Суд ҳукми устидан апелляция шикоятларини бериш муддатлари узайтирилмоқда

Бу ҳақда АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди:

Жиноят-процессуал кодексида биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан 20 кунга, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 кундан 1 ойга қадар узайтирилмоқда.

Бундан ташқари, апелляция тартибида шикоят беришнинг ўтказиб юборилган муддатларини тиклаш асослари кенгайтирилмоқда. Худди шунингдек, кассация тартибида шикоят бериш муддатлари амалдаги 6 ойдан фарқли равишда 1 йил этиб белгиланмоқда.

Эътиборлиси, тикланиши мумкин бўлган муддатга чегара мавжуд эмас. Тарафлар ҳар қанча муддат ўтганидан кейин ҳам ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолмоқда.