Суд тизимида коррупцияга ўрин йўқ
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида «Коррупция – тараққиёт кушандаси» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди,Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вилоят судлари судьялари ва суд аппарати ходимлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидландики, юртимизда азалдан қози донишмандлик, ахлоқий поклик, ҳалоллик рамзи бўлиб келган. Таассуфки, айрим таъмагир, судга тасодифан кириб қолган, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўядиган кимсалар туфайли бу соҳа маълум даражада обрўсизланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 майдаги "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида бошқа соҳалар қатори суд тизимини "коррупциясиз соҳа"га айлантириш вазифаси белгиланган. Шу асосда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.
Судьялар олий кенгаши судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш билан бир қаторда суд тизимида коррупцияга қарши курашнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрмоқда.
- Суд тизимида соғлом ва ҳар қандай иллатлардан холи муҳитни шакллантириш бугун ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз бўлиши керак, - дейди жиноят ишлари бўйича вилоят суди раисининг ўринбосари Ў.Мамадалиев. - Бу йўлда тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, суд тизими софлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, унинг обрўсига путур етказаётган коррупцияни бартараф этиш кечиктириб бўлмайдиган вазифамиз ҳисобланади. Шу жиҳатдан, бугунги тадбир ҳар бир суд ходимининг ҳушёрлигини ошириш, пировардида суд тизимининг обрўси юксалишида муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
Тадбирда мазкур вазифадан келиб чиқиб, суд тизимида коррупцияни олдини олиш, унга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида, коррупцион жиноятларни содир этган суд тизими ходимлари билан боғлиқ вазиятлар акс этган “Тавба ва тазарру” рукни остидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ё.Гадоев.