Сайёр учрашув самарали бўлди

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бугунги талаблари асосида аҳоли билан учрашувлар, сайёр суд жараёнлари одатий тусга кирди. Чунки бу тадбирларнинг ҳуқуқий тарғиботдаги самараси анча юқори. Аҳоли учун ҳам қулайликлари кўп, улар суд-ҳуқуқ масалаларига оид муаммолари, саволлари билан тўғридан тўғри мурожаат қилиши ва аниқ жавоблар олиши мумкин.

Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосарлари - жиноят ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Т.Байзаков, фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси З.Аллабаев ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Ш.Мамадияров Ургут тумани аҳолиси учун сайёр қабул ўтказдилар.

Фуқаролар билан учрашувда вилоят суди раиси ўринбосарлари мамлакатимиздаги бугунги сиёсий-ижтимоий вазият, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида, шунингдек, мазкур сайёр қабулни ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳақида батафсил тушунча беришди. Кейинги йилларда кўплаб ташкил этилаётган сайёр қабулларнинг самарали бўлаётганлиги, одамларнинг муаммолари ечим топаётганлиги ҳақида мисоллар билан гапириб, йиғилганларни сайёр қабулда фаол бўлишга чақирдилар.

Шундан сўнг алоҳида-алоҳида қабуллар бошланди. Фуқаролар ўзини қийнаётган муаммоси юзасидан тегишлилиги бўйича вилоят суди раислари қабулида бўлди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилди.

Ургут тумани, Сариқтепа маҳалласида яшовчи Қ. Бобоқулов судьяликка ўтиш тартиби бўйича мурожаат қилди. Унга батафсил тушунча, йўналиш ва маслаҳатлар берилди. Уй-жой, алимент, нафақа, васийлик ва ҳомийлик каби 30 га яқин мурожаатлар тингланиб, тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.  Шунингдек, аҳолининг суд-ҳуқуқ масалалари бўйитча саволларига ҳам батафсил жавоб берилди.