Сурхондарёлик ҳокимлар Жомбойда Марказий Осиёдаги ягона боғ фаолиятини ўрганди
Сурхондарё вилоятининг туман, шаҳар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарларидан иборат делегация Жомбой туманида ҳам бўлишди.
Меҳмонлар дастлаб Каттақишлоқ маҳалласидаги “Bog‘bon” ин-витро лабораторияси фаолияти билан танишди. Бу ерда йўлга қўйилган ёнғоқ кўчатларининг замонавий усулда кўпайтириш, ботаник-клонлаш тизими иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.
Навбатдаги манзил Қўнғирот маҳалласида бунёд этилган интенсив боғ бўлди. 2000 гектардан ортиқ майдонда ташкил этилган боғдорчилик комплексида мева-сабзавотларнинг юздан ортиқ тури етиштирилмоқда.
– Ғўбдин этакларида яратилган бу боғ услуб ва ҳажм жиҳатдан Марказий Осиёда тенгсиз, – дейди “Мароқанд мева-сабзавот” МЧЖ директори Меҳрож Файзилов. – Жомбойнинг ўзига хос табиати, минг йиллар давомида шаклланган соҳибкорлик анъаналари соҳа ривожини таъминлаяпти. Етиштирилган маҳсулотнинг асосий қисми экспорт қилиняпти. Аммо тез орада уруғидан то қайта ишлашгача бўлган жараён шу ернинг ўзида комплекс тус олади.
Дарҳақиқат, боғ таркибида 20 минг тонналик улкан музлаткич ишлаб турибди. Жамият аъзоларининг айтишича, етиштирилган мевалар бир неча йилгача сақланиши, сўнг экспортга йўналтирилиши ёки қайта ишлаш корхоналарига юборилиши мумкин. Бунда бир вақтнинг ўзида минглаб тонна маҳсулотни бир ерга жамғариш, узоқ вақт сақлаш имкони мавжуд.
– Жомбой саноатда етакчи туманлардан бири эканидан хабаримиз бор эди, – дейди Қизириқ тумани ҳокими Олимжон Муҳаммадиев. – Ташриф давомида саноатнинг янги тармоқлари фаолияти билан ҳам танишдик. Бу тажрибамиз ошиши, ўз ҳудудимизда янги йўналишлар ташкил этишимиз, янги ғоялар учун ҳам туртки бўлди. Зеро, делегациянинг олдига қўйган мақсад ҳам шу.
Жомбой туман ҳокимлиги ахборот хизмати.