Сумкача

Таксичи Эргаш ишдан қайтгач, “Нексия”нинг эшикларини қулфлар экан, кўзи орқа ўриндиқдаги сумкачага тушди: “Ҳозиргина йўлда тушган аёл унутган бўлса керак, ҳойнаҳой. Зарур ҳужжатлари, керакли буюмлари бўлса, қидириб юрмасин бояқиш аёл!”.

Шу хаёлда Эргаш сумкачани олиб очиб қаради. Паспорт, аллақандай қоғоз ҳужжатлар, пластик карточка бор экан. Манзилини аниқлаб, йўловчи аёлни йўқлаб борди. Дарвозани олтмишни қоралаб қолган аёл очди.

- Келинг, ука, хизмат? – у Эргашга синовчан тикилди.

- Ассалому алайкум, опа, Шоҳида Маматованинг уйи шуми?

- Ҳа, шу, нимайди?

- Машинада сумкачасини унутиб қолдирибди, ўшани қидириб овора бўлмасин деб олиб келувдим...

- Мен қайнонаси бўламан Шоҳидани. Ҳали ишдан келгани йўқ. Менга қолдира қолинг, келса бериб қўяман. Исмингиз нима?

Эргаш исм-шарифи, машинаси рақамини ёзиб, сумкача билан аёлга узатди. Қилган ишидан енгил тортиб уйга қайтди.

Кечқурун телевизор кўриб ўтирганди, ташқарида машина сигнали эшитилди. “Ҳамкасбларимдан бўлса керак”. У чаққон бориб дарвозани очди. Қаршисида ўша йўловчи - Шоҳида турарди. “Миннатдорлик билдиргани келибди-да”, ўйлади Эргаш.

– Келинг, қани, ичкарига марҳамат!

- Раҳмат, - Шоҳиданинг қошлари чимирилиб, важоҳати ўзгарди. – Мен сеникида меҳмон бўлишга зормасман. Қани пулимни чўз!

- Қа, қа...нақа пул, синглим, ҳазиллашяпсизми? – Эргаш довдираб қолди. - Сансирамасангиз бўларди, ҳар қалай ёшим сиздан катта бўлса керак!

- Сумкачада бир миллион сўм пулим бор эди, - Шоҳиданинг таҳдиди кучайди.

- Мен кўрмадим, - деди Эргаш бўшашиб. – Туҳмат қилманг! Пластик карточкангиз бор экан, пулни кўрмадим.

- Туҳмат? Демак, сен пулни олмагансан. Мен туҳмат қиляпман, шундайми? Яхши! Унда бошқа жойда кўришамиз. – У зарда билан кескин бурилиб, келган машинасига ўтириб жўнаб кетди.

Эргаш оёқ-қўли бўшашиб ортидан қараб қолди. Қимирлашга мадори қолмаган эди.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.