Суриядаги АҚШ қўшинлари ўз базаларига қилинган ҳужумга жавобан ўт очишди

Суриянинг Дайр-аз-Зор вилоятининг шарқида жойлашган Американинг ҳарбий базаси ракеталар билан ўққа тутилган ва ҳарбийлар жавоб қайтарган, дея хабар бермоқда "Сурия" давлат телеканали.

Ҳодиса Омар нефть кони ҳудудида содир бўлди. ОАВ манбаларига кўра, ҳарбий самолётлар "ноқонуний базани" қўриқламоқда.

АҚШ коалицияси Суриядаги қуролли кучларига ракета ҳужуми уюштирилганини тасдиқлади, қурбонлар йўқ, дея хабар берди Коалиция вакили, полковник Уейн Маротто Twitterда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ракета ҳужуми маҳаллий вақт билан соат 19:44 да содир бўлган. Шу билан бирга, Маротто Америка ҳарбийлари ҳимоя мақсадида ўқ узганини таъкидлади.

Аввалроқ Пентагон хабар қилганидек, Қўшма Штатлар Ироқ ва Суриянинг чегара ҳудудидаги эронпараст қуролли гуруҳларнинг нишонларига авиазарбалар берди. Бу Ироқдаги "Қўшма Штатлар манфаатларига" қаратилган ҳужумларга жавобан ва таҳдидни бартараф этиш мақсадида қилинган эди, деди Мудофаа вазирлиги. Пентагоннинг таъкидлашича, зарбалар бир неча гуруҳ, жумладан Катаиб Ҳизбуллоҳ ва Катаиб Саййид аш-Шуҳад жангарилари қурол-яроғ омборлари ва операцион объектларга қаратилган эди.

Ўз навбатида, Сурия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу зарбаларни қоралаб, бундай ҳаракатларни Сурия ва Ироқ суверенитетига тажовуз деб атади ва Вашингтонни буни зудлик билан тўхтатишга чақирди.

2014 йилдан бери давлат ҳукумати органларининг рухсатисиз Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Сурияда ўзини Ислом давлати, деб атаган гуруҳга қарши ҳарбий операция ўтказиб келмоқда. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 2016 йилда сайланишидан олдин мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишга ваъда берган ва бу ҳақда 2018 йил декабрида маълум қилган эди. Бироқ, кейинчалик у ҳарбий қисмнинг бир қисмини нефть конларини қўриқлаш учун қолдиришга қарор қилди.

Сурия ҳукумати бу ҳаракатларни истило деб билди. Дамашқ мамлакатда Америка контингентининг мавжудлиги давлат суверенитети ва барча халқаро қоидаларни бузишини бир неча бор таъкидлаган.