Сувга масъуллар жавобгарликка тортилди

Бунда 2019 йил ҳосили учун вилоятдаги 9597 фермер хўжалигининг 103 минг 930 гектар суғориладиган майдонларига экилган ғалла парваришида агротехник тадбирларга қатъий амал қилиш, сувдан оқилона фойдаланиш, дала бошига маҳаллий ўғит чиқариш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш сингари масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Назорат тадбирлари давомида Нарпай туман ирригация бўлими муҳандис-гидротехниги  Э.Жўрақулов ўз вазифасига совуққонлик билан қараган ҳолда “Машина” каналидаги тақсимот ҳисобини тўғри юритмаганлиги аниқланди. Ғаллани суғориш учун ажратилган сувни назоратсиз қолдирганлиги сабабли унга нисбатан интизомий  чора қўлланилди.

Ургут тумани ирригация бўлимига қарашли “Наврўз” канали бошлиғи Ш.Халилов каналнинг сув ўлчагич ускунаси йўқлиги сабабли ғалла майдонларини суғориш учун ажратилган сувни белгиланган миқдорда бермаганлиги учун унга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилди. “Янги Ургут”  канали назоратчиси Б.Шералиев ҳам сувни белгиланган меъёрдан кам берганлиги сабабли маъмурий жазо олди.

Сувдан фойдаланиш меъёрларига амал қилмаган ҳамда оби ҳаёт исрофгарчилигига йўл қўйган фермерларга ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Самарқанд туманидаги “Зохидов Хаким неъматлари” (С.Зохидов), “Оҳалик сут маҳсулотлари” (Б.Бекчанов), “Сардорбек агро саҳоват” (С.Зокиров), Нарпай туманидаги  “Нарпай Нозимжон” (Н.Тоғаев) фермер хўжаликлари раҳбарлари ғаллани суғоришда эътиборсизлик  қилгани, ғалла майдонлари ҳудудидаги ички ариқларни тозаламаганлиги ва сув истеъмоли қоидасини бузганлиги учун уларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.

Бундан ташқари Нарпай туман Қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Ж.Шукуров, туман ирригация бўлими бошлиғи А.Раҳимов, “Нарпай оби ҳаёт” сув истеъмолчилар уюшмаси раиси А.Хатамов, “Агрокимёҳимоя” АЖ Нарпай туман филиали мудири Ғ.Янгибоев, “Мароқанд нефтбаза” МЧЖ “Зирабулоқ” филиали бошлиғи Н.Вафоев инспекциянинг Нарпай туман бўлими томонидан соҳада бажариладиган ишлар юзасидан берилган талабларни бажармасдан, маълумомтларни белгиланган муддатларда тақдим этмаганлиги учун уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1973-моддаси билан маъмурий жазо чораси қўлланилди.

  Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 2 нафар масъул шахс  огоҳлантирилиб, 1 нафар шахсга нисбатан интизомий, 33 нафар шахсга маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди.

Абдували ХУДОЁРОВ, инспекциянинг вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.