Судлар фаолияти рақамлаштирилади: Зарурат борми, фойда-чи?
Бугунги кунда судлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида ўтган даврда муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, хўжалик судларида 2014 йил 1 январдан электрон ҳужжат алмашинуви, суд статистикасини юритиш, суд амалиётини таҳлил қилиш ва судлов ишларини юритишда процессуал муддатлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида марказлаштирилган бошқарув платформасидаги электрон маълумотлар базаси (ЭМБ) ишга туширилди.
Мазкур ЭМБлар бир томондан, суд аппаратига (судьялар ва ходимлар) маълумотларни сақлаш, суд ҳужжатларини тузиш ва чоп қилиш ҳамда процессуал муддатлардан унумли фойдаланиш учун ёрдам берса, иккинчи томондан, суд ишининг тўғри, тезкор ва қонуний юритилишини мунтазам назорат қилади. Мазкур ахборот тизимларига, жумладан, ҳар бир суддаги шахсий кабинетга алоҳида электрон рақамли имзо орқали кирилади.
2018 йилдан ЭМБ жиноят, фуқаролик ишлари бўйича ва маъмурий судларда ҳам жорий қилинди.
E-XSUD ва E-SUD форматларидаги ахборот тизимини Олий суд томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Очиқ маълумотлар портали (шу мумладан, барқарор ривожланиш портали), ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорликларни ундириш масалалари бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими, электрон ҳукумат идоралараро интеграциявий платформаси билан интеграция қилинмоқда.
Шунингдек, судларни замонавий суд бинолари билан таъминлаш, суд мажлиси хоналарини зарурий техник воситалар, судлар фаолиятини ёритиб борувчи монитор ва таблолар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Рақамлаштиришдан фойда борми?
Ушбу йўналишда инсон омили камайиб, беҳуда харажат ва вақт йўқотишларнинг олди олинади. Яъни, давлат идораларида иш юритишда электрон хизматлардан қанчалик кўп ва самарали фойдаланилса, аҳолининг мурожаат қилиши шунчалик осонлашади. Бунда мурожаатчининг вақти тежалади ва харажатлари камаяди. Ўз навбатида, мурожаатчи хоҳ у жисмоний ёки юридик шахс бўлсин, хоҳ давлат идораси вакили бўлсин, мурожаат қилиш учун навбатда турмайди, кимнидир кутмайди, турли эҳтимолий асаббузарликлар ва оворагарчиликларга учрамайди.
Иккинчидан, мурожаат қилишда, шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ўзаро ахборот алмашинувида қоғоз маҳсулотлари сарфланишининг олди олинади. Туман (шаҳар), вилоят ва бутун мамлакат кесимида ёки соҳа ва тармоқлар кесимида кун, ҳафта, ой, йил бўйича ҳисоблаб кўрганда сарфланаётган қоғоз миқдори нақадар катта рақамлардан иборатлигини англаш қийин эмас.
Учинчидан, маълумотлар (ахборотлар) билан иш юритишда жой танқислигининг олди олинади. Масалан, давлат ташкилотига қоғозда юборилган мурожаатлар ва улар асосида белгиланган тартибда юритилган ишлар кўп жойни банд қилиши ва турли ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин. Агар мурожаат электрон шаклда юборилса ва давлат ташкилоти томонидан чиқарилган ҳужжатлар ҳам электрон шаклда юритилса, уларнинг барчаси биргина қурилмада (компьютер ва ҳоказо) сақланади. Демак, иш юритиш янада осонлашади ва оптималлашади. Чунки ручка, бўёқ, қалам, штрих, ип ва ҳоказолар ишлатилмайди. Иш жилдлари игна, бигиз, степлер каби воситалар билан тикилмайди.
Тўртинчидан, давлат идораларида иш юритишда электрон хизматлардан, ахборот телекоммуникацияларидан кенг фойдаланилиши соҳага доир процессуал муддатлар ҳақида огоҳлантириб туради. Масалан, иқтисодий судларга мурожаат қилинганда уни кўриб чиқиш учун қанча вақт қолганлиги, ариза суд иш юритувига қабул қилинганда, у қачон, қаерда, соат нечада кўриб чиқилиши, кўриб бўлингач, қанча муддат ичида (қачонгача) тегишли суд ҳужжати ишда иштирок этувчи шахсларга юборилиши лозимлиги ахборот тизимида, яъни электрон маълумотлар базасидан яққол кўриниб туради.
Бешинчидан, ташкилот, муассаса ва идораларда иш юритишда кучли марказлашган назорат ўрнатилади, қонунийлик таъминланади ва эҳтимолий коррупциянинг олди олинади. Буни иқтисодий судлар мисолида кўрсак, туман (шаҳар) суди томонидан олиб борилаётган ишлар, чора-тадбирлар, йўл қўйилган камчиликлар, эришилган ютуқлар – барчаси юқори бўғин суди – вилоят суди, туман ва вилоят судлари томонидан олиб борилаётган ишлар Олий суднинг электрон маълумотлар базасида кўриниб туради.
Олтинчидан, марказланган ахборот тизимларининг жорий қилиниши барча ташкилот ва идоралар учун ўз тизимидаги мукаммал статистикани юритиш имконини бериб, объектив ва реал ҳолатни аниқлаш, ўрганиб, таҳлил қилиш, келгусидаги ҳаракатлар учун режани ишлаб чиқиш учун керак.
Еттинчидан, ташкилот ва идоралар фаолиятидаги ошкоралик даражасининг юқорилиги ҳам ортиб бораверади. Маълумки, ошкоралик ҳар қандай ташкилотнинг адолатли ва қонуний фаолият юритишига бўлган ишончнинг кафолати саналади.
Ҳуқуқий асос етарлими?
Яқин вақт ичида судларда ошкораликни таъминлаш ва мурожаатларнинг қабул қилиниши ҳамда суд ҳужжатларининг ишда иштирок этувчи шахсларга юборилишини такомиллаштириш борасида бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва зарурий техник шароитлар яратилди. “Судлар тўғрисида”ги Қонун, янги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодексини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Мазкур ҳужжатлар асосида иқтисодий судларда ишларни автоматик тақсимлаш каби қоидалар жорий қилинди.
Тўғри, ҳали судлар, жумладан, иқтисодий судлар фаолиятида замонавий ахборот телекоммуникациялари, рақамли технологиялар тўла-тўкис жорий қилинди, деб бўлмайди. Очиғи, бунинг учун судларнинг ахборот алмашинув тармоғи бугунги кун талаблари даражасида модернизация қилиниши керак эди. Ва, бу ислоҳотларнинг бошланиши учун янги бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши лозим эди.
Шу маънода Президентимиз томонидан 2020 йил 3 сентябрь куни қабул қилинган “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор тизимда ислоҳотларни чуқурлаштириш, замонавий иш услубини жорий қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.
Қарорда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш борасида амалга оширилган ишлар қайд этилиб, кейинги босқичдаги вазифалари белгиланди. Муҳими, бу борада тегишли вазирлик ва идораларга зарурий кўрсатмалар берилиб, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Президент Администрациясига ҳар чоракда ахборот бериб бориши ҳам назарда тутилган.
Ўктам МУРАДОВ,
Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси.