Суд раислари олис маҳаллаларда қабул ўтказди

Самарқанд вилояти суди раиси Олим Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиев Пахтачи ва Нарпай туманларида сайёр қабул ўтказди.

Дастлаб вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида тушунча берди. Сўнгра жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.

Алимент, никоҳ, уй-жой, фермерлик фаолияти билан боғлиқ масалаларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратилди, ижобий ечим топишига ҳаракат қилинди.

– Суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ҳамма мурожаатлар ҳам жойида ҳал бўлмайди, – дейди О.Ҳайитов. – Чунки, ҳар бир мурожаат тегишли тартибда, шунингдек, айримлари суд тартибида ўрганилиши керак. Бу эса вақт талаб қилади. Шунинг учун қабулга келган ҳар бир кишининг масаласи шу ерда ҳал этилмаса-да, назоратга олинади ва белгиланган муддат ичида кўриб чиқилиб, мурожаатчига маълум қилинади. Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди.

Қабуллардан сўнг сайёр суд мажлислари ўтказилиб, жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазони ўтаётган 14 нафар фуқаро вилоят суди раисига мурожаати асосида жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилинди.