Суд қандай ахборотларни бермасликка ҳақли ёки фойдаланиш чеклаб қўйилган ахборотлар ҳақида биласизми?

«Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.
Шу боис Олий суд Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарорида ҳам судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинсий, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмаслиги таъкидланган.
Умуман, оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида иш бўйича маълумотлар олиш мақсадида қатнашиши маълумот олишнинг қонуний йўли эканлигини инобатга олиб, уларнинг қонунда назарда тутилмаган асосларига кўра, суд мажлиси залига киришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
Ўз навбатида, юқорида қайд қилинган қарорда тушунтирилишича, оммавий ахборот воситалари муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан башорат қилишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга (босим ўтказишга) ҳақли эмас.
Судья эса суд қарори қонуний кучга кирмаган иш бўйича интервью беришга ёхуд оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.
Шунингдек, қарорда иш муҳокамасини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисида суд асослантирилган ажрим чиқариб, унда процесс иштирокчилари бўлмаган шахсларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг суд мажлиси залига эркин киришига тўсқинлик қиладиган аниқ ҳолатлар кўрсатилиши кераклиги, иш ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисидаги маълумот ҳамма учун очиқ бўлиши лозимлиги, иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши ҳақида суд мажлиси баённомасида ва иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатининг кириш қисмида ҳам кўрсатилади, деб тушунтириш берилган.
Процесс иштирокчиси деганда, жиноят-процессуал қонунчилигига биноан муҳокама қилиш учун тайинланган ишда иштирок этувчи прокурор, ҳимоячи, жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси, шунингдек, судланувчи, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари тушунилади.
Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги ажрим эълон қилингунга қадар процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залидан четлаштирилиши мумкин эмас. Иш муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилиши тўғрисидаги қарор ишни суд муҳокамасига тайинлаш чоғида қабул қилинган ҳолларда, процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залига киритилмайди.
Агар суд томонидан жиноят ишининг муайян қисми ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисида қарор қабул қилинса, процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлисининг шу қисмига киритилмайди.
Процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида қатнашишини чекловчи ёки уларга монелик қилувчи шароит яратилиши ман этилади ва бундай ҳолат процессуал қонун бузилиши, деб ҳисобланади ва қонунда белгиланган жавобгарлик келиб чиқишига сабаб бўлади.
Мазкур қарорда тушунтирилишича, судлар фаолияти тўғрисидаги ахборот умумфойдаланиш учун очиқ ҳисобланади, ахборотдан фойдаланиш қонун билан чекланган ҳоллар бундан мустасно.
Фойдаланиши чеклаб қўйилган ахборотга давлат сирларига доир («Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги қонун, 3, 5-моддалар), қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга доир, масалан, фарзандликка олиш сири, Оила кодексининг 153-моддаси), шифокорлик сирига доир («Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонун 25-моддаси, бешинчи қисми, «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонун 19-моддаси), қонунга асосан фойдаланиши чекланган бошқа ахборотлар киради.
Суд ахборотнинг муайян қисми фойдаланиш учун чекланганлигини сабаб қилиб, талаб этилган ахборотни беришини рад қилишга ҳақли эмас. Бундай ҳолатда ахборотнинг фойдаланиш учун очиқ қисми тақдим этилади.
Қарорда берилган тушунтиришга биноан судлар фаолиятига доир маълумотлар фойдаланувчиларга уларнинг сўровига асосан, яъни оғзаки ёки ёзма шаклда, шу жумладан, электрон ҳужжат кўринишидаги мурожаатига асосан тақдим этилиши мумкин.
Умуман, мазкур қарор суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилинаётганлигини, ишларни очиқ ва ошкора кўрилишида қонунда назарда тутилган истисно этувчи ҳолатлардан ташқари жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан эркин ҳамкорлик ўрнатишнинг кафолати.
Г.НЕГМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани судининг раиси.