Сукут сақлаш ҳуқуқи ёки “Миранда қоидаси” миллий қонунчилигимизда акс этганми?

1966 йил АҚШнинг Аризона штати полицияси ашаддий жиноятчи Эрнест Артуро Мирандани бир нечта оғир жиноятни содир этганликда гумон қилиб ҳибсга олган. Мирандага сўроқ қилинишидан олдин унинг гумонланувчи сифатидаги ҳуқуқлари тушунтирилмагани боис, у ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда айбига иқрорлик кўрсатувларини берган. Унинг кўрсатувлардан эса айбига иқрорлигига исбот сифатида фойдаланилган ва судланган.

Кейинчалик Миранданинг 73 ёшли адвокати Элвин Мур томонидан АҚШ Олий судига шикоят тақдим этилган. Шикоятни кўриб чиққан Олий суд дастлабки суднинг ҳукмини Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмаганлиги сабабли бекор қилган.

Шу тартибда келиб чиққан юридик норма АҚШ суд амалиётида «Миранда ҳуқуқлари», деб ном олган. Бугунги кунда АҚШда ҳар битта полициячи ҳибсга олиш жараёнида гумонланувчи шахсга ҳуқуқларини эслатиб ўтиши шарт: “Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, Сиз давлат томонидан адвокат билан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”.

Бу норма халқаро ҳуқуқда ҳам қабул қилиниб, у «Миранда қоидаси», деб юритилади.

Таъкидлаш лозимки, «Миранда қоидаси»га ўхшаш тамойиллар амалдаги жиноят процессуал қонунчилигимизда қайд этилганди.

Хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 48-моддасига мувофиқ “Гумон қилинувчи: ўзининг нимада гумон қилинаётганлигини билиш; ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш; у ушланган ёки гумон қилинувчи, деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш” ҳуқуқига эга.

Мазкур тамойилнинг турлича талқин этилишининг олдини олиш мақсадида Президентимизнинг суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган фармони имзоланган.

Ушбу ҳужжат билан ушланган шахснинг ҳуқуқлари поймол бўлишининг олдини олиш мақсадида шахс амалда ушланган пайтдан бошлаб, тегишли мансабдор шахс у билан боғлиқ суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишдан олдин ҳимоячи билан холи учрашувни таъминлаши шартлиги ҳақидаги қоида назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, кодекснинг 224-моддаси ҳам жорий йилнинг 14 майидаги қонун билан таҳрир қилинди. Унга кўра, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсни ушлаб туришда қуйидаги тартибларга амал қилган ҳолда ушлаб туришга ҳақли.

Бу ваколатли шахс ўзини таништириши ва ушлаб турилган шахснинг талабига кўра, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши зарур.

Гумон қилинувчига у жиноят содир этишда гумон қилиб ушланганлигини маълум қилиши ҳамда ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши шарт.

Бундан ташқари, ушлаб турилган шахсга у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши ҳамда ушлаб турилган шахсдан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шарт.

Кодекснинг мазкур таҳрири “Миранда қоидаси” тўла-тўкис миллий қонунчилигимизда акс этганлигини кўрсатиб турибди. Бу табиийки, жиноят содир этишда гумонланган ёки айбланган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик имконини беради.

Исматилла ЙЎЛДОШЕВ,

прокуратура фахрийси.