Суд-ҳуқуқ тизимида нималар ўзгарди

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида туб ўзгаришлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, Назорат инстанциясининг тугатилиши муносабати билан 2021 йил 12 январь куни қабул қилинган қонунларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.

“Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш белгиланди.

Ушбу қонун нормалари судлар томонидан тўғри қўлланилиши ва фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқлари паймол бўлишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 15 январдаги “Суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 1-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу пренум қарорига асосан 2021 йил 13 январдан бошлаб:

- маъмурий судлар иш юритишига қабул қилинган, бироқ мазмунан кўриб чиқилмаган маъмурий ҳукуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар судловга тегишлилиги бўйича жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига ўтказилиши;

- маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш институти муқаддам мавжуд бўлмагани ва фақат 2021 йилнинг 13 январидан жорий этилганини инобатга олиб, ушбу ишлар бўйича кассация шикоятлари (протестлари) апелляция шикоятини (протестини) бериш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаган ҳолда апелляция тартибида кўриб чиқилиши;

- суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) назорат шикоятлари (протестлари), агар уларни қайтариш ёки иш юритишга қабул қилишни рад этиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилиши;

- Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг назорат шикоятини кўриб чиқиш учун судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримининг мавжудлиги белгиланган муддатлар доирасида кассация шикояти (протести) билан мурожаат қилиш учун тўсқинлик қилмаслиги;

- Процессуал қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар суд ҳужжатлари устидан берилган ва ушбу судлар томонидан суд муҳокамаси бошланган (иш юритишга қабул қилинган) апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари) мазкур босқич судлари тегишли судлов ҳайъатлари томонидан мазмунан кўриб тугалланиши;

- Вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар суд ҳужжатлари устидан берилган бўлиб, улар бўйича суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари) апелляция шикояти (протести) билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли судлов ҳайъатларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган, апелляция шикояти (протести) бериш муддатлари ўтиб кетган ҳолда эса, апелляция шикоятига (протестига) шикоят (протест) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномани илова қилиш зарурати тушунтирилган ҳолда аризачиларга қайтарилиши;

- апелляция ёки кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар муддатни ўтказиб юборишда узрли сабаб бўладиган ҳолат сифатида тан олинишини белгиланди.

Шунингдек, 2021 йил 13 январга қадар қабул қилинган кассация инстанцияси судининг қарорлари ва ажримларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш, суд ҳужжатини ўзгартирган ёки янги қарор қабул қилган тегишли вилоят ва унга тенглаштирилган суд томонидан кўриб чиқилиши, кассация инстанцияси суди ҳужжати бекор қилинган ҳолда, иш шу суд томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилади.

Шу билан бирга фуқаролик ишлари бўйича судларга 2021 йил 13 январга қадар берилган (алоқа бўлинмаларига топширилган), бироқ суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) бундай тоифадаги ишлар бўйича даъво аризалари судловга тегишлилиги бўйича иқтисодий судга ўтказилиши белгиланди.

Наврўза МАМАСОЛИЕВА.