Сув қудуқлари хусусийлаштирилмоқда. Нималар ўзгаради?
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини барча соҳаларда жорий этиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Республикамиз бўйлаб сув хўжалиги объектлари (насос станция, канал ва коллектор-дренаж тармоқлари)нинг 161 таси давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартлари асосида босқичма-босқич хусусий сектор бошқарувига ўтказилди. Уларнинг 46 таси Самарқандда фаолият олиб бораётган хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.
Хўш, сув хўжалиги объектларини хусусий секторга ўтказиш тизим ривожига қандай ижобий таъсир кўрсатади?
Объектларни хусусий сектор бошқарувига топшириш орқали иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий вазифаларни ҳал этиш, хусусий инвестицияларни жалб этган ҳолда, илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, бюджет маблағларини тежаш асосий мақсад ҳисобланади. Шу асосда, вилоятимизда 2020-2022 йилларда жами 40 та лойиҳа ДХШ тамойиллари асосида белгиланган тартибда хусусий секторга ўтказилди.
Хусусан, Булунғур туманидаги «Ғалаба» насос станцияси “САГ агро Булунғур” МЧЖга, Нарпай туман ирригация-мелиорация объектлари ва насос станциялари “Мароқанд сифат” МЧЖга, Каттақўрғон тумани «Мойбулоқ», «Кўкча-1» ва «Кўкча-2» насос станцияси “Амина голд инвест” МЧЖ бошқарувига, Пайариқ, Иштихон, Оқдарё, Булунғур ва Қўшработ туманларидаги 35 дан ортиқ суғориш қудуқлари хусусий сектор бошқарувига берилди.
12 та насос станцияси бўйича қиймати 531946,6 миллион сўмлик, 53,3 километр канал, 277 километр коллектор тармоқлари ва 45 та суғориш қудуғи бўйича битимлар имзоланди. Хусусий шериклар томонидан лойиҳа доирасида жами 52996,3 миллион сўм инвестиция маблағи йўналтирилди.
Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 163,1 миллион кВт (бугунги кундаги электр энергия тарифи билан 130,5 миллиард сўм) электр энергияси иқтисод қилинади. Шунингдек, жорий йил вилоятимизда бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 6 та суғориш қудуғи бўйича битимлар имзоланиб, 9 та суғориш қудуғи бўйича лойиҳалар Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ўрганилмоқда. Иштихон ва Оқдарё туманида амалга оширилиши керак бўлган лойиҳаларнинг маълумотлари тегишли хулоса олиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборилди.
Бундан ташқари, 15 та насос станциясини хусусий секторга бериш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. 4 та насос станцияси лойиҳаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда 5 та насос станцияси лойиҳа ҳужжатлари Сув хўжалиги вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда. Қолган 6 та насос станцияси бўйича хусусий шериклар билан биргаликда лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, Оқдарё ва Пайариқ туманида жойлашган Зарафшон ИТҲБ ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли 6 та суғориш қудуқлари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга топширилади.
Зарафшон ИТҲБ ахборот хизмати.