадим тарихи, инсоният тамаддунида тутган беқиёс ўрни боис мана шу юксак мақом билан шарафланган. Қувонарлиси, шу мартабани бугун ҳам маҳкам тутиб турибди.
Гўзал табиати, мўътадил иқлими, қулай жуғрофий жойлашуви, меҳнаткаш ва меҳридарё халқи билан не-не салтанатларга пойтахт бўлмади бу гўзал кент. Шу боис ҳам довруғи етти иқлимга кетган бу шаҳар ҳақида турли афсоналар яратилган. Неча авлодлар шу асотирларни эшитиб улғайди. Сиз билан биз ҳам уларнинг анчасини эшитганмиз, албатта.
Ҳатто антик давр тарихчилари асарларида ҳам ушбу шаҳар ҳақидаги маълумотлар учрайди. Масалан, унинг дастлабки номларидан бири сифатида «Мароканда» атамаси келтирилган. Бу «Самарқанд» истилоҳининг юнонча талқини эканини барчамиз яхши биламиз. Зотан, шаҳар ҳудудида олиб борилган археологик қазишмалардан маълум бўлганидек, юқори палеолит даврида ҳам бу ерда одамлар яшаган.
Асрлар давомида ушбу ошёнда қанчадан-қанча обидалар, қўрғонлар, ибодатхоналар барпо бўлмади, дейсиз? Афсуски, уларнинг кўпи душманлар томонидан вайрон этилиб, тупроққа қориштирилди. Фақат айримларигина улуғ аждодларимизнинг юксак ақл-заковати, бетимсол бунёдкорлик салоҳияти маҳсули сифатида бугунги кунгача савлат тўкиб турибди. Шунинг учун Самарқанднинг ҳар қисм тупроғига улуғ аждодларимизнинг хоки, ҳар қарич ерида муборак излари, самовий обидалар ғиштларида, нилий гумбазларида кўз нури, қалб қўри мужассам, десак, муболаға эмас.
Соҳибқирон Амир Темур Самарқандни ўзи барпо этган марказлашган давлатнинг пойтахти сифатида танлаганида шу жиҳатларни ҳисобга олгани аниқ. Зотан, қадимдан маданият ва маърифат маркази бўлиб келган бу кенг салтанатнинг қудратига, обрў-эътиборига ғоят мос эди. Темур ва темурийлар бу гўзал шаҳри азимни янада жозибали маъвога айлантирди. Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида Самарқанд таълим, илм-фан, хусусан, фалакиёт кучли тараққий этган шаҳар ўлароқ оламга ном чиқарди.
Ўз даврида Алишер Навоийдек буюк сўз санъаткори, атоқли давлат арбобининг Самарқандда таълим олгани унинг нақадар юксак мавқе касб этганидан далолат беради.
Бир неча минг йиллар оша Самарқанднинг таърифу тавсифи диллардан-дилларга, тиллардан-тилларга ўтиб, оламаро шон-шуҳрат қозонди. Натижада унга «Ер юзининг сайқали», «Нур таралиб турувчи нуқта», «Дунё тамаддунининг гавҳари», «Боқий шаҳар», дея улуғ таърифлар берилди. Не-не шоирлар унинг кўрку жамолига атаб шеъру ғазаллар, достонлар битмади, дейсиз. Бутун инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган олимлар у ҳақда илмий асарлар яратди.
Шу тариқа шаҳарда қурилган обидалар, ораста боғлар гўзаллиги, кўрку таровати довруғи бутун оламга кенг ёйилди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома»да «Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камроқдур. Самарқанд шаҳри ажаб ораста шаҳредур…» дея ёзганида заррача муболаға қилмагани, шубҳасиз.
Бугунги кунда ҳам бу дилбар маъво хусусида ашъорлар ва илмий асарлар яратилмоқда. Гапнинг очиғи, мазкур бетакрор кент бунга ҳар жиҳатдан муносибдир.
Тарих ва келажак туташган манзил
Буюк ўтмишдан куч ва руҳ олган Самарқанд тарих ва келажак туташган манзил сифатида бугун янги Ўзбекистоннинг гавҳари сифатида ўзини намоён этмоқда. Шаҳар ҳам суратан, ҳам сийратан бутунлай янгиланяпти. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси беқиёс. Буни барчамиз кўриб-билиб турибмиз.
Охирги етти-саккиз йилда Самарқанд ўз тараққиётининг мутлақо янги даврига қадам қўйди. Тимсоллар тилида айтадиган бўлсак, у қайта туғилди ва дунёга такрор юз очди, яъниким узукка дур жойланган каби бўлди.
Вилоятда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва улкан бунёдкорликлар нафақат ҳудуд равнақини таъминлаш, балки ушбу афсонавий маъвонинг дунё саҳнасидаги тарихий ўрни ва шуҳратини қайта тиклаш, аҳоли фаровонлигига эришиш, юртдошларимиз ва сайёҳлар учун барча замонавий инфратузилмани яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Вилоятнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётидаги юксалиш одамлар турмуш тарзида, осойишталик, тўкинликда намоён бўлмоқда. Бугун вилоятнинг Каттақўрғон, Ургут, Булунғур, Жомбой, Иштихон, Нарпай, хуллас, қайси ҳудудига борманг, саноат кенг қулоч ёзаётганига гувоҳ бўласиз. Ҳатто вилоят марказидан энг олис қишлоқларда ҳам янги корхоналар очиляпти. Хусусан, ўтган йили вилоятга 928,5 млн. доллар миқдорида хорижий инвестиция маблағлари жалб этилиб, 147 та лойиҳа ишга туширилди. Бундан ташқари, 166 та қўшма корхона очилди ва уларнинг сони 926 тага етди. Энди бу завод ва фабрикаларда минглаб самарқандликлар меҳнат қилаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, қанчадан-қанча оилаларга қувонч кириб келгани, инсонларнинг орзу-мақсадлари рўёбга чиққанини, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланганини тасаввур этишимиз қийин эмас.
Вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бугун дунёни забт этаётир. Айнан шу ерда тайёрланган кийим-кечаклар, мебель ва техникалар, ҳатто ривожланган мамлакатлар аҳолисининг хонадонлари тўридан жой олмоқда.
Ўтган йили вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 2,8 млрд. долларни ташкил қилгани ҳам, аслида, шундан дарак беради. Бу кўрсаткич экспорт ҳажми 2023 йилдагига нисбатан 127 фоизга ошганини ифодалайди.
Давлатимиз раҳбари яратиб берган имконият ва имтиёзлар туфайли вилоят аҳолиси кичик бизнес ва тадбиркорлик борасида ҳам салмоқли ютуқ ва натижаларга эришмоқда. Айни пайтда вилоятда хусусий секторнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 73 фоиздан ошгани ва меҳнат билан банд аҳолининг 87 фоиздан зиёди шу тизимда меҳнат қилаётгани фикримизнинг яққол далилидир.
Яна бир эътиборли жиҳат: 2024 йилда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 6,9 фоиз ўсган. Бу эса ҳудуднинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти барқарор тус олганидан дарак беради.
Кўнгилларга кўчайотган ободлик
Самарқанд вилояти кейинги йилларда том маънода улкан бунёдкорлик майдонига айланди. Бир вақтлар ёзда кавуш ботар чанг, қишда бир қарич лой жин кўчалар бугун ниҳоятда ораста, текис асфальтланган, кенг ва равон йўлларга эврилган. Пана-пастқам уйлар ўрнида замонавий осмонўпар бинолар қад ростламоқда.
Самарқанд шаҳрининг бир қанча кўчалари кесишган нуқталарда ер ости йўллари барпо этилди. Аҳолини шинам ва арзон уй-жой билан таъминлаш алоҳида дастур асосида амалга оширилмоқда. Хусусан, «Қорасув» массивидаги 100 минг киши яшашига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, «Янги Ўзбекистон» массивидаги 1294 квартирали 36 та кўп қаватли иморат аллақачон ўз эгаларига топширилди. Воҳада кўп қаватли уйлар қуриш изчил давом этмоқда.
Бу бунёдкорликлар қаторига «Обод қишлоқ» дастури доирасида олиб борилаётган ишларни — қишлоқ ва маҳаллалар йўллари текисланиб, асфальт қилинаётгани, хонадонларга ичимлик суви тармоқлари тортилаётгани, табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш бўйича муаммолар ҳал қилинаётганини ҳам қўшсак, бу эзгу ишларнинг кўлами ва аҳамиятининг залвари янада ошади.
Бугун самарқандликлар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг кайфияти кўтаринкилигини, руҳи баландлигини дарров сезасиз. Турмуш тарзидаги, ён-атрофидаги ўзгаришлар уларнинг онгу тафаккурига, ҳаётий қарашларига ижобий таъсир кўрсатаётганини бот-бот тилга олишади. Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этиш, жонажон Ватанимизнинг ривожига ҳисса қўшаман, деган ҳар бир юртдошимизга кўмаклашиш — қисқача айтганда, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаш мутасадди раҳбарлардан тортиб оддий одамларгача ҳаёт тамойилига айланиб бораётгани қувонарли, албатта.
Шу маънода, келгуси марралар янада баланд олинган. Жумладан, жорий йилда вилоятда 320 мингта янги иш ўрни яратиш бўйича тасдиқланган режанинг ижросини таъминлаш, ҳар бир маҳалла драйверидан келиб чиқиб шакллантирилган 45 мингдан зиёд лойиҳаларни ишга тушириш, «туризм маҳаллалари» ва «туризм қишлоқлари»ни кўпайтириш, экспортни 850 млн. долларгача ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Энг асосийси, вилоятдаги 16 та туман (шаҳар) ва 1126 та маҳалланинг ҳар бирини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, «Обод маҳалла — обод кўча — обод хонадон» мезонларини ҳаётга татбиқ этиш ишлари аниқ дастур ҳамда маблағ билан таъминланган ҳолда амалга оширилмоқдаки, бу кўзланган натижага эришишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Муҳими, барча соҳада Президентимиз белгилаб берган вазифалар вилоятнинг ривожланиш стратегияси ўлароқ самарқандликларни бир мақсад йўлида жипслаштириб, уларни олға ҳаракатлантирмоқда. Бу вилоят яқин истиқболда юксалишнинг янги поғонасига кўтарилишига замин яратади.
Зиёратчилар талпинадиган маскан
Бугун бутун дунё бу гўзал ва бетакрор манзилга талпинмоқда, десак, сира муболаға бўлмайди. Ҳақли савол туғилади: нима учун жаҳоннинг турли бурчагидан одамлар Самарқандга келишга, олдин келганлар уни яна кўрмоқликка орзуманд?
Бунинг қатор омиллари бор. Аввало, сал илгарироқ айтиб ўтилганидек, бу ердагидек тарихий обидалар оламдаги камдан-кам давлатлардагина бор. Аммо ҳозирги замонавий дунёда бунинг ўзи камлик қилади.
Унда, сабаб нимада?
Назаримизда, охирги йилларда Самарқандда рўёбга чиқарилаётган кенг кўламли бунёдкорликлар, яъни сайёҳларга яратиб берилаётган шарт-шароит ва қулайликлар муҳим омиллардан бири, десак, айни ҳақиқат.
Биласиз, ҳозирги замонавий дунёда аэропорт ва темир йўл вокзали ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос «дарвозаси» саналади. Бу «дарвоза» қанчалик ораста ва оҳанраболи бўлса, сайёҳлар оқими шунга мос бўлади.
Самарқанд аэропортини кўз олдимизга келтириб кўрайлик. Юқоридан қарасангиз, у очиқ турган китобни ёдга солади. Бунёдкорлар бу билан нимани кўзлади экан?
Тўғри топдингиз, бу, аввало, Самарқанд дунёдаги барча инсонларга очиқлигини, унга ташриф буюрганлар бир олам маълумот ва таассуротларга эга бўлишини, агар кўрган-кечирганларини битишни ният қилишса, у катта китобга айланишини билдиради. Биз шунга қўшимча сифатида Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик сиёсатининг ўзига хос ифодаси, деган бўлардик.
Самарқанд темир йўл вокзали ва унга олиб келувчи «учар тулпорлар» ҳақида ҳам шу сингари фикрларни билдириш мумкин.
Тасаввур қилинг: Тошкентдан қадим кентга қараб йўлга тушдингиз. Ўша «учар тулпорлар» сизни ёки хорижлик сайёҳни қисқа фурсатда тарихий гўшага элтади. Давоми маълум: ҳар қандай чет эллик ўзини бетакрор эртаклар оламида кўради.
Хорижий сайёҳларни янада кенгроқ жалб этиш мақсадида Самарқандда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганини яна бир бор айтиб ўтиш жоиз. Кейинги йилларда қадим обидалар, мадрасаю масжидлар, хонақоҳу мақбаралар ва бошқа ноёб меъморчилик ёдгорликлари қайта таъмирланди. Жумладан, Регистон майдони, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр, Руҳобод, Даҳбед, Нодир девонбеги зиёратгоҳлари, Бибихоним жоме масжиди, Улуғбек расадхонаси, Хожа Дониёл, Хўжа Аҳрор Валий, Мотуридий, Амир Темур мақбаралари тарихий қиёфасига уйғун равишда қайта таъмирдан чиқарилди.
Ислом оламининг табаррук зиёратгоҳларидан бири бўлган мўътабар қадамжо — Имом Бухорий мажмуаси бутунлай янги қиёфа касб этаётир.
Ҳадис илмининг султони сифатида дунёда ном қозонган Имом Бухорий бобомиз мусулмон оламининг фахри ҳисобланади. Буюк муҳаддиснинг Самарқанддаги табаррук қабрини зиёрат қилиш учун ҳар йили юртимизга дунёнинг турли бурчакларидан минглаб мусулмонлар келади.
Шу боис бу ерда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йилда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Ундан кейин ушбу зиёратгоҳда Имом Бухорий мажмуасини қайтадан барпо қилиш мақсадида янги лойиҳа бўйича реконструкция ишлари бошланди. Бу ерда қарийб 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, тўртта минора, айвонлар барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари бир неча бор Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Иншоотларни безаш, ҳудудни ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулай шароитлар ҳозирлаш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Эндиликда бу ерга келган меҳмонлар ер ости галереяси орқали Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш имконига эга бўлади. Обида деворлари миллий нақшлар, пардозбоп тошлар билан сайқаллаб чиқилди. Мажмуадаги олти асрлик қадимий чинорлар, қайнаб чиқаётган булоқ ва ҳовуз аввалги ҳолича сақлаб қолинди. Икки гектардан зиёд майдон кўкаламзорлаштирилди, унинг атрофида хиёбон, меҳмонхоналар, икки ёнида маданий-маиший иншоотлар барпо этилди.
Ҳозирги пайтда мажмуага зиёратга келган меҳмонлар унинг маҳобати ва салобатидан ҳайратга тушади. Қалбида фахр-ифтихор туйғусини ҳис қилади.
Янги сурат ва сийрат касб этган Имом Бухорий мажмуасининг жорий йилда қайта фойдаланишга топширилиши Самарқандда зиёрат туризми имкониятлари янада кенгайишига ҳисса қўшади.
Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси
Самарқанд Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси»га айлантирилмоқда. Ана шу эзгу мақсад йўлида амалга оширилган мегалойиҳалардан бири — давлатимиз раҳбари Қояси ва ташаббуси асосида бунёд этилган «Буюк Ипак йўли» халқаро туризм марказидир.
Бу муҳташам мажмуа нафақат Самарқанднинг янги қиёфасини белгилаб, туризм имкониятларини янги босқичга кўтарди, балки халқимизнинг юксак ақл-заковати, улкан бунёдкорлик салоҳияти ва фидокорона меҳнати маҳсули сифатида Ватанимиз тарихидан жой олди.
«Буюк Ипак йўли» халқаро туризм маркази йилига 2 миллион сайёҳга хизмат қиладиган кўп тармоқли мажмуадир. Марказ таркибида «Боқий шаҳар» мажмуаси, Конгресс-холл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлар мавжуд.
Улуғвор ва замонавий меъморий ансамбль қадимий ҳамда навқирон кентнинг шонли ўтмишдаги асл ўрнини қайта тиклашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қисқа фурсатда мажмуа дунё сиёсатчилари маслаҳатлашадиган, олий даражадаги учрашувлар ўтказиладиган ошёнга айланди. Масалан, кейинги икки йилда бу ерда йигирмадан ортиқ халқаро мақомдаги тадбирлар ташкил этилди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви, Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув кенгашининг йиллик йиғилиши ҳамда Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси ўтказилди. Ушбу нуфузли тадбирларга келган минглаб меҳмонлар Ўзбекистоннинг қадамжолари, бугунги ҳаёти билан танишиш имконига эга бўлди. Хусусан, улар Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини кўздан кечириб, Ер юзида шундай жаннатмонанд ўлка борлигини якдиллик билан эътироф этишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги «Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ҳудудда туризмни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, жорий йилда Ургут, Тойлоқ, Самарқанд, Пастдарғом туманлари ва Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтган Дарғом канали бўйида 35,7 километр масофада кўнгил-очар савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидан иборат туристик маршрут ташкил этилади.
Шунингдек, вилоят миқёсида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган ўнлаб лойиҳалар, тадбирлар ҳаётга татбиқ қилинади. Масалан, Конигил ва Терсак маҳаллалари тажрибаси асосида туманлардаги 14 та ҳудудга «туризм қишлоғи» мақоми берилиши кўзда тутилмоқда.
Шунга мос ҳолда ташкил этиладиган меҳмон уйлари, хостел, кемпинг, ўтовлар, ҳаво шарлари, параплан, осма дор йўли сингари замонавий туристик хизматлар, гастрономик масканлар, савдо нуқталари ҳисобига икки мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Шу асосда Самарқанд шаҳри ва қатор туманларда ҳудуд шароити ҳамда географик жойлашувидан келиб чиқилган ҳолда турли йўналишлардаги халқаро фестиваллар ўтказилади.
Нарпай каналининг Каттақўрғон шаҳри ҳудудидан ўтган қисмида инвесторлар томонидан енгил конструкцияли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини ўзида жамлаган гастрономик кўприк мажмуаси қурилади. Шунингдек, 2026 йилга бориб Ургут туманининг Чорчинор тоғли ҳудудида қиймати 25 млн. доллар бўлган замонавий дор йўли ва туризм мажмуаси қурилиб, ишга туширилади.
Жорий йил кузда Самарқандда ЮНEСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси ўтказилади. Ушбу олий даражадаги анжуманга дунёнинг юздан ортиқ давлатларидан 6 мингдан кўпроқ иштирокчилар келиши кутилмоқда.
Эътиборли томони шундаки, ушбу нуфузли тадбир шу вақтга қадар Париждан бошқа шаҳарда ўтказилмаган. Шу нуқтаи назардан, ЮНEСКО Бош ассамблеяси сессиясининг Самарқандда ташкил этилиши тарихий воқелик бўлиб, кўҳна ва навқирон кент сайёҳлик салоҳиятининг яна бир халқаро эътирофидир.
Уйғонинг ва уйғотинг
Қадимдан таълим-тарбия, илм-фан, маданият, маърифат бешиги бўлиб келган Самарқанд бугун мамлакатимизда ушбу соҳаларга қаратилаётган эътибордан келиб чиққан ҳолда азалий ўрнини, тарихий мавқеини қайта тиклаши керак.
Вилоятда ҳозирги кунда замонавий таълим масканлари, янги олийгоҳлар фаолияти йўлга қўйилаётгани рост. Эндиги масала — жаҳон талабларига мос кадрлар тайёрлаш, замонамизнинг илғор фикрли авлодини камолга етказиш, маданий-маънавий, бадиий савия жиҳатидан вилоятни чинакам локомотивга айлантиришдир.
Таассуфки, вилоятда китобхонлик, газетхонлик, адабиётни янада ривожлантириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар кўп. Уларни бекаму кўст амалга ошириш учун, биринчи навбатда, айни соҳаларга турли даражадаги раҳбарларнинг муносабатини ўзгартириш зарур. Бадиий асарлар, газета, журналлар ўқишда, аввало, раҳбарлар ўзлари фаоллик кўрсатиши, бошқаларга ўрнак бўлиши ҳамда уларнинг тарғиботини янада кучайтириши лозим. Мутолаа маданиятини юксалтириш бўйича Самарқанд тажрибаси яратилса, нур устига аъло нур бўларди.
Зотан, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлардан ўз вақтида хабардор бўлиш, уларнинг ўзак мағзини чуқур тушуниш ва ижросига сидқидилдан ҳисса қўшиш, қалбларда эл-юрт тақдирига дахлдорлик, куюнчаклик, азму шижоат, муҳаббат ва садоқат туйғуларини тарбиялаш, шубҳасиз, китобхонлик, газетхонлик билан биргаликда кечади. Мутолаа инсонни комиллик сари элтувчи энг тўғри ва самарали йўлдир.
Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари китоб ўқиш ва унинг тарғиботида ҳаммага намуна бўлиб келяпти. Президентимиз хорижий давлатлар раҳбарларига китоб совға қилишни анъанага айлантирган. Таълим, илм-фан, маданият, адабиёт масалалари юзасидан ўтказган йиғилишларида, юртимиз зиёлилари, ёшлар билан учрашувларида китоб ва матбуот нашрлари мутолааси муҳимлигини, улар тарғиботини янада кучайтириш лозимлигини бот-бот таъкидлайди.
Бундан ҳар бир юртдошимиз, айниқса, мутасаддилар зарур хулосалар чиқариши, фаолиятига ана шу мезон асосида баҳо бериши, гапнинг сирасини айтганда, қалбан, руҳан уйғониши ва бошқаларни ҳам уйғотишга интилиши шарт. Соҳани янада ривожлантириш борасида қабул қилинган қарор ва фармойишлар, берилган топшириқ ва кўрсатмалар ижросини таъминлаш бутун мамлакатимиз ҳудудлари қатори Самарқанд вилоятида ҳам бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиши керак. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, китоб ўқиган, ўзининг устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади.
Самарқандда китобхонлар, газетхонлар, билимли, илмли инсонлар янада кўпайса, вилоят янада тараққий этади, гуллаб-яшнайди.
Бугун Ўзбекистонда янги бир уйғониш, баҳорий янгиланишлар нафаси кезмоқда. Юқорида айтганимиздек, Самарқандда ҳам баҳор аллақачон ўз сепини ёйиб, мўъжизавий қудратини намоён этмоқда. Ишончимиз комилки, бу ердаги ўсиш, ўзгариш бошқа ҳудудларникидан бутунлай бошқача, ўзига хос ва азалий мавқеига мос бўлади. Самарқанд баҳори ҳали ҳусну малоҳатини, латофатини, сеҳру жозибасини янада тўлиқроқ, янада равшанроқ, янада мукаммалроқ кўрсатиб, барчани ортидан эргаштиради.
Ҳолбуки, келажак пойдеворига тамал тошини қўйган учинчи Ренессанс бизни бир мақсад йўлида жипслаштиришдан ташқари, келажакка ишончимизни янада мустаҳкамлади, янги кунни умид билан кутиб олишга руҳлантирди. Ишонч бўлган жойда муваффақиятлар, ютуқлар бардавом бўлади. Ўрта асрларда дунё ҳамжамияти томонидан Амир Темур бобомиз ва унинг салтанати пойтахти — Самарқанд Европанинг халоскори сифатида ном қозонган бўлса, бугунги кунда Президентимиз саъй-ҳаракати билан дунё маданий пойтахти, олий даражадаги масалалар муҳокама этиладиган халқаро минбарга айланмоқда.
Темурбек бошлаган боқий машварат,
Сўнмас эзгуликнинг бахти, шукуҳи.
Ҳилпирар тотувлик байроғи абад,
Тамал тоши эрур Самарқанд руҳи.
Бу замин руҳидан куч олиб яна
Кундан-кунга сайқал топмоқда жаҳон.
Эзгулик ҳар ерда қилар тантана,
Ҳар кимнинг иқболи бўлар нурафшон.
Сўзга сиғмас бўлди шарафинг, шонинг,
Гўзалсан, кўркамсан таърифга монанд.
Сен, ахир, улуғ юрт — Ўзбекистоннинг
Бошига тождирсан, мангу Самарқанд!
Ўткир РАҲМАТ.