Сувнинг қадри бор, истеъмолчиники йўқми?

2021 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида Самарқандда ичимлик суви ва оқова хизматидан фойдаланиш қоидалари бузилиш ҳолатлари бўйича судларга 200 дан зиёд даъво аризалари киритилган. Албатта, бу сув танқислиги шароитида ҳали ҳам сувни қадрламаслик ҳолатлари кўп эканини англатади. Аммо... баъзи ҳолатлар борки, сувни исроф этмасдан, ҳужжат борасидаги битта арзимаган хато билан истеъмолчи ёки тадбиркор 100 миллионлаб жаримага тортилиб, хонавайрон ҳолатга келтирилади. Самарқандлик журналист Садриддин Набиев шу ҳақда ўз мулоҳазаларини билдирди:
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари” тасдиқланган бўлиб, мазкур қоидалар ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш марказлаштирилган тизимларидан фойдаланиш соҳасида сув қувурлари, канализация хўжалиги ташкилотлари билан истеъмолчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Кейинги йилларда Самарқанд шаҳрида ичимлик суви ва оқова хизматлари ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволарнинг судларга берилиши ортиб бораётганлиги истеъмолчилар томонидан марказлашган ичимлик суви ва канализация тармоқларига уланиш, улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари кўпайганлигини кўрсатмоқда.
Масалан, «Самарқанд сув таъминоти» масъулияти чекланган жамияти томонидан вилоят иқтисодий судларига 2021 йилнинг 10 ойи давомида “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари”га риоя этилиши юзасидан тузилган далолатномаларга асосан ичимлик суви ва оқова хизмати ҳақини ундириш ҳақида 208 та даъво ариза киритилган. Судлар томонидан 180 та иш кўриб, ҳал этилган. 142 та даъво аризаси қаноатлантирилиб, истеъмолчилардан “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 5 миллиард 732 миллион сўм ундириш тўғрисида ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.
Кўриб чиқилган шу тоифадаги ишларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, низолар аксарият ҳолларда истеъмолчилар марказлашган ичимлик суви ва канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олишлари ва фойдаланишлари, сув ўлчагич асбобларидаги тамғаларнинг сақланмаганлиги, сув ўлчагич асбобларини ўз вақтида қиёслов кўригидан ўтказиш чораларини кўрмаганлиги, тамғаланмаган сув ўлчагич асбобларидан фойдаланилганлиги оқибатида келиб чиқмоқда.
Мисол учун, Самарқанд шаҳар иқтисодий судига даъвогар – “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ жавобгар – Самарқанд шаҳар 107-сон мактабгача таълим ташкилотига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилган. Аризада кўрсатилишича, сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан Самарқанд шаҳридаги 107-мактабгача таълим ташкилотида текшириш ўтказилганда ташкилот марказлаштирилган сув таъминоти тизимига Д-32 мм. пластмасс қувур орқали уланганлиги маълум бўлган. Аммо сув ўлчагич асбоби рўйхатдан ўтказилмасдан фойдаланилгани учун жавобгардан сув ва оқова хизмати учун 324 миллион 111 минг сўм ундиришни сўраган.
Судда МТТдан “Сувоқова” фойдасига 207 миллион 678 минг сўм ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган.
Энди савол туғилади. 107-сон мактабгача таълим ташкилоти, яъни, болалар боғчаси Д-32 мм. диаметрли қувур орқали сув тармоғига уланган экан. Сув ўлчагич асбоби ўрнатган, лекин уни рўйхатдан ўтказмабди. Шунинг учун даъвогар 324 миллион 111 минг сўм ундиришни сўраган. Чунки, юқорида таъкидланган 194-сонли қарорда шундай тартиблар белгиланган.
Энди масалага бошқа томондан қарайлик ичимлик сув ва оқовани қўшиб ҳисоблаганда 59 минг 646 куб метр сув ва оқовани пули бўлади. Болалар боғчасининг айбдорлиги аниқ. Лекин 207 миллион 678 минг сўм тўлаш битта болалар боғчаси учун жуда кўп эмасми? Хўш, бу пулни ким тўлайди, давлат бюджетими ё болажонларми?
Иккинчи мисол. Самарқанд тумани “Mamatkulov sanat savdo” масъулияти чекланган жамияти алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилади. Дўкон ижарага олинган.
Дўконда қўл ювиш учун битта сув жўмраги ва раковина мавжуд. Сувдан фақат маиший мақсадда фойдаланилади. Жамият раҳбарларини Тойлоқ туманлараро судига чақиришди. Маълум бўлишича, “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ тадбиркордан 84 миллион сўм ундиришни сўраб Тойлоқ туманлараро судига мурожаат қилибди. Тадбиркор ҳайрон.
Суд жараёнида маълум қилинишича, 2020 йил 6 февраль куни мазкур савдо дўконида “Сувоқова” ДУК ходимлари томонидан текшириш ўтказилиб, сув ўлчагич асбоби ишламаётганлиги аниқланиб, бу ҳақда далолатнома тузилган. Шунга асосан дўконда сув ҳисоблагич ўрнатилган 2017 йил 7 июндан 2020 йил 6 февралгача бўлган даврда сув ҳисобсиз ишлатилган деб, Вазирлар Маҳкамасининг 194-сонли қарори билан тасдиқланган Қоидаларига кўра ҳисоблаб, 84 миллион сўм зарар етказилган деб хулоса қилишибди.
Тадбиркор бундан бехабар. Унда далолатнома нусхаси ҳам йўқ. Чунки далолатнома тузилганлигини билганида камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиб, ишни судга етказмай ҳал қилган бўлар эди. Бу масала ўз вақтида бажарилса, арзимаган иш бўларди. Чунки тадбиркор 2019 йил январь ойигача ўз вақтида ҳисобот топшириб, тўловларни амалга ошириб келган. Даъвогар эса ҳисоблашни 2017 йил 7 июндан бошлаб турибди. Бунинг устига 2021 йил 4 февралда “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ 01/14-434/79-сонли талабнома билан мурожаат қилиб, 84 миллион сўм қарздорликни тўлашни сўраб мурожаат қилганмиз, лекин жавобгар тўлаш чорасини кўрмади, деб турибди. Тўғри, даъвогар бу талабномани чиқариб, имзо, муҳр қўйиб ўз ҳужжатларига ўз вақтида тикиб қўйгандир. Лекин юқорида айтилганидек, тадбиркор бу талабномадан бехабар. Рақамлар эса эътиборсиз қоладиган эмас, даҳшатга туширадиган сумма! Ахир 84 миллион сўм 24077 куб метр сув, дегани. Ваҳоланки дўкон бир йил (2018 йил) давомида бор-йўғи 30 куб метр сув ишлатган. Бир ойда 3 куб метр, бир йилда 30-36 куб метр атрофида сув ишлатганда ҳам бу салкам 668 йиллик (!) даврга етади. Ёки бошқача айтганда сув ҳисоблагич асбоби бузилганлиги учун салкам ЕТТИ АСРлик сувнинг пулини тўлаш керак бўлади!
Ҳужжатларда сув қувури 20 мм. эканлиги кўрсатилиб, шу асосда ҳисоб-китоб қилинган. Шу фактнинг ўзи ҳам назоратчилар далолатномани савдо дўконида тузганлигини иккинчи марта шубҳа остига қўяди. Чунки, қувурнинг ҳажмини аниқлаш учун уни бир кўриш кифоя. Демак, улар дўкондаги қувурни кўрмаган! Тадбиркор қувур 15 мм.лик эканлигини маълум қилганидан кейин даъвогар қайта ҳисоб-китоб қилиб, сумма 64 миллион 582 минг сўмга қайта ҳисобланди ва суд шуни инобатга олди.
Суднинг 2021 йил 10 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан “Mamatkulov san’at savdo” масъулияти чекланган жамиятидан “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ фойдасига 64 миллион 582 минг сўм ундириш белгиланди. Бу ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 194-сонли қарори билан тасдиқланган қоидалар бирёқлама, монопол ва ўта кескин тарзда ёзилганига ишора қиляпти.
Тадбиркор эса Олий судга шикоят ёзиб, катта умидлар билан кўз тикиб турибди.
Жиноий жазолар либераллаштирилиб, ҳатто, етказилган зарарни қоплаган, айбига иқрор бўлган, қилмишига пушаймон бўлиб кечирим сўраган, қатъий тузалиш йўлига ўтган жиноятчиларнинг жазоси енгиллаштириляпти. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар белгиланмоқда. Қамоқдагилар озод қилинаяпти-ю сув ишлатиш қоидасини озгина бузганлар шафқатсизлик билан жазоланяпти, хонавайрон қилиняпти. Бошқача таъриф бериш қийин!
Бўлмаса, сув сарфидан қизғаниб 15 мм.лик қувур улаган, ойига ўртача 3 куб метр сув ишлатадиган, бир йилда ичимлик сув учун 51120 сўм тўлаб келаётган тадбиркорнинг бўйнига ҳар замонда қўл ювгани учун 64,5 миллион(!) сўм илиб қўйиш адолатданми?
Қашқадарё вилоят иқтисодий судининг аппеляция судлов ҳайъатида кўрилган ишга эътибор қаратинг.
Сувдан фойдаланиш учун Қарши шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Ofset Fayz” масъулияти чекланган жамияти билан “Qashqadaryo suv ta`minoti” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2021 йил 4 январда №000243-сонли шартнома тузилган. Тадбиркор ҳисоблагич ўрнатиб, ҳисоблагични муҳрлаш учун ариза билан Давлат хизматлари орқали мурожаат қилган. Бироқ, метролог ходимларнинг иш ҳажми кўплиги сабабли мурожаат ўз вақтида (суд ҳужжатида шундай ёзилган) ўрганиб чиқилиб, жавоб берилмаган.
Орадан 3 ой ўтиб, 2021 йил 23 мартда “Qashqadaryo suv ta`minoti” масъулияти чекланган жамияти ходимлари келиб текшириш ўтказган ва 20 мм. ичимлик сув қувуридан сув ўлчагич асбоби стандарт муҳри мавжудлиги, аммо сув қудуғи санитария ҳолатига жавоб бермаслиги ва сув ўлчагич асбоби сув таъминоти бўлимининг назорат муҳри йўқлигини аниқлаб(!) 8 миллион 375 минг сўм зарар ҳисоблаган ва далолатнома тузган.
Иш судгача борган. Биринчи инстанция суди “Qashqadaryo suv ta`minoti” масъулияти чекланган жамиятининг даъвосини қаноатлантириб, тадбиркордан 8 миллион 375 минг сўм зарар ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарган. Тадбиркор вилоят судига аппеляция шикояти ёзгач, адолат қарор топиб, зарарни ундириш рад этилган.
Қаранг-а: сув ўлчагич асбоби стандарт муҳри мавжуд бўлган, назорат муҳри учун мурожаат қилиб жавоб ололмаган тадбиркор 3 ойгина 20 мм.ли қувурдан сув ишлатиб “Qashqadaryo suv ta`minoti” масъулияти чекланган жамиятига 8 миллион 375 минг сўм зарар етказиб қўйибди. Бунга ҳам асос ўша 194-қарор!
Бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Ва бу билан қайсидир ташкилотни оқ, бошқасини қора дейишдан йироқмиз. Таъкидлаганимиздек, истеъмолчилар ҳам бутунлай айбсиз эмас. Даъвогар бекорга даъво киритмайди. “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ҳам талаб даражасида ишлаётган истеъмолчиларга ҳеч қанақа эътироз билдираётгани йўқ ва ўзаро ҳамкорликда ишламоқда. Судлар ҳам адолат нуқтаи назаридан хулоса қилишга ҳаракат қилаяпти, бироқ амалдаги қонунчиликдан четга чиқиб бўлмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори қабул қилинган пайтда балки кескин чоралар қўллаш керак бўлгандир.
Замон ва жамият ўзгаришига қараб кодекслар, қонунлар, ҳатто Конституцияга тегишли ўзгартиришлар киритилаётган бир пайтда мазкур қарор қайта кўриб чиқилиши, либераллаштирилиши керак эмасми?
Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳаттоки Жиноят кодексида жазони енгиллаштириш, енгилроқ жазо бериш амалиётлари бор. Иқтисодий жиноятлар тоифасида етказилган зарарлар қопланса енгил жазо тайинлаш, жазодан озод қилиш ҳолатлари бор. Эътибор қилинг, жиноий қилмиш учун енгилликлар бор! Лекин қоидабузарлик саналган ҳолат учун 194-қарорда бирор турдаги енгиллаштиришга имкон қолдирилмаган.
Тўғри, мазкур қарорни бандма-банд таҳлил қилмадик, бу мутахассислар ва ҳуқуқшуносларнинг вазифаси. Балки, баъзи жойларини нотўғри талқин қилгандирмиз. Лекин юқоридаги мисоллар факт!
Айтмоқчи бўлганимиз, жазо ҳам, жарима ҳам, хуллас, ҳар қандай таъсир чораси қилмишга яраша бўлиши керак. Шунда у тарбиявий аҳамиятга эга бўлади.
Садриддин НАБИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.