Суд ва терговда шахснинг хуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари янада кучайтирилди

Мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъи риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида суд ҳокимиятининг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялик тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳм йўналишлари сифатида мустаҳкамланди.

Ўтган давр мобайнида суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, судьяларни танлаш ва жой жойига қўйиш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора тадбирлар амалга оширилди.

Шу ўринда, 2020 йил 24 июлдаги Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, жорий йилнинг 10 август куни “суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора тадбирлари тўғрисида” ги фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада такомиллаштириш мақсадида:

агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш;

агар суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш;

шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида курилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартибини жорий қилиш;

судланувчининг жиноят содир этилишига дахли бўлмаганлиги асоси билан оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсни аниқлаш ва айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун жиноят ишини прокурорга юбориш тартибини ўрнатиш назарда тутилган масалалар юзасидан тегишли қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш назарда тутилган.

Бугунги кунда юртимизда демократлаштириш ҳамда тубдан янгиланиш жараёнлари ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча жабҳаларини  қамраб олган. Мамлакатимизда том маънода фуқаролик жамияти барпо этишнинг қонунчилик базаси изчиллик билан мустаҳкамланмоқда. Бу эзгу ишларнинг барчаси халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётганлиги таҳсинга сазовордир.

Зарифа Ахмедова,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар судининг судьяси.